Ислом Каримов сўнгги йўлга кузатилди

Prezident Karimov bilan vidolashuv Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг жасади ортилган тобут 3 сентябр тонгида учоқда Тошкентдан Самарқанд шаҳрига олиб борилган.

Регистон майдонида жаноза намози ўқилган. Ислом Каримов Ҳазрати Ҳизр қабристонида дафн қилинган.

Дафн маросимига Бош вазир Шавкат Мирзиёев бошчилик қилган.

Ўзбекистонни 27 йил мобайнида бошқариб келган Каримовнинг вафоти муносабати билан мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинган.

Кеча 2 сентябрда Ислом Каримовнинг оламдан ўтгани расман хабар берилди.

Эрта тонгдан пойтахт кўчалари четида тизилган одамлар орасидан мотам кортежи ўтган, одамлар гуллар ташлаганлар.

Тошкент аэропортида видолашиш учун мингдан ортиқ одам тўпланган.

Каримов тобути оқ мато ва давлат байроғи билан ёпилган.

Каримовнинг жасадини кузатиб келган яқинлари ичида хотини Татьяна Акбаровна ва кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Бош вазир Шавкат Мирзиёев уларни аэропортда кутиб олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet

Лавҳаларда Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора, куёви Тимур Тиллаев , неваралари ҳам кўринмайди. Гулнора Каримованинг қаердалиги номаълум.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK
Image caption Ислом Каримов васиятига кўра, унинг жасади Самарқанд шаҳрида дафн этилади.

Самарқандликлар Ислом Каримов билан видолашиш учун кўчаларга чиққанлар.

Самарқанд осмони жума кундан бошлаб йўловчи учоқлари учун буткул ёпилган, барча учоқлар Тошкентга йўналтирилади.

Расмий маълумотга биноан, маҳаллий вақт билан 2 сентябр соат 20.55 да 78 ёшли президентнинг ўлими қайд этилди.

"Бош мияда қайта тикланмайдиган ўзгаришларга ва полиорган етишмовчилигига олиб келган