"Пахта учун пул бермасанг ишдан ҳайдаласан!"

Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси хабар тарқатишича, бу йил ҳам Тошкент шаҳри тиббиёт муассасаларининг ходимлари мажбуран пахта йиғим-теримига сафарбар этилишлари ҳақида огоҳлантирилганлар.

Бу ҳақда Алянс Тошкент шаҳридаги Олмазор ва Мирзо Улуғбек туманларидаги поликлиникалар, санитария-эпидемиология станциялари ходимларига таяниб хабар тарқатганлар.

Фаолларга кўра, бундан олдинги йилларда бўлгани сингари йиғим-теримга масъул бўлган мутасадди шахслар 2016 йилги пахта мавсумини ҳам ноқонуний бойиш даромади манбасига айлантириш ҳаракатларини бошлаганлар.

Хусусан, тиббиёт муассасаси ходимидан агар ўзи пахта теришга чиқмаса, чиқадиган одам учун пул тўлаш талаб қилинмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси бир ташкилотда ҳар бир ходимдан 100 минг сўм, "қора бозор" курси бўйича 15,50-15,75 АҚШ доллари, бошқа бир ташкилотда 200 минг сўм ёки 31,50 доллар беришни талаб қилаяптилар.

Талаб қилинган пулни бермаган ходим ишдан ҳайдалиши ҳақида огоҳлантирилаяпти.

Тошкентдаги айрим муассасаларнинг ходимларига 3 сентябрдан, айримларига эса 5 сентябрдан пахта даласига чиқишга тайёр бўлиб туриш айтилган.

Ўзбекистон ҳукумати пахта хомашёси боис узоқ йиллардан буён танқид қилиб келинади.

Мактаб ўқувчиларининг пахта териш ва ғўза чопиқларига оммавий сафарбар этилиши сабабли ҳукумат халқаро босимлар остида қолди ва бола меҳнати эвазига етиштирилган Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилинди.

Натижада ҳукумат вояга етмаганларни мажбуран пахта йиғишга олиб чиқишдан воз кечди.

Аммо ҳукумат тепасида ўтирганлар ўқитувчилар, ҳамшира ва шифокорлар сингари давлат бюджетидан молияланадиган идора ва ташкилотларнинг ходимларини ёппасига "далага ҳайдаш" сиёсатидан воз кечмади.

Бу сиёсатдан воз кечмагани учун ҳам Ўзбекистонни охирги йилларда замонавий қуллик энг кўп тарқалган дунёнинг беш мамлакати рўйхатига киритмоқдалар, халқаро ҳисоботларда Ўзбекистонда 1 миллиондан ортиқ инсон қул ҳолатига солинаётгани танқид қилинмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати пахтани СССР замонида бўлгани сингари "миллий бойлик", "оқ олтин" деб тақдим этишни хуш кўради.

Лекин бу бойликдан ҳар йили қанча фойда кўрилаяпти ва бу фойда нималарга сарфланаяпти, бу ҳақдаги маълумот ошкор этилмайди.

Пахта етиштирадиган деҳқонларнинг аксари қарздор ва пахта Ўзбек деҳқонини бойитгани йўқ.

1 гектар майдонни эгаллаган ғўза ўрнига бошқа полиз маҳсулоти ёки мева экилганида кўпроқ даромад олиш мумкин.

Йиллар давомида юқори минбарлардан қайта-қайта такрорланганига қарамасдан, Ўзбекистон ҳамон толасини ўзида қайта ишлайдиган эмас, хомашё сифатида сотишни яхши кўрадиган мамлакат бўлиб қолаяпти.

Аксар таҳлилчилар фикрича, миллионлаб инсоннинг йил давомида тер тўкиб қилган меҳнати эвазига етиштирилган ҳосилни четга сотишдан келган фойдани ҳукуматга яқин бир неча ширкатлар раҳбарлари кўрмоқдалар.

Булар қандай ширкатлар ва бу ширкатларнинг раҳбарлари кимлар, Ўзбекистон матбуоти эркин эмаслигидан бу саволлар қўйилмайди ҳам, қўйилган тақдирда жавоб ҳам олиб бўлмайди.

Ўзбекистон ҳукумати ўз халқини қул қилаётгани ҳақидаги хабарларни дунё ҳамжамиятига етказишга ҳаракат қилган фаоллар турли босим ва таъқибларга солинади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.