Тошкент-Андижон йўналишида поезд қатнови бошланади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Google

'Ўзбекистон темир йўллари' ширкатига кўра, янги қуриб битказилган 'Ангрен-Поп' темир йўли орқали Тошкент-Андижон-Тошкент йўналишидаги илк йўловчи поездининг қатнови 27 августдан бошлаб амалга оширилади.

Поезд 27 август куни эрталаб 8:30 да Тошкентдан йўлга чиқиб, Қамчиқ довони оша Ангрен, Орзу, Поп, Қўқон, Марғилон, Андижон шаҳарларида тўхтаб ўтади.

Ҳаракат тўлиқ йўлга қўйилгунига қадар аҳолига 20 августдан бошлаб, поезд қатнов вақтлари эълон қилиниши айтилган.

Қурилишига хитойлик мутахассислар ёрдам берган 'Ангрен-Поп' темир йўли июн ойининг охирида фойдаланишга топширилган эди. Маълумотларга кўра, темир йўлнинг узунлиги 123,1 км.ни ташкил қилади.

2015 йил Жаҳон Банкининг директорлар кенгаши Ўзбекистондаги Поп-Ангрен темир йўл лойиҳаси учун 195 миллион доллар ажратиш қарорига имзо чеккан эди.

Янги, бошқа бир давлатга кирмасдан ўз ҳудудларини боғлай оладиган темир йўл қурилиши Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари билан боғлайди.

Мазкур лойиҳа Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ва Наманган вилоятининг Поп шаҳрини темир йўл билан боғлаб, водийга элтувчи нақлиёт хизматларини яхшилаши кўзда тутилган.

Поезд 12та йўловчи вагонидан иборат бўлади.

Янги темир йўл 7,6 миллион одамга енгиллик туғдириши режаланган. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнеслар каттароқ бозорларга чиқиши ва даромадларини ошириши мўлжалланади.

Режага кўра, биринчи йил 600 минг нафар йўловчи ташиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонликларга 'перевал' дея таниш бўлган йўл ҳозирда Тошкент ва водийни боғловчи ягона йўлдир.

Айрим мутахассислар миллионлаб доллар сармоя талаб қилган бу каби лойиҳанинг самарадорлигига шубҳа билан қараган эдилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio