Матбуот Каримов соғлиги ҳақида сукут сақламоқда

Президент Каримовнинг болалар билан бирга тушган фотосурати Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон расмийлари ва муҳим оммавий ахборот воситалари Ислом Каримов аҳволи борасида сукут сақлашда давом этаркан, ўзбекзабон Интернет ижтимоий тармоқлари фойдаланувчилари ҳар қандай салбий хабарга қарши ўзига хос ахборот уруши очган.

29 ва 30 август кунлари Ўзбекистон телеканаллари ва 30 август тонгида нашр қилинган рўзномалар 27 август куни мияга қон қуйилиш ташхиси қўйилган Президент Ислом Каримовнинг соғлиги борасида сукут сақладилар.

Давлат телеканаллари ва газеталар Президент Каримовнинг саломатлигига тўхталмасдан, унинг раҳбарлиги остида улкан ишлар амалга оширилгани ҳақидаги одатий мақтовларни давом эттирдилар.

Давлат телевидениеси Президент Ислом Каримов номига Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан хорижий давлатлар ва халқаро ширкатлар раҳбарларидан табриклар келаётгани хабарини берди ва табриклардан айримларини ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистондаги асосий оммавий ахборот воситалари Президент Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг отаси инсультни бошидан кечиргани ва реанимацияга ётқизилгани ҳақидаги хабарини рад этганлар.

Фақат Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган Podrobno.uz, Nuz.uz ва kun.uz сингари веб-сайтларгина Лола Каримова-Тиллаеванинг хабарини эълон қилдилар.

29 август кечга бориб русийзабон сайтларда Ислом Каримовнинг ўлими ҳақида хабар тарқалгач, ўзбек ижтимоий тармоқлари ўзига хос ваҳима ҳолатига тушди.

Ушбу хабар айлана бошлагач, аввалига сукут ҳолатига тушган ўзбекистонликлар, бироз ўтиб ушбу хабарнинг аксини эшитиш илинжида ижтимоий тармоқларда ёзадиган расмий манбаларга яқин одамлардан ҳам изоҳ сўрай бошлашди.

Ижтимоий тармоқдаги ўзбекистонликлар "Интерфакс" ва "РИА Новости" ахборот агентликлари ҳамда Би-би-си Ўзбек хизматида ушбу хабарни рад этувчи хабар чиққунича ухламади дейиш мумкин.

Каримов ўлими президент девонидаги исми ошкор қилинмаётган манба орқали инкор қилингандан кейин одамлар бироз тин олишди.

Шундан сўнг ушбу хабарни тарқатган ахборот воситалари ва чет элда яшайдиган ўзбекистонликларни ёппасига айблашлар бошланди.

Ушбу айбловларда Каримов соғлиги борасида гўёки бўҳтон хабар Ўзбекистонда тинчликни бузиш учун атайин уюштирилаётгани айтилди.

"Ким нима деса десину, лекин энг ифлос, энг провакацион ОАВ, бу - рус ОАВси экан. Украинларнинг дод деганича бор. Бунчалик деб ўйламагандим", - деб ёзган Хушнуд Худайбердиев.

Унга қарши яна бир Твиттер фойдаланувчиси рус оммавий ахборот воситаларини бутунлай айблаш нотўғрилигини айтди.

"Рус ОАВ, дейлик, РИА Новости ва Интерфакс кеча жонимизга оро кирди. Ҳаммаси нисбий. Ёмон ҳамма жойда ёмон".

Facebook ижтимоий тармоғида эса президентнинг соғлиги ва ҳаёти борасида салбий хабар тарқатаётган ҳар қандай тоифа - мухолифат, журналист ва чет элдаги ўзбекларга қарши ахборот уруши бошлашга чақириқлар янграй бошлади.

Бундай чақириқларни Ўзбекистондаги муаммоларни ўз саҳифаларида очиқ ёзиб, кези келганда танқид қилган шахсларнинг айтгани эътибор тортмоқда.

Улар Президент Каримов соғлиги борасида салбий хабар айтаётган ва тарқатаётган кимсаларга нисбатан очиқ таҳдид қила бошлашди.

"Ўзбек халқини ҳурмат қилсангиз жим туринглар, ўзингизни тийиб ўтиринг. Акс ҳолда халқ ғазабига учрайсиз", - дейилади мана шундай таҳдидларнинг бирида.

Бироқ ушбу кишиларга қарши томоннинг фикрича расмий манбалар мамлакат раҳбарининг саломатлиги борасида расмий маълумот бермаган тақдирда бу каби хабарларнинг чиқиши табиий.

"Жим туролмаслик дардига йўлиққан ҳушёр дўстларимиз, рус ОАВни танқид қилгунча бизни маъсуллар нега расман сукутда эканига муносабат билдирсин. Бундай вазиятда нохушликларнинг олдини олишнинг оддий йўли бор — ҳаққоний, расмий бор ахборотни биринчи бўлиб, вақтида бериш. Сукут сақлашда давом этилар экан, жим туролмайдиган ҳушёр дўстларимизнинг танқидлари, қарғишлари, нафратлари, "фош этишлари" — бир пул", - дейди Твиттер фойдаланувчиларилан бири.

АҚШда стиқомат қилувчи ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Суҳроб Исмоилов ҳам Facebook даги саҳифасида ушбу таҳдид ва ҳужумларга эътибор қаратган.

У Ислом Каримов атрофидаги сўнгги ҳодисаларга бўлаётган муносабатни кузатиб чўчигани ҳақида ёзган.

"Сиёсатчиларни яхши ёки ёмон кўриш ҳар кимнинг ўз инон-ихтиёрида. Лекин мамлакат ОАВ ва журналистларида бу каби янгиликларни ёритиш ҳуқуқи ва имконияти йўқлиги қўрқинчли. Балиққа ўхшаб жим ўтиришибди. Барча янгиликларни эса "президент хавфсизлик хизматида ишлайдиган қўшнимиздан" ёки "ҳукуматдаги ўз манбамиз"дан билаяпмиз", дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистонннинг тақдири бир сиёсатчига боғлиқ бўлиб қолмаслигини ва унинг жони узиладиган вақт келган бўлса оммавий равишда дуохонлик қилганда ҳам бу нарса содир бўлишини айтади.

Ижтимоий тармоқдагиларнинг кўпчилиги ушбу хабарлар остидан ваҳима ҳолатига тушиб қолганини кузатиш мумкин. Сабаби ахборот деярли йўқлиги ва ҳамма нарса фақат бир шахсга боғланиб келинганлиги ўз сўзини айтмоқда.

Одамлар фақат Ўзбекистонда эмас, балки Марказий Осиёда тинчлик фақат Ислом Каримовга боғлиқ, деб сингдирилган фикрга қаттиқ ишониб қолган.

Шу сабабдан ҳам Каримовнинг соғлиги ва ҳаёти борасидаги ҳар қандай ахборотни жуда оғриқли ва қарши ҳужумлар билан қарши олмоқдалар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг