Матёқуб Матчоновнинг ҳамкасблари сўроққа чақирилган

Иқтисодий жиноятларда айбланаётган таниқли ўзбек кино ва театр актёри Матёқуб Матчоновнинг иши бўйича унинг ҳамкасблари сўроқ қилинмоқда.

Би-би-си манбаълари МХХнинг Юнусобод туманида жойлашган "Гвардейск" ҳибсхонасида сақланаётган Матёқуб Матчоновга нисбатан тергов ҳаракатлари давом этаётганини билдиришди.

Таниқли актёрнинг 4 август куни ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Би-би-сига маълум бўлишича, Матёқуб Матчоновнинг иши бўйича сўроқ қилинганлар орасида таниқли режисёёр, актёрлар ҳам бор. Бироқ улар номларини айтишимизни исташмади.

Матёқуб Матчоновнинг ўғли, укаси ҳам сўроқ қилинган. Шунингдек, фирманинг бошқа ходимлари ҳам ҳибсда ушлаб турилгани, Матёқуб Матчоновнинг "Марса" ширкатига тегишли ташкилотларда ҳам текширувлар бошлангани айтилмоқда.

Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, Матёқуб Матчонов ҳамкасбларининг воқеага муносабати турлича бўляпти.

"Ҳозир ҳамма ўзидан қўрқиб қолган, сўроққа чақирилганларнинг кўпи нима дейман, мен билмайман", деб ўзини тортаяпти, бошқа бири худди эшитмаганга оляпти, чунки шароит шунақа. Лекин бу ачинарли, ҳамкасблари тўғрисини айтганда ҳақиқий ачинмаяпти унга", дейди манбаълардан бири.

Матёқуб Матчонов ҳамкасбларидан бири номини айтмаслик шарти билан Би-би-сига билдиришича, "бошида Матчоновнинг машинасидан гиёҳванд модда топилибди, ушланибди, деган гаплар бўлди. Кейин иш унинг фирмасига боғлиқлиги айтилди. Матёқуб Матчоновнинг "Марса"дан ташқари яна бир нечта фирмаси бўлган".

"Тўғрисини айтганда, санъат аҳли орасида ҳозир фирма очганлар кўп. Бу кўпроқ машҳур санъаткорларга таалуқли. Бир неча кунлаб концерт берадиган санъаткорлар ансамбл номи остида фирмалар очиб, солиқ тўламай юргани маълум. Аслини олганда, Матёқуб Матчоновнинг иши улар орасида ҳеч нарса ҳам эмас бундай олганда. Матчоновнинг участкаси ҳам йўқ эди. Баъзи бирлар давлат пулини ишлатиб, қўша-қўша ҳовли, машиналар олиб, фоизга пул бериб юрганлар бор", дейди микрофонсиз суҳбатда Би-би-си манбаъси.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов ўнлаб филмларда суратга тушган. Ўтган йили унинг иштирокидаги "Сотқин" номли филм экранларга чиққан эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.