Би-би-си манбаси: Каримов ҳануз реанимацияда қолмоқда

Ислом Каримов Фото муаллифлик ҳуқуқи vesti.ru

Би-би-си манбасига кўра, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг вафот этгани ҳақидаги матбуот хабарлари ҳақиқатдан йироқ.

Ишончли манбанинг таъкидлашича, 78 ёшли Ислом Каримов ҳануз Тошкентдаги шифохонанинг реанимацияда бўлимида қолмоқда.

Душанба куни эрталаб Президентнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева Instagram даги саҳифасида отасининг ўтган дам олиш кунлари мияга қон қуйилиш ташхиси билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берганди.

Би-би-си қўлга киритган маълумотларга кўра, ўтган вақт мобайнида Ислом Каримовнинг аҳволида сезиларли ўзгариш кузатилмаган.

Лола Каримова шифокорларга иқтибосан отасининг аҳволи "стабил" экани, аммо унинг "келажакдаги соғлиги борасида тахмин қилиш қийин"лигини айтган эди.

Душанба куни кечга яқин Fergananews агентлиги ўз манбаларига таяниб, Ўзбекистон раҳбарининг шифохонада ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар тарқатган.

Агентлик хабарида Президент Каримовнинг Тошкент вақти билан 15-16 орасида вафот этгани айтилган.

Кейинроқ Ўзбекистон Президенти девонидаги манба ушбу хабарларни рад этган.

"Унинг ҳолатини шифокорлар барқарор деб баҳолашмоқда", деган Интерфакс агентлиги манбаъси.

Human Rights Watch инсон ҳақлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича ходими Стив Свердлов ҳам Twitter да ўз манбаларига иқтибосан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Каримовнинг ўлимидан хабардор қилинганини айтган.

Ўзбекистон расмийлари бу борада ҳеч қандай баёнот бермаганлар.

Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Life.ru нашрига интервюсида Ислом Каримовнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқламаган.

Ўзбекистон ҳукумати якшанба куни расмий хабар тарқатиб, 78 ёшли Ислом Каримовнинг "стационар даволанишда" эканини маълум қилган эди.

Вазирлар Маҳкамаси Ислом Каримовнинг қандай хасталик билан шифохонага ётқизилгани ҳақида маълумот бермаган.

Ислом Каримов Ўзбекистонни 1989 йилдан буён бошқариб келади.

У сўнгги бор ўтган йил мартида беш йиллик яна бир муддатга президент этиб сайланган.

Халқаро ташкилотлар уни инсон ҳақларини қўпол равишда поймол этиш ва мухолифларига нисбатан қийноқ қўллашда айблаб келадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