Ўзбекистон Унғортепадаги воқеага изоҳ берди

Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги хабар беришича, Наманган вилояти Чортоқ туман ҳудудида жойлашган Унғортепада ушланган қирғиз фуқаролари ноқонуний бўлганлар.

Ўзбекистон баҳсли ҳудудни ўзиники деб эълон қилган.

"Наманган Ички Ишлар бошқармаси ходимлари 22 августда Унғортепа ҳудудида паспорт режимини текширганлар", деб билдирган Ўзбекистон ИИВ бошқа мамлакат фуқаросини ушланганига изоҳ бериб.

Ҳибсга олинганлар маҳаллий милиция бўлимига олиб кетилган, уларга Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ чора кўрилади, деб қайд этган вазирлик.

Унғортепада Қирғизистоннинг "Кербен" радиостанцияси жойлашган. Олдин хабар берилганидек, 22 августда Ўзбекистон ИИВ нинг бир неча ходими вертолётда келиб қўнган. Станцияда хизмат қиладиган тўрт ходим қўлга олинган.

Қирғизистон бу ҳодисага жавобан қўшимча милиция кучларини юбориш билан жавоб қайтарган. Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев қўшни мамлакат билан келишувни қайта кўриб чиқишни айтган.

"Вақти билан собиқ президентлар ва юқори лавозимда бўлганлар қирғиз ерларини қўшни давлатники деб тан олганлари маълум бўлмоқда", деб айтган Қирғизистон президенти мамлакат ички ишлар вазири билан учрашувда.

Атамбоев шунингдек, Ўзбекистон билан қатор ҳудудий баҳслар орқасидан Қирғизистоннинг халқаро шартномаларини текширишни талаб қилган. Жаноб Атамбоевга кўра, охирги йиллар икки мамлакат ўртасида чегарадаги баҳсли ҳудудлар бўйича бир қанча расмий бўлмаган келишувларга йўл қўйилган.

"Бу ҳужжатлар ратификация қилинмаган, белгиланган тартибда қонуний кучга кирмаган бўлса ҳам, халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ улар барча кейинги келишувлар асосида ётади ва энди мураккаблик туғдиради, Қирғизистон манфаатлари учун натижага эришиш йўлида тўсиқ бўлади", дея таъкидлаган у.

Унғортепа тоғи Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги ўнлаб баҳсли ҳудудлардан бири бўлиб, иттифоқ парчалангач, икки мамлакат ўртасида мураккаб вазиятни юзага келтирди.

Унғортепа тоғи муҳим стратегик аҳамиятга эга, унда ўрнатилган радиоантенна катта майдонга радиосигналларни етказишни таъминлайди.

Айни пайтда Ўзбекистон мустақиллик байрами арафасида Қирғизистон билан чегараларини ёпгани хабар қилинган.

Чегарада вазият

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги баҳсли ҳудудларда юз берган томонлар бир-бирини айблаган сўнгги ҳодисалар ортидан вазият барқарор қолаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарани қўриқлаш хизматлари расмийлари 22 август куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ақсу туманидаги Мамай деган жойда учрашганлар.

Хабарларга кўра, Қирғизистон тарафи нега Ўзбекистон баҳсли ҳудудга қуролли Ички ишлар вазирлиги ходимларини жойлаштиргани сабабини сўраганлар.

Ўзбекистон расмийлари эса бундан олдин Қирғизистон томонидан қўлга олинган милиция ходимини бўшатишни талаб қилган.

Маълум бўлишича, 13 август куни Ўзбекистон Косонсой сув омбори деб биладиган, Қирғизистон эса ўзининг Орто-Токой сув омбори деб айтадиган сув ҳавзасини қўриқлаётган Косонсой туман милиция ходими Қирғиз расмийлари томонидан қўлга олинган.

Қирғиз тарафи косонсойлик милиционерни ноқонуний чегарадан ўтишда айблаган.

Ўзбек-Қирғиз чегарачилари учрашувидан кейин 13 августда қўлга олинган ўзбекистонлик милиция ходими қўйиб юборилган.

Қирғиз расмийларига кўра, милиционер устидан маҳкама бўлиб ўтган, маҳкама уни айбдор деб топиб жаримага тортиш ҳақида қарор чиқарган.

Шундан кейин у Ўзбекистон тарафига топширилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.