Блог: "Жим туринг, шовқинламанг..."

Ўзбекистондаги қишлоқ Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

Мақтамоқчи эмасман, аммо танқид ҳам ёзмоқчи эмасман. Зеро, мақтов ҳам, танқид ҳам реалликни бўяб ва эгри кўрсатишдан бошқа нарса эмас. Телевизор ёки радио, газетада мақтовларни кўриб, эшитиб, ўқиб қолганимда, афсунга дуч келганимни, аниқ ҳис этаман. Мақтаётган маддоҳликдан ҳам юқорилаб кетди, у энди афсунгарга айланди, чунки реалликни инсон учун ҳар хил ёқимли рангларга бўяб кўрсата бошлади. Ёки интернетдаги танқидларни ўқиб қолсам, жодуга дучга келгандай бўламан. Танқидчи муаммо қошида довдираб - ечим қидирмай сўконғичга айланди. Бу ҳам иш бермади(иш ҳам бермасди), лаънатлай бошлади, жодугарга айланди. Ва ҳоказо…

Гўё, 25 йилда ичда ва ташда афсунгарлар ва жодугарлар армияси етишиб чиқти, камолга эришди. Афсунгар афсуни, жодугар жодуси таъсиридан қутулиш учун одам қадами етмас ўрмонда яшаш керак. Лекин бу қийин масала. Яхшиси, илон пўст ташлагандай, мушоҳада қилиб яшаш керакдир. Бизда ҳали руҳий муаммо учун психологга бориш унча урфга кирмади. Психологларимиз ҳам ҳали афсуну-жоду ичидан ҳаётга боқадиган ўзимиздан.

Беш карра беш йигирма беш, айтишга осон! Бу вақт ишида Жорж Буш, Билл Клинтон, кичик Жорж Буш, Барак Обама АҚШ давлатига президент бўлди. Яқинда ёки Ҳиллари Клинтон ёки Доналд Трамп президент бўлади, қойил. 25 йил ичида, Худо хоҳласа, бешта президентлик даврини кўряпмиз. Океан орти сайловчисининг ботинида вақт-маконнинг янги қирралари очилишини назарда тутсак, Америка сайловлари қизиқ жараён, диннинг замонавий кўриниши десак ҳам янглишмаймиз. Сайлов жараёни Моҳият ила муомала этишнинг охирги 100 йилликдаги янги шаклига айланди.

Айтмоқчи, кўриниш ҳақида. Собиқ СССР кўриниш муаммосини охирги 100 йилликда энг юқори нуқтага чиқарганди. Демак, мақтов ёки танқид атрофни эгри-бугри кўрсатаркан. Масалан, 1937 йилги воқеаларни эсласак, ёки бошқа воқеаларни эслаймиз, 1991 йил ялт этган ёруғлик ичимиздаги ва ташимиздаги кўриниш пуч эканини исботлаб берди. Реал дунёда яшамаган эканмиз, умримиз пуч ўтиб кетибди, дедик. Агар шундай мушоҳада юритсак, СССР бошлиқлари Бош афсунгар ёки Бош жодугар бўлиб чиқади. Масалан, СССР Бош жодугари ўртоқ Сталин ёки Бош жодугарни фош этган ўртоқ Хрушёв кейин Бош афсунгарга айланди. Кейин ўртоқ Брежнев пайдо бўлди, 25 йил ичида коммунизм қурамиз деб афсун қила бошлади. Ва ҳоказо…

Беш карра беш йигирма беш дегандай мустақиллик жараёнига 25 йил бўлибди, вақт тез ўтиб кетгандай. Ҳамма шундай дейди, вақт тез ўтиб кетмоқда, деб нолиймиз. Одамнинг ички макон-вақт ўлчамларида фикр пайдо бўлмаса, шунақа бўлади, деб одамшунослар бизга тушунтириш беради. Худди олтин топгандек, шошиб қолдикми, мухолиф фикрдаги партиялар кўч-кўронини олиб чет элга сайёҳлардек чиқиб кетди. Улар реалликни бўяб танқид билан шуғуллана бошлади. Ичкари бўм-бўш бўлиб қолди, Ҳайбаракаллачилик билан шуғуллана бошладик. Чунки, мақтовнинг асоси ҳам бўлиши керак. Ҳайбаракаллачилик бир вақтлар СССРнинг мотори-жони бўлиб хизмат қилганди. Муаммоларни ҳайбаракаллачилик билан ечишга ўргандик.

