"Тошкентда ҳеч "усиление" кузатилмайди

Тошкентдаги милиция қўриқлови Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Тошкентлик мустақил журналист Алексей Волосевичнинг ёзишича, ҳар йили 1 сентябр арафасида Ўзбекистон пойтахтида кузатиладиган ўта қаттиқ хавфсизлик чораларидан асар ҳам йўқ.

Тошкентда нималар бўлмоқда?

Шаҳарда милиция "усиление"сининг бирор бир аломати кўринмайди. Одатдаги кўп сонли патруллар ғойиб бўлган(баъзи жойларда улар кўринадилар, бироқ одатдагидан анча кам). Қўриқлайдиган одам йўқми?..

Мен Миллий Хавфсизлик хизматининг олти қаватли биносидан Хиёбонгача(Амир Темур хиёбони - таҳририят Би-би-си) шаҳар марказида сайр қилдим. Бу жойлар Тошкентнинг юраги. Мен милицияни ҳам, фуқаро кийимидаги зийрак одамлар тўпланганини ҳам кўрмадим. Тошкентликлар ҳар доимгидек кўчаларда бамайлихотир айланиб юришипти, болаларига музқаймоқ едиришаяпти, ёзги қаҳвахона ва бошқа жойларда ўтиришипти.

Шундан кейин мен бир танишим билан ТТЗ(Тошкент Трактор заводи) мавзесига йўл олдим. У ерда милиция блокпости ўрнатилган, бу ердан ўтадиган транспорт бу йўлни кўп йиллардан буён узоқ айланиб ўтиб келади. У ёққа тўғридан-тўғри ўтиш мумкин эмас - нарёқда "Дўрмон" шаҳар ташқарисидаги қароргоҳ жойлашган, Ислом Каримов ўша ерда яшайди.

Биз блокпост олдидан бемалол ўтиб кетдик. Ва йўл четидан юриб президент қароргоҳининг дарвозасигача бориб қолдик. Дарвозанинг ўзига бевосита яқинлашмадик: у ерда милиционерлар гуруҳи турарди. Бизнинг йўналишимизда ўз ҳушёрлигини кўрсатиб, потенциал "диверсант"ларнинг ўтишига йўл қўймаслиги керак бўлган ҳеч кимни кўрмадик.

Бу ноодатий эди, чунки ҳар доим Президент Каримовнинг кортежи шаҳар қароргоҳига бориш учун йўлга чиққанида "махсус трасса" атрофида юзлаб, балки минглаб милиционерлар тизиб қўйилар, улар рация орқали бир-бирлари билан тинимсиз гаплашишар, уларнинг ортида эса ўнлаб, балки юзлаб "гитарачилар" - елкасига гитаранинг ғилофига ўхшаган ғилофни қўйиб олган(ичида гитара эмас, автоматлар) фуқаро кийимидаги одамлар турар эди. Мабодо давлат раҳбари бирор байрам муносабати билан Форумлар Саройига тантанали нутқни ўқиш учун келадиган бўлса, шаҳарнинг ярмини ёпиб ташлашар, пашша ҳам учиб ўтолмас эди.

Бу гал бунга ўхшаган ҳеч нарса йўқ.

Биз, тошкентликлар "Центр Луначарского" деб атайдиган кўприккача бордик. У ерда ҳукумат стационари жойлашган. Хабарларга кўра, бошидан инсультни ўтказганидан кейин Ўзбекистон президенти ўша стационарга ётқизилган. У ер атрофини ҳеч ким ўраб олмаган. Кириш эшигидан ўттиз метрча узоқликда бир милиция машинаси турар, ичида икки милиционер ухларди.

КПП орқали шифохона ҳовлисига одамлар эмин-эркин ўтишар ва ичкаридан чиқар эдилар. Мен ичкарига кирмоқчи эдим, мени тўхтатишди. Лекин тиш-тирноғигача қуролланган қўриқчилар эмас, ёлғиз-ягона вахтёр томонидан. У шифохона ҳеч кимни қабул қилмаётганини, фақат даволаниши тугаган мижозлар чиқариб юборилаётганини айтди. Қоровул менга эртага ёки биринчи сентябрдан кейин(Мустақиллик байрамидан кейин) келишим кераклигини айтди.

Яъни, балки президент Каримовни бу ерга олиб келишгандир, қандайдир вақт мобайнида жонлантириш бўлимида ушлаб ҳам туришгандир, бироқ ҳозир у аниқ у ерда эмас.

Ҳозирча Ўзбекистон пойтахтида юз бераётган нарсалар ҳақида айтишим мумкин бўлган нарсалар шулар.

Алексей Волосевич.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.