Президент Каримов саломатлиги ёмонлашган

Prezident Islom Karimov Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Давлат назоратидаги Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги хабар тарқатишича, Президент Ислом Каримов стационар даволанишда.

"Мутахассисларнинг фикрига кўра, тўлиқ тиббий кўрик ва даволаниш жараёни учун муайян вақт талаб этилади", дейилган Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг номидан тарқатилган хабарда.

Айни вазиятда Ўзбекистонда қандай йўл тутилиши кўпчиликни қизиқтиради.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 96-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилади, бунда уч ой муддат ичида "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилади.

Қонуннинг 97-моддасига кўра, ваколати тугаши муносабати билан истеъфога чиққан Президент умрбод Сенат аъзоси лавозимини эгаллайди.

Ўзбекистон ҳукуматининг хабарида Президент Каримов соғлиги ёмонлашгани сабаби айтилмаган.

27 август куни Интернет социал тармоқларида 78 ёшли Президент Ислом Каримов инсулт бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бундан олдинги йилларда ҳам Президент Каримовнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган, лекин расман бу ҳақда эълон қилинмаган.

1 сентябр куни Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланади.Байрам арафасида Президент Каримовнинг Тошкентда қурилган янги бино ва кўприкларни "очиб бериши" анъанага айланган ва байрам тантанасида табрик билан чиқар эди.

Бу гал байрам тантаналари қандай ўтказилиши номаълум қолмоқда.

Айни вақтда Ўзбекистон телевидениесидаги дастурларда катта ўзгариш сезилмаган. Фақат "Таҳлилнома" дастури Вазирлар маҳкамасининг президент соғлиги тўғрисидаги мурожаати билан бошланган.

Маҳаллий ахборот агентликлари ва интернет сайтлари ҳам расмий хабарни чоп этиш билан чекланишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.