Тошкентдан Бухорога тезюрар поезд юрди

"Ўзбекистон темир йўллари" ширкатига кўра, 25 августда Тошкент-Бухоро тезюрар "Афросиёб" поезди ҳаракати йўлга қўйилган.

Тезюрар поезд илгари 8 соат кетган масофани 3 соат 20 дақиқада босиб ўтади.

Бу йўналишдаги йўлнинг узунлиги 259 кмни ташкил этади. 16 ой муддатда қуриб топширилган ушбу лойиҳага 400 млн АҚШ доллари сарфланган.

Лойиҳа доирасида "Мароқанд-Навоий" йўлида таъмирлаш ишлари ўтказилиб, янги темир йўл ётқизилган.

Электрпоездларни узлуксиз энергия билан таъминлаш учун электрстанциялар қўшимча замонавий воситалар билан қайта жиҳозланган.

Қурилиш ишларига 220 та замонавий техника жалб қилингани, 500 км йўлга метал тўсиқлар ўрнатилгани айтилган.

Каттақўрқон шаҳрида бир вақтда 100 йўловчига хизмат кўрсатадиган янги вокзал биноси фойдаланишга берилган. "Бухоро" вокзалининг эски биноси бузилиб, ўрнига 300 йўловчини қабул қилишга тайёр янгиси очилган.

Расмийлар шу пайтгача оддий поездда босиб ўтилган масофа икки баробарга қисқарганини қайд этганлар.

"Афросиёб" поезди қатновининг бошланиши Мустақилликнинг 25 йиллигига аталган.

Бундан олдинроқ 'Ўзбекистон темир йўллари' ширкати янги қуриб битказилган 'Ангрен-Поп' темир йўли орқали Тошкент-Андижон-Тошкент йўналишидаги илк йўловчи поездининг қатнови 27 августдан бошлаб амалга оширишини маълум қилган эди.

Бошқа бир давлатга кирмасдан ўз ҳудудларини боғлай оладиган темир йўл қурилиши Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Фарғона водийсини Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари билан боғлайди.

Президент Ислом Каримов фармонига кўра, «Ангрен - Поп» электрлаштирилган темир йўл қурилиши бошлиғи Эркин Умматов "Ўзбекистон қаҳрамони" унвони билан тақдирланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.