'Каримов жонлантириш бўлимида ётган бўлса мамлакатни ким бошқармоқда?'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Президент Ислом Каримовнинг соғлиғи борасидаги расмий ўзбекзабон хабар ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирди.

Каримов соғлиғи борасида ижтимоий тармоқларда қолдирилаётган фикрларнинг кўпчилиги ҳар қандай авторитар бошқарувчининг соғлиғи ёки ўлими борасидаги билдирилган муносабатларга ўхшади.

Ўзбекистон президентининг соғлиғи ёмонлашгани борасида расмий хабар чиққанига қарамасдан фикр қолдирувчилар орасида ушбу хабарга ишонмаганлар чиқди ва бошқаларни ҳам бу каби "миш-мишларга" ишонмасликка чақиришди.

Айниқса, бу борада эстрада юлдузлари жонбозлик кўрсатишди.

"Ҳар хил гап сўзларга қадронларим ишонманглар. Юртбошимиз соғ саломатлар, ҳар хил гап гапирмасдан ҳаммамиз дуо қилайлик", - деб ёзади Муниса Ризаева.

Райҳон Ғаниева, Шаҳзода ва Манзура каби эстрада хонандаларининг ҳам Instragram саҳифасида қолдирилган изоҳлари "миш -мишларга ишонманглар" жумласи билан бошланади ва Каримовга саломатлик тилаш билан якунланади.

Фикр қолдираётган фойдаланувчилар юртбошига саломатлик тилаган ва айримлар ўз муҳаббатини шеърий мисралар орқали ифода этган.

Президентнинг иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаева ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Ислом Каримовнинг миясига қон қуйилгани ҳақидаги хабар қолдирганидан сўнг ушбу хасталикка нисбатан қизиқиш кучайган.

Фейсбукда Лола Каримованинг отаси ҳақида берган маълумотига изоҳ қолдирганлар Президентга узоқ умр тилаганлар.

(Изоҳларнинг аксарияти таҳрирсиз берилмоқда)

Abduvali Nematov деган фойдаланувчи "Аниқлик киритганингиз учун раҳмат. Отамизни соғайиб кетишини тилаб қоламиз", дейди.

"Мияга қон қуйилишидан кейин нима бўлишини уч кишига телефон қилиб сўрадим. Яхши қаралса инсон бемалол тузалиб кетаркан", - дейди твиттер фойдаланувчиси.

Khojiakbar Tojiev : Худо хоҳласа, мустақиллигимизни 25 йиллигига ўзлари бош бўладилар, мана кўрасила. Оллоҳдан шифо сўрайлик, деб ёзади.

Аллоҳим ўзи асрасин биз ёшлар бу юртни бобожонимизсиз тасаввур қилолмаймиз. Тезроқ оёққа туриб биз ёшларга йўлбошчи бўлсинлар, дея тилак билдирган Малика Имомова.

Юрт бошимиз омон бўлсинлар. 100 ёшликларини нишонлаш халкимизга насиб қилсин Оллох шифо берсин!- дуо қилади Dilorom Dilya.

Оббо, бирор жойга кетаётиб касалхонага қараб қўйган бўлса, шундаҳам отамизни касалга чиқариш, э товба, дейди Sarvar Botirov.

Munisa Abdujabbarova: Худо хоҳласа, бизнинг ОТАМИЗ ХУРМАТЛИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ МУСТАКИЛЛИГИМИЗНИНГ 25 ЙИЛЛИК ТУЙИДА энг чиройли нутқларини сўзлайдилар. ИНШААЛЛОХ Кулоч ёзиб Халкимизни шод этиб БАЙРАМ МУБОРАК дейдилар.. деб тилак билдиради.

Lola Axmatova: Бутун халқ юрт бошимиз хақларига дуо қилмоқда. Илоҳим соғ саломат бўлсинлар. Юртимизга халқимизга бош бўлиб юрсинлар.

Nargiz Kurbanova.: Худо холаса, Юртбошимизга хеч нарса болмайди...Бардам болинг Ислом Ота. Сиз буни енгасиз.

Guzal Umarovaга кўра, "ўтган йиллаям шунақа гап тарқатилганди мустақилликдан олдин. Юртбошимиз соғ бўлсинла".

Изоҳлар орасида салбий мазмундагилар бошқа фойдаланувчилар томонидан танқидга учраган. Бировга ўлим тилагунча ўзингга умр тила, қабилидаги изоҳларни кўриш мумкин.

Fayzullaev Alyosha: Одамларга нима бўлган, ҳайронман. Шунча йилдан бери қириб, ўлдириб, золимлик қилган одамга умр сўрашяпти, эй озгина бўлсаям оч кўзларингни, мазмундаги изоҳига

Yulduz Olloyorovna: Одамга инсоф керак, уялмйсилами ҳар хил гапларни ёзишга. Илоҳим умрлари узоқ бўлсин, жавоб қайтаради.

