Ислом Каримов вафот этди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 78 ёшида оламдан ўтган. Ўзбекистон ҳукуматининг маълум қилишича, давлат раҳбари 3 сентябр куни ўзи туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида дафн этилади.

Ўзбекистонда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Президентинг кичик қизи Лола Каримова ҳам ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида отасининг вафоти ҳақида ёзиб қолдирган.

"У бизни тарк этди... Сўз излаяпман ва ўзим бунга ишонмаяпман... Албатта, биз Оллоҳникимиз ва албатта, биз унга қайтгувчимиз. Худо раҳмат қилсин!"-деб ёзди Лола Каримова.

Ислом Каримов 28 август куни мияга қон қуйилиш ташхиси билан шифохонага ётқизилганди.

Жума куни эрталаб Вазирлар Маҳкамаси "ўтган суткада Президентнинг соғлиги бирданига ёмонлашгани ва шифокорлар вазиятни ўта оғир деб баҳолаётгани" ҳақида хабар тарқатган.

Орадан кўп ўтмай, Рейтер агентлиги дипломатик манбаларга иқтибосан Каримовнинг вафот этганини айтган.

Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим Ўзбекистон Президентининг вафот этганини тасдиқлаган ва ўзбек халқига ҳамдардлик билдирган биринчи хорижий ҳукумат раҳбари бўлган.

Ўзбекистон расмийлари Ислом Каримовнинг дафн маросими билан боғлиқ тафсилотларни ошкор этишмаяпти.

Ислом Каримов онаси ва икки акаси дафн этилгани айтилган Самарқанддаги Шоҳи Зинда қабристонига қўйилиши кутилмоқда.

Пайшанба куни тушдан сўнг Регистон ва Шоҳи Зинда атрофида фавқулодда ҳозирликлар бораётгани ва Самарқанд шаҳрига кириш ёпиб қўйилгани ҳақида хабарлар олинган.

Дафн маросимига тайёргарликларга Бош вазир ва жаноб Каримовнинг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида кўрилган Шавкат Мирзиёевнинг бошчилик қилаётгани айтилади.

Аммо Ислом Каримовни дафн этиш бўйича ҳукумат комиссиясининг таркиби эълон қилинган.

Аввалроқ айрим манбалар Хитойдаги "Йирик йигирмалик" саммитига йўл олган Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Давлат Котиби Жон Керрининг дафн маросимида иштирок этиш учун Самарқандга қўниб ўтишини ҳақида хабар тарқатган.

Би-би-сининг Бишкекдаги манбалари Қирғизистон Бош вазирининг дафн маросимида иштирок этишини тасдиқлаган.

Айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, Қозоғистон раҳбари Назарбоев Хитойга сафарини қисқартириб, Самарқандга йўл олган.

Халқаро парвозларни назорат қиладиган НОТАМ ташкилотининг маълум қилишича, Самарқанд шаҳар осмони 3 сентябр куни деярли барча учоқлар учун ёпилган.

Ислом Каримов 1989 йилда Ўзбекистон коммунистик партияси биринчи котиблигига тайинланган ва 1991 йилдаги мустақилликдан сўнг президент этиб сайланганди.

Ўтган чорак аср мобайнида муқобилсиз сайловларда унинг президентлик муддати узайтириб келинган.

Каримов охирги марта 2015 йилда беш йиллик яна бир муддатга президент этиб сайланганди.

У президентлик курсисини ўзидан кейин ким эгаллашига очиқ ишора қилмаган.

Конституцияга биноан президентнинг ваколатлари вақтинчалик Олий Мажлис Сенати раисига ўтиши ва уч ой ичида президентлик сайловлари ўтказилиши керак.

Сиёсий мухолифат ва эркин матбуотни бостириб келган Президент Ислом Каримов дунёдаги энг репрессив тузумлардан бирини бошқарган.

Ўзбекистоннинг илк президенти

Ислом Каримов 1991 йилдан бери Ўзбекистон Президенти вазифасини бажариб келганди.

У Ўзбекистоннинг мустақил тарихидаги ягона ҳақиқий муқобил дея кўрилган 1991 йил декабр ойидаги сайловларда илк бор Президент этиб сайланганди.

Ҳуқуқ фаоллари уни жаҳоннинг энг қаттиққўл диктаторларидан бири сифатида кўрардилар.

Унинг ташқи сиёсатини баъзилар бетараф, дея таърифласалар ҳам, мамлакат гоҳ Ғарб, гоҳ Россия томонга оғиши билан танилганди.

Унинг раҳбарлик йиллари мамлакатда мухолифат қаттиқ тазйиқ остига олинган, мухолифатнинг кўзга кўринган лидерларининг деярли ҳаммаси мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар. Улар орасида 1991 йилги сайловларда жаноб Каримовга асосий рақиб бўлган "Эрк" партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ ҳам бор.

