Ғаллаорол насос станциясида фожеа юз берган

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Канализация Насос Станцияси ҳудудида юз берган ҳодиса оқибатида бир неча киши вафот этган. Хабарларга кўра, одамлар таъмирлаш вақтида газдан димиқиб ўлганлар.

Фожеадан сўнг бир неча киши касалхонага ётқизилгани айтилмоқда.

"Озодлик" радиосига кўра, қурбонлар сони 10 нафар.

Ҳодиса юзасидан текширув бошланган.

Жиззах вилоят ҳокимлигида навбатчи бўлган ходимнинг Би-би-сига тасдиқлашича, ҳодиса юз бергани ва инсонлар ўлганидан хабари бор. Лекин бошқа тафсилотларни душанба куни аниқлашимиз мумкинлигини билдирди.

Ғаллаорол туман ҳокимлигидан телефон гўшагини кўтарган навбатчи эса бундай ҳодиса содир этилганидан хабари йўқлигини айтди.

Бошқа масъул идораларга қилган қўнғироқларимиз бесамар бўлди.

Хабарларга биноан, ҳодиса 20 август куни Ғаллаорол тумани "Газчилар" қўрғони аҳолисига сув етказиб берувчи насос станциясида сув моторларини таъмирлаш пайти содир бўлган.

Ишчилар чуқурликда жойлашган сув моторларини тўғирлаш учун тушганларида пастда йиғилиб қолган газдан димиқиб ҳалок бўлганлари тахмин қилинади.

Ҳодиса ҳақида расман хабар берилмаган.

Насос станцияси "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси Ғаллаорол Магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio