Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани қисман ёпди

Чегара

Қозоғистон Чегара Хизмати вакилининг Би-би-сига билдиришича, ўзбек томони 22 августдан Қозоғистон билан чегарада ҳаракатни чеклашини маълум қилган.

Қозоқ томони чегаранинг тўла ёпилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Қўшни давлат Чегара Хизмати вакилининг сўзларига кўра, 4 сентябрга қадар давом этадиган чекланган тартиб фақат автомобил йўлларидаги чегара -ўтиш нуқталарида амал қилади.

Вақтинчалик тартибга мувофиқ, Қозоғистондан Ўзбекистонга қайтаётган ўзбек фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистондан Қозоғистонга қайтаётган қозоқ фуқароларининг ватанига қайтишига рухсат этилади.

Шунингдек, қўлида авиабилети ва шошилинч телеграммаси бор фуқаролар, дипломатлар ва расмий ҳайъатлар аъзолари ҳамда халқаро йўналишда қатновни амалга ошираётган ҳайдовчиларнинг чегарадан ўтишига тўсқинлик қилинмайди.

Шу тариқа Ўзбекистон мустақиллик байрамидан қарийб 10 кун аввал ўзининг шимолий қўшниси билан чегарада ҳаракатни чекламоқда.

Аммо қозоқ тарафининг айтишича, бу ҳақдаги билдиришда мустақиллик байрами сабаб қилиб келтирилмаган.

"Бизга шу-шу муддатда чегарада ҳаракат чекланади, деган нарса айтилади, биз ҳам шунга яраша чораларни кўрамиз. Ҳар доим шундай бўлган", деб айтди Би-би-си билан суҳбатда исми тилга олинишини истамаган Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси Чегара Хизмати вакили.

Аввалроқ Қирғизистон Чегара Хизмати 22 августдан бошлаб Ўзбекистон чегарани вақтинчалик ёпганини эълон қилган эди.

Айни пайтда ҳар икки томон ўзбеклар Ўнгартепа, қирғизлар эса Унгар-Тоо деб атайдиган чегара минтақасидаги зиддиятни ечишга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабарлар олинган.

22 август куни Қирғизистон телеминораси жойлашган баҳсли ҳудудга Ўзбекистон ўзининг 7 нафар қуролли милиция ходимларини жойлаштирган.

Шундан сўнг икки томон музокараларни бошлаганлар.

Икки давлат чегара хизматлари раҳбарлари телефон орқали мулоқотда вазиятни муҳокама этганлари хабар қилинган.

Ўзбек-Қирғиз чегарачилари учрашувидан кейин 13 августда қўлга олинган ўзбекистонлик милиция ходими қўйиб юборилган.

Қирғиз расмийларига кўра, милиционер устидан маҳкама бўлиб ўтган, маҳкама уни айбдор деб топиб жаримага тортиш ҳақида қарор чиқарган.

Шундан кейин у Ўзбекистон тарафига топширилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.