Тошкентда "Тозалаш-Аксилтеррор" амалиёти давом этмоқда

Тошкент Фото муаллифлик ҳуқуқи Anons.uz

4 июлда бошланган "Тозалаш-аксилтеррор" амалиёти мустақиллик байрами арафасида якунловчи босқичга кираркан, пойтахтда хавфсизлик чоралари янада кучайтирилган.

30 августга қадар давом этиши айтилган амалиётнинг асосий мақсади мамлакатнинг энг муҳим байрами арафасида хавфсизликни таъминлаш экани билдирилган.

Хабарларга кўра, Тошкентдаги нотурар жой бинолари билан бир қаторда расмий байрам тадбирлари ўтадиган кўча ва майдонлар яқинидаги хонадонлар, шунингдек, пойтахтга кириб-чиқаётган транспорт воситалари ва фуқаролар текширилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги вакили Шерзод Раҳимовнинг Қозоғистоннинг 365info.kz нашрига айтишича, милиция ходимлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари биргаликда олиб бораётган текширувлар жараёнида турар-жой ва нотурар жой бинолари, корхоналар ва ташландиқ биноларнинг ертўла ва томлари кўздан кечирилмоқда.

Мулозимнинг айтишича, бу каби амалиётлар "террорчиларга яшириниш учун жой қолдирмайди".

"Шу билан бирга, қонун бузувчилар аниқланиб, профилактик ва тарбиявий ишлар олиб борилмоқда. Автомобил воситалари ва ташилаётган юклар устидан назорат ҳам кучайтирилган", деб айтган Ўзбекистон ИИВ вакили.

Унинг сўзларига кўра, бундан аввал, шу йилнинг феврал-март ойларида ўтказилган тозалаш амалиёти чоғида хорижда узоқ муддат бўлиб қайтган 75 минг фуқаро аниқланиб, улар билан "профилактик суҳбатлар" ўтказилган.

Шунингдек, 1 миллиондан ортиқ транспорт воситалари текширувдан ўтказилган.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида қарор топган амалиётга мувофиқ, бу каби текширишлар чоғида милиция биринчи навбатда паспорт режимини назорат қилади.

Пойтахтда вақтинчалик ёки доимий рўйхатдан ўтмай яшаётганлар аниқланиб, чоралар кўрилади.

Вилоятдан келиб, Тошкентда таълим олаётган, ишлаётган ё-да иш излаётган фуқаролар мамлакат пойтхати амалда ўзлари учун ёпиқлигини айтишади.

Ўзбекистон Конституцияси фуқароларнинг мамлакат ичкариси ва ташқарисида эркин ҳаракатланишини кафолатлайди, аммо амалда ҳукумат фуқаролар устидан қаттиқ назорат ўрнатган.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон пойтахтида фавқулодда хавфсизлик чоралари фақат байрамлар арафасида эмас, балки йил-12 ой амал қилади.

Мустақиллик арафасидаги чоралар эса, кўпчилик назарида умум хавфсизлик билан эмас, балки бир йилда икки марта- Наврўз ва Мустақиллик байрами тадбирларида жамоатчилик қаршисига чиқадиган мамлакат раҳбари Ислом Каримовнинг шахсий хавфсизлиги билан боғлиқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.