Абгор иқтисод ва коррупция

Кўплаб иқтисодчилар Ислом Каримов даврида йирик потенциаллар мавжудлигига қарамай, мамлакат иқтисоди абгор ҳолга тушгани, Шўролар даврида фаолият юритган корхонлар ёпилгани, охирги йилларда аҳоли муттасил равишда газ ва электр энергияси тақчиллигига юз тутганини айтадилар.

Бунинг ортидан жуда кўплба ўзбекистонликлар Россия ва бошқа собиқ Иттифоқ республикаларига меҳнат муҳожирлигига юз тутишга мажбур бўлдилар. Фақатгина Россиянинг ўзида расмий рақамларга кўра, 2 миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлиги айтилган. Ҳуқуқ фаоллари эса уларнинг сонини бир неча миллион деб айтиб келганлар.

Бундан ташқари Ислом Каримов раҳбарлиги даврида мамлакатда коррупция ва таниш-билишчилик кенг қулоч ёйгани ҳам кузатилган.

Коррупцияга қарши бир неча бор кампания ва кенг миқёсли кураш эълон қилинган бўлса ҳам уни жиловлаш йўлида ҳақиқий чоралар кўрилмаганлиги айтилган.

Бунга илова Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова хорижий телекоммуникацион кампаниялар билан мамлакатда мобил телефон ҳизматини юритишга рухсат бериш билан боғлиқ кўп миллионлик йирик коррупцияга аралашганликда айбланган.

Андижон фожеаси

2005 йил май ойида Андижонда минглаб кишилар ижтимоий адолат талаби билан намойишга чиқишар экан, Каримов ҳукумати уларни отишга буйруқ бергани айтилади.

Қатор гувоҳлар ва мустақил журналистларга кўра, ҳукумат қўшинларининг тинч намойишчиларга қарши ўт очиши оқибатида юзлаб бегуноҳ инсонлар, аёллар ва болалар қурбон бўлгани айтилади.

Ислом Каримов қурбонлар сонини икки юзга ҳам етмагани, улар асосан исломий террорчилар ва хавфсизлик кучлари ходимлари эканини айтган эди.

Каримов халқаро ҳамжамиятнинг халқаро текширув ўтказиш талабларини рад этган.

Узоқ йиллик раҳбар

1938 йил 30 январ куни туғилган Ислом Каримовнинг илк мутахассислиги муҳандислик эди.

У 1960 йили Тошкент Политехника Институтини битириб, дастлаб Чкалов номидаги Тошкент Авиация корхонасида муҳандис-конструктор бўлиб иш бошлаган.

1966 йили Ўзбекистон ССР Госплан ташкилотига ишга ўтиб, кейинчалик иқтисодчи дипломига эга бўлди.

1983 йили Ўзбекистон молия вазири вазифасига тайинланган.

1986 йили эса Қашқадарё вилояти Компартияси биринчи котиби бўлиб иш бошлайди.

1990 йил Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Президенти этиб сайланади.

Ундан кейинги йил Ўзбекистон мустақиликка эришганидан сўнгг, илк муқобил сайловларда ҳам Президент этиб сайланди.

Ўзбекистон Конституциясига биноан бир шахс фақатгина икки муддат Президент этиб сайланиши мумкин.

Лекин референдумлар ва президентлик муддатларининг ўзгартиришлари каби "чалғитиш"лар орқали жаноб Каримов деярли 25 йил мамлакат раҳбари вазифасини ўтаб келди.

Унинг биринчи муддати 1996 йили тугаши керак эди. Бироқ муддат охирига етишидан бир йил аввал умумхалқ референдум ўтказилиб, муддат 2000 йилгача чўзилди.

Шундай қилиб, Ислом Каримов 2000 йили иккинчи муддатга сайланди.

Бу сайловлардан икки йил ўтиб мамлакатда яна референдум ўтказилди ва эндиликда Президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди.

Шундан сўнг бу каби ўзгаришлардан кейин аввалги президентлик муддатлари "ҳисобга олинмаслиги" айтилиб, 2007 йили Ислом Каримов, кузатувчилар таъбирича "ҳақиқий рақобат мавжуд бўлмаган" шароитда, яна бир бор Президент этиб сайланди.

Бу сайлов ва референдумларнинг биронтаси халқаро ҳамжамият томонидан адолатли ва ё эркин деб эътироф этилмаган.

Таҳлилчилар Президент Каримовнинг бошқаруви ўта қаттиққўл ва репрессив усулларга асосланганини айтиб келишган.

Каримов жаноблари ўз қудратини ҳимоя этиш учун мухолиф гуруҳларни терроризм ва исломий экстремизмга алоқадорлик айблари билан таъқиб этгани, унинг даврида минглаб бегуноҳ инсонлар қамоққа ташлангани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