Шимолий вокзалда парк қурилиши норозилик уйғотди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Хабарларга кўра, Ўзбекистон темир йўллари ширкати бўлими Ойбек ва Нукус кўчалари кесишган жойда "Локомотив" кичик истироҳат боғини қуришга киришган.

Шу боис, йўл қурилиши хизмати Тошкентнинг Ойбек кўчасининг Туркистон ва Нукус кўчалари кесишуви оралиғидаги қисмини тўсган.

Йўлнинг ёпиб қўйилгани маҳаллий аҳоли, хусусан ҳайдовчиларнинг норозилигини келтириб чиқарган. Ҳайдовчилар бу йўлдан кичик халқа йўлига чиқишда қулайлиги боис фойдаланиб келганлар.

Бундан норози тошкентликлар ижтимоий тармоқларда йўл "президент трассаси"га туташ бўлгани учун ёпилаётганини айтганлар.

"Ажабланадиган жойи йўқ. Агар бир йилдан сўнг яна бошқа жойни, икки йилдан сўнг умуман Горький чорраҳасини, кейин Ҳамид Олимжондаги кўприкни олиб ташланса ҳам ҳайрон бўлмайман. Бу ерда президент трассаси ўтади, унинг ўз сюрприз ва янгиликлари бор", деб ёзади ижтимоий тармоқда фойдаланувчилардан бири.

Биласизми нимага?- дейди Артем Меликов ҳам.- Чунки у трассанинг бурчаги. Кимгадир жудаям ёқмаяпти.

Бизда ҳамма бир киши, унинг қулайлиги учун. Ва бу инсон 27 йилдан бери ўтирибди, дейди Abdufattoh Kamalov.

"Умуман фақат президент трассасини қолдириб бутун шаҳар марказини ёпишсин, атрофни паркка айлантиришсин", деб изоҳ қолдирган бошқаси.

Alexander Ugay: "Халқ арз қилган эдими? Дарахтлар керакмиди? Марҳамат, мана! Ҳаммаси ҳалқ учун" )))

Vladimir Mikulitski: "Дарахларнинг бунга нима даҳли бор, нима сабадан қилинаётгани ҳаммага аён".

Alexander Ugay: "Бу ҳақда гапириш мумкинмасда!:))"

Timur Nazarov: "эндигина ШОС бошланмасидан олдин янги аъло асфалт ётказилган эди".

Эльдар Сайфутдинов: "10-15 йил сабр килиб турсак бу йўл очилади".

Bobur FX: "Яқинда шу йўлни камида 1 млн долларли асфалт қилганди, халқни пулини осмонга учириб ташашвотти, так держат".

Фейсбукдаги "Водители Ташкента" саҳифаси фойдаланувчиларининг фикрича, бундан кейин Шимолий вокзалга яқин кўчалар тирбанд бўлиб кетади, айниқса 94 мактаб олдида тиқилинчлар юзага келиши табиий.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса ушбу ҳудудда янги парк очилишини вокзал атрофини ободонлаштириш билан изоҳлаган. Шунингдек, метро вагонлари қайрилиб оладиган халқани кенгайтириш ва атрофда яшовчилар ва йўловчиларнинг хавфсизлиги, дея сабаб келтирган.

19-август тонгида ёпилган Нукус ва Туркистон кўчалари чорраҳасида махсус техникалар ёрдамида бўлажак фавворанинг ўрни ҳам тайёрлаб қўйилган.

Миробод ҳокими Шарофиддин Қодировга кўра, янги парк кейинги йил 1 апрелгача очилади ва оилавий дам олишга мўлжалланган "яшил ҳудуд" бўлади.

"Президент трассаси"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Fergana.ru

Президент Каримовнинг "Дўрмон"дан Оқсаройгача қатнайдиган йўли "президент трассаси" деган номни олган ва бу трасса 1990 йиллардан буён кўп бор ўзгартирилиб, тинимсиз "хавфсизлик чоралари" кучайтириб келинади.

Бу эса дастлаб Амир Темур хиёбони атрофида, сўнг эски ТошМИ, "Боғи Эрам" боғлари ён-верида яшайдиган ёки ишга қатнайдиганлар учун, бир неча йилдан сўнг эса Ички ишлар академиясига яқин ҳудудлар, ундан кейинроқ эса Шимолий темир йўл станцияси атрофида ноқулайликларни юзага келтирган, инсонларнинг уйлари бузиб ташланган.

Бу ноқулайликлар мамлакат раҳбари учун қулайлик яратаётган мулозимларни ҳеч қачон ўйлантирмаган.

Ўзбекистонда расмийлар ё-да уларнинг амалларидан норозиликни тўғридан-тўғри изҳор этиш имкони йўқлиги сабабли, бу норозилик асосан Интернет ижтимоий тармоқлари орқали билдирилади.

Sergey Alekseev, "Яқинда А пунктидан Б пунктигача ягона бир йўл бўлиб қолади ҳеч қанақанги туташ жойларисиз", дея башорат қилган Фейсбукда.

Sergey Kogayнинг фикрича, "Ҳамма нарса ягона бир ИНСОН учун қилиняпти"...

Ravil Vahidov яна бир тахминни илгари сурган: "Менимча, уларнинг йўллари бизларнинг йўлимиз билан туташиб қолишини исташмаяпти, шекилли".

Alexander Kashubin одамларга ноқулайлик туғдирмаслик учун "антиқа" бир таклифни илгари сурган: "Шу трассани ер тагидан қилишса инсонларга қулайроқ бўлармиди".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook - BBC UZBEK
  • ◾Google+BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾Skype - uzbekbbclondon
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.