Президент Каримовнинг ҳақиқий аҳволи номаълум қолмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи vesti.ru
Image caption Ўзбекистон ҳукумати давлат раҳбарининг соғлиги ҳақида биринчи марта хабар тарқатган

Вазирлар Маҳкамаси Ислом Каримовнинг "стационар даволанишда" экани ҳақида расмий хабар тарқатганидан қарийб 24 соат ўтиб, 78 ёшли Президентнинг аҳволи қанчалик жиддий экани номаълумлигича қолаётир.

28 август куни тарқатилган хабарда мамлакат раҳбари йўлиққан хасталикнинг табиати ва муолажа ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Шанба куни мухтасар расмий хабар давлат ахборот агентлиги UzA сайтида чоп этилганидан бир неча соат ўтиб, янада қисқартирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг расмий билдиришидан "мутахассисларнинг фикрига кўра, тўлиқ тиббий кўрик ва даволаниш жараёни учун муайян вақт талаб этилади" деган жумла олиб ташланган.

Унинг ўрнида "мутахассисларнинг фикрига кўра, тўлиқ тиббий кўрик зарур" деган жумла қолдирилган.

Айни хабар шанба куни кечқурун Ўзбекистон давлат телевидениеси 1-каналининг "Таҳлилнома" дастурида ҳам ўқиб эшиттирилган.

Бу Ўзбекистон ҳукуматининг давлат раҳбарининг соғлиги ҳақида биринчи марта хабар тарқатиши.

Бундан аввал президентнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар вақти-вақти билан мухолифат нашрлари ва хориж матбуотида пайдо бўлган, аммо ҳеч қачон расмий манбаълар томонидан тасдиқланмаганди.

Вазирлар Маҳкамасининг хабари Президентнинг 26 август, жума оқшоми инсульт ёки юрак хуружини бошдан кечиргани ҳақида Би-би-сига ҳам етиб келган тасдиқланмаган хабарлар ортидан пайдо бўлган.

Тасдиқланмаган хабарларга биринчи бўлиб ўрин берган Fergananews нашри ўз манбаъларига таяниб, россиялик кардиохирург Лео Бокериянинг Тошкентга учиб келгани ҳақида ҳам хабар тарқатган, аммо кейинроқ таниқли шифокорнинг ўзи Interfax агентлигига бу хабарларни рад этган.

Айни пайтда Президент "стационар даволаниш" учун ётқизилган Тошкентдаги ҳукумат шифохонаси хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олингани, шифохона ва "Кўксарой" номи билан билинган Дўрмондаги Президент қароргоҳи атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани ҳақида хабарлар олинган.

Би-би-си суҳбатлашган пойтахт яшовчилари шаҳарда ҳаётнинг одатдагидек давом этаётгани, аммо одамларда мавҳумликдан хавотир борлигини айтишмоқда.

Мустақиллик байрами арафасида Тошкентда хавфсизлик чоралари шундоқ ҳам кучайтирилган, пойтахт милицияси "Тозалаш-Аксилтеррор" амалиётини олиб бораётганди.

Шу тариқа Ўзбекистон тарихида биринчи марта мамлакатнинг энг муҳим байрами-Мустақиллик куни тантаналари Президент Ислом Каримовнинг иштирокисиз ўтиши кутилмоқда.

Мустақилликнинг 25 йиллигига бағишланган расмий тантаналар ҳар йилгидек куй ва қўшиқлардан иборат бўладими ёки президентнинг соғлиги муносабати билан байрам дастурига қандайдир ўзгартиришлар киритиладими, ҳозирча номаълум.

Ўзбекистонни 1989 йилдан буён бошқариб келаётган Ислом Каримов сўнгги бор 2015 йилда беш йиллик яна бир муддатга қайта сайланган.

Мамлакатнинг амалдаги Конституцияси президент истеъфога чиққач, унинг дахлсизлигини кафолатлайди ва умрбод сенатор лавозимида қолишини назарда тутади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.