Бундан ташқари, Конституция бўйича Ўзбекистон Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг ваколатлари вақтинча Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилиши кераклиги тўғрисидаги хабар, Ўзбекистон Сенатининг Раиси Ниғматилла Йўлдошев сурати остида ҳам изоҳлар қолдирилган.

Жумладан, Toshmat Eshmatov: Ҳа бу одамни тепиб ҳайдаворишади , деб ёзса,

Gulombek Sherbekov: конституцияни кўрмаяпсанми ўқи олдин ёзилганларни, маслаҳат берган.

Отамизнинг ўзи бу муаммони соғайгач, ҳал қилади, дейди Abduvali Nematov.

Eleanora Olimova: Бошқаси керакмас. Бобожон илтимос. Ҳаёт учун курашинг бизларга кераксиз. Эй оллоҳим нима сўрасам бердин, шукроналар айтаман. Ёлвораман юрт бошимни умрини қисқа қилиб қўйма.Улар бизга керак. Биз кимга суянамиз, бобомиздан кейин ким келади яхшими ёмонми бизга қоронғи. Бобомизни дардини енгил қил. Мустақиллик байрамимизга ўзлари бош бўсинла.

Botirjon Berk Botirov: Ҳозир ўзбек халқи фақат дуо қилиши керак. бошқа чора йўқ. Нега деганда ёш 78. Йўл ярмисини ўтиб бўлдилар. Шунинг учун Дуо қилиш керак. Президент бўлиб қолмасалар ҳам тирик қолсалар ўша етиб ортади.

Ali Bey O'zbekiy: ББС инсулт деб ваҳима қимела оддий личения. У киши хам инсон. Хали 100 га кириб хам мустакилликни 50 йиллигини нишонлаймиз биргаликда.

Рано Саидмурадова: Худо хохласа согайиб, байрамниям очадила, бино ва куприкланиям очиб берадила!!! ИНША-АЛЛАХ!!!

Бахром Абдурахимов Хеч бир инсонга ўлим тиламаган ҳолда шуни айтаманким : -Барчаси Оллохдандир ! Барчамиз ҳам ўлим ХАҚ бандаларидирмиз! Ушбу хабарлар қанчалар рост ё ёлғон, буни вақт кўрсатади ! Аммо мени ёзишга мажбур этган холат шулки, ўтган асрнинг 52 йилида Сталин бандаликни бажарга вақтда ҳам, аввалоси ; -Сталин ўлмайди, у 100 йил яшайди, дейишган, Сталиннинг ким бўлганлиги аниқланганидан кейин эса ҳаммадан кўпроқ унинг ортидан иғво-фасод қилиб тош отиб қоралаганлар... Нахотки, орадан 60 йил ўтган бўлсада, биз ўзбеклар ҳали-хануз лақмалик балосидан қутула олмаган бўлсак ?

Бу дунёда ҳамма меҳмон. Тупроқ устидаги ҳар нарса бир кун тупроқ бўлиши бор. Инсонлар одам атодан, одам эса тупроқдандир, деб хулоса қилган Ayyub Anvar.

Ким бошқаряпти?

Мамлакатда бўлаётган жараённи таҳлил қилиш ва энди нима бўлишини тахмин қилаётган қатлам ҳам бор.

Уларнинг айримлари Каримов соғлиғи борасида тўлиқроқ хабар расмий манбалардан эмас, балки унинг қизи Лола Каримова-Тиллаева саҳифасида чоп қилинганидан норозилик билдирган.

Уларга кўра, Каримов мамлакат раҳбари бўлгач унинг соғлиғи борасидаги ҳар қандай ахборот жамоатчиликка ошкор қилиниб бориши керак ва бундай ҳолатда шахсий ҳаёт дахлсизлиги каби иборалар Президент Каримовга нисбатан қўлланилмайди.

Президент ваколатини топширганидан кейингина шахсий ҳаёти деган атамалар йўл очилади, дейилади изоҳларда.

"Агар Каримов мия қон қуйилиши ташхиси билан жонлантириш бўлимида ётган бўлса, мамлакатни ким бошқармоқда", - дея сўрайди Салах Ад Дин Усманов.

Бироқ бу каби саволларга расмий манбалардан ҳеч қандай изоҳ берилмаётир.

Қозоғистонлик ижтимоий тармоқ фойдланувчилари ҳам Каримовнинг соғлиғи борасидаги хабарларга бефарқ бўлмаган.

Ушбу изоҳларда асосан Ўзбекистондаги ҳолат Қозоғистон учун дарс бўлиши кераклиги ва мамлакат тақдири бир одамга боғлаш нотўғри эканлигидан яна бир хулоса чиқариш кераклиги айтилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.