Каримовни 'дуо қилмаган' артистлар танқид қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг саломатлиги қай аҳволдалиги мавҳум қолар экан, ижтимоий тармоқларда баҳслар қизиган.

Президентнинг шифохонада экани ҳақида Вазирлар маҳкамасининг расмий хабари тарқалгач, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги қўшиқчию актёрлар бирин-кетин турли "миш-миш"ларга ишонмасликка чақириб постлар қўя бошлаганлар.

Шаҳзода, Райҳон, Манзура, Озодбек, Шоҳруххон, Муниса Ризаева каби қўшиқчиларнинг "Ҳар хил гап сўзларга қадрдонларим ишонманглар. Юртбошимиз соғ саломатлар, ҳар хил миш-миш гап гапирмасдан ҳаммамиз дуо қилайлик", мазмунидаги постлари бир-икки кундан кейин таҳрир қилиниб, "миш-мишларга ишонманглар" деган сўзлар олиб ташланган.

Айни дамда президентни суратини қўйиб дуо қилишга чақирмаган артистлар фойдаланувчилар томонидан танқидларга юз тутган.

Жумладан хонанда Нилуфар Усмонованинг фолловерлари нега президентни суратини қўймагани билан қизиқиб, уни ҳам бунга чорлаганлар. Сиз нега президентимизни дуо қилмаяпсиз, деб ёзади унинг кузатувчилари.

Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмоновани ҳам дуо қилмагани учун мухлислари томонидан танқид қилинган.

"Опажон сиз нега жимсиз. Отамизни дуо қилинг. Илоҳим соғайсинлар. Мен сиздан кутмагандим. Биринчи бўлиб айтинг қўшиқларингизни отамизга атаб улар бизга сув ва ҳаводек кераклар", деб ёзади guli.mehiddinova Инстаграмда.

"Мен ҳам биринчи бўлиб Юлдуздан кутгандим" дейди бошқаси.

Бундан ташқари илгари "очиқ-сочиқ" кийимлари учун танқидга олиниб, лицензиясидан айрилган Лола Йўлдошева ҳам Каримовни суратини ўрнига ўзининг Москвада дам олиб юргани акс этган суратларини қўйгани учун фойдаланувчилар қоралашган.

Жумладан milana88.22 никли фойдаланувчи шундай ёзади: "Президентимиз умуман қизиқтирмайди. Санъаткорлар ҳозир халқига, мухлисларига далда бўлишвотти. Мухлислари билан дардлашиши керак. Бу инсонийлик жиҳатдан. Бизани дардимизни ҳис қила олмаган қўшиқчилар ҳам арзимайди. Санъаткор мухлиссиз ҳеч ким".

Куни кеча қизиқчи Мирзо Холмедов ҳам ҳамкасблари қаторида инстаграмдаги саҳифасида видео жойлаб, президентга соғлик тилаб дуо қилишни сўраган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
mirza

Ундан олдинроқ қизиқчи Обид Асомов ҳам интернетда шундай сўзлар билан чиққанди.

1 сентябрда Ўзбекистонда Мустақиллик байрами халқ сайиллари билан нишонланиши айтилган.

Ҳар йили 31 августда Мустақиллик майдонида бўлиб ўтадиган байрам концерти ва мушакбозлик бекор қилинган.

1 сентябр Тошкент вақти билан кечки соат 10 лардан бошлаб ижтимоий тармоқларда ўзбек шоу-бизнесининг Шаҳзода, Райҳона, Сардор Раҳимхон каби вакиллари, кўплаб журналистлар ўз саҳифаларига Ислом Каримовнинг суратини жойлаб, таъзиялар изҳор эта бошлашган.

Бироқ 2 сентябр эрталаб давлатга қарашли оммавий ахборот воситаларида ҳукуматнинг "президентнинг соғлиги ўта оғир аҳволда" деган хабари эълон қилингач, "шоу-бизнес юлдузлари" яна ўз изоҳларини олиб ташлаганлари кузатилган.

"Нима бўляпти ўзи? Нега расм қўйиб яна олиб ташлаяпсизлар?" "Отамизни ҳақиқий аҳволини тушунтирадиган одам борми?", "Нега расмий хабар берилмаяпти?" каби саволларни беришган фойдаланувчилар бунга жавобан.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.