Мақтамайдиган ҳам, лекин танқид ҳам қилмайдиган интеллект, зиёли қатламга фикр айтиш минбари қолмади, шекилли. Мақтамайдиган ёки танқид қилмайдиган интеллектуаллар эгоцентристик кайфиятга чулғанди. Мамлакат ичида ўзларини бегона ҳисоблай бошлашди. Масалан, "Прописка"синдроми вилоятдан келган интеллектуал, зиёли ёшлар онгида Тошкент шаҳрини давлат ичида давлат деган сарказмни пайдо қилди. Улардаги умидбаш руҳни сўндирди. Атроф-муҳит ва жамият тараққиётига бефарқлик зиёлиларнинг фикрлаш тарзига айланиб улгурди. Ҳайбаракаллачилик: мақтов ёки ёмонлаш билан ҳар қандай муаммони ечишга, бартараф этишга ўргандик. "Хоин", "Сотқин", "Кўролмас", "Ваҳҳобий", "Маддоҳ", "Шукрчи" ва бошқа сўзлар "бренд"га айланди.

Нигилизм ашулачилар, адабиётчилар орқали, айниқса киночилар орқали ҳаётимизга янгидан кириб келди. Кириб келди эмас, жамиятдаги тушкунлик санъат орқали юзага қалқиб чиқти. Зеро, психологик-маиший - "хонтахта" шакл нигилизмнинг аломати ҳисобланади. Турли хил фикр билдириш эркинлигини маиший ҳаётнинг биринчи планга чиқиб олгани компенсация қилди. Тўй ҳашамларига жиддий эътибор беришимиз, катта маблағ сарфлашимиз каттаю-кичикнинг мақсадига айланди. "Қуш уясида кўрганини қилади"ганга ўхшаш урф-одатларни замонавийлаштирдик. Ваҳоланки, тўю-ҳашам чойхоналар бир вақтлар тараққиёт ва янгиликка тўсиқ қўйилгани ўрнига пайдо бўлганди. Гўё тарих такрорланяпти.

Сервантес "тарих ҳақиқатнинг онаси" дейди, биз эса она тарихни "зўрлаяпмиз"- ундан ўрнак олмоқчи бўламиз: уни нусхама-нусха замонга кўчирмоқчи бўламиз. Гўё ўликни қайтадан тирилтирмоқчи бўлган девонага ўхшаймиз. Аксинча, она тарихнинг иши янгилик, фикр туғиш эди.

Одам ишлаб чиқарувчи ҳисобланади, масалан, у умри мобайнида фалон кг соч толасини ўзи хоҳламаган тарзда ишлаб чиқаради. Шунингдек, тараққиёт ҳам унинг ботинидан ўзи хоҳламаган тарзда ҳам, аввал мушоҳада, фикр шаклида юзага қалқиб чиқади. Ғарб қонун маданиятидан нусха кўчирдигу, у яна ишламайди. Файласуфлар жамият ботинидан туғилган фикр, қонунгина ишлаб чиқарувчи бўлади, эффект беради, нусхалар эса одамни тирик ўлдиришади дейишади.

Жамиятда ботин билан боғланадиган шарт-шароит яратилиш керак. Жамиятдаги конструкция, муносабатлар аксинча Реалликни эгри-бугри, бўяб қабул этишга хизмат қилмаслиги керак. Реаллик билан боғланмай туриб аксинча, ўртада пардалар қилдик. Эркин мушоҳада қилиш салкам жиноятга айланди. Мушоҳада этмай-меҳнат қилмай қўйганимиздан руҳиятимизда макон-вақт қисқариб, торайиб кетди. Шундан сал фикрлай бошласак руҳиятимиз васваса қўзғайдиган бўлди.

Реаллик мақтов ҳам, танқид ҳам эмас, аммо атрофда бўлаётган мақтов ҳам танқид ҳам реаллик. Фақат ҳамма гап, мушоҳада этиб фикр кўзи билан реалликни кўришда! "Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқ.."қан мутаффаккир шоир Чўлпон бундан 100 йилча олдин ташбеҳ билан жамият ботинини реал тасвирламоқчи бўлади:

"Жим туринг, шовқинламанг, уйқу ичида ул пари…"

Чўлпоннинг бу мисраси ҳозир ҳам актуаллигини йўқотмагандай…

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.