Ўзбекистон ҳукумати: Ислом Каримовнинг аҳволи ўта оғир

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2 сентябр куни эрталаб Ўзбекистон ҳукумати 78 ёшли Президент Ислом Каримовнинг аҳволи ўта оғир, деб хабар тарқатди.

"Чуқур қайғу билан шуни маълум қиламизки, ўтган суткада Президентимизнинг соғлиғи бирданига ёмонлашди ва шифокорлар вазиятни ўта оғир деб баҳоламоқда", - дейилади давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарда.

28 август куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Президент Каримовнинг стационар даволанишда экани ҳақида хабар тарқатди.

Орадан бир кун ўтиб Президентнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева отасининг мияга қон қуйилиш ташхиси билан шифохонага ётқизилганини маълум қилди.

Лола Каримова-Тиллаева, шифокорларга иқтибосан, отасининг "келажакдаги соғлиги борасида тахмин қилиш қийин" деб ёзди Фейсбук ва Инстаграмдаги ўзининг саҳифаларида.

29 август куни Москвада жойлашган Fergananews ахборот агентлиги ўз манбаларига таяниб, Ўзбекистон раҳбарининг шифохонада ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар тарқатган.

Агентлик хабарида Президент Каримовнинг Тошкент вақти билан 15-16 орасида вафот этгани айтилган.

Кейинроқ Ўзбекистон Президенти девонидаги манба бу хабарни рад этди.

31 август куни Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган асосий байрам тантаналари бекор қилинди.

1 сентябр куни Президент Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқандда қандайдир муҳим тадбирга тайёргарликлар бошланган.

Самарқанд марказининг ёпиб қўйилгани, шаҳарга машиналарнинг киритилмаётгани хабарлари тарқалди.

Айни пайтда Би-би-сининг бир-биридан мустақил уч манбасининг айтишича, шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири бўлган Имом Ал-Бухорий кўчаси ёпиб қўйилган ва унда қандайдир ҳозирликлар бормоқда.

"Бухорий кўчаси тартиб қилиняпти" деди тафсилотлари ҳақида гапиролмаслигини айтган Самарқанддаги республика ҳокимиятига яқин манба.

Имом Бухорий кўчаси Регистон ва Шоҳи Зиндага олиб чиқадиган марказий кўчалардан саналади.

Самарқандда бўлган Тошкентдаги вазирликлардан бирининг вакилига кўра, пайшанба куни Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ва ҳокимликларга "Самарқандга етиб келиш буюрилган".

Унинг айтишича, гўёки Самарқанддаги айрим завод ишчилари "уборкага чақириб олинган".

Ўзбекистон Телерадиокомпаниясидаги манбанинг айтишича, Самарқанднинг марказий майдони Регистон атрофида ҳам қандайдир фавқулодда чоралар кўрилмоқда.

Айрим хабарларга кўра, Бош вазир Шавкат Мирзиёев Самарқандга сафар қилган.

1 сентябр тунида Ўзбекистондаги кўплаб шоу бизнес ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг Интернет социал тармоқларидаги саҳифаларида Президент Ислом Каримов билан видолашув изҳоротлари эълон этилди.

Бироқ 2 сентябр тонгида Вазирлар Маҳкамасининг Президент Каримовнинг аҳволи ўта оғирлашгани ҳақидаги ахбороти тарқатилганидан кейин видолашув матнлари ўчириб ташланди.

2 сентябр куни Рейтер ахборот агентлиги Қозоғистон ҳукуматидаги манбага таяниб, Президент Нурсултон Назарбоев 3 сентябрда Ўзбекистонга сафар қилиши ҳақида хабар тарқатган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўзининг Хитойга сафарини Ўзбекистондан олинаётган хабарлар туфайли қисқа муддатга узиши айтилган.

Лекин оммавий ахборот воситалари ушбу хабарни Қозоғистон президенти маъмуриятидан тасдиқлата олмаганлар.

Ўзбекистон ҳукуматидаги доираларга яқин Узметроном веб-сайти ўз манбаларига таяниб Пекиндаги Йирик 20 лик саммитига йўл олган Россия Президенти Владимир Путин, АҚШ Давлат котиби Жон Керри 3 сентябр куни Самарқандда тўхтаб ўтишлари маълум бўлгани ҳақида хабар тарқатган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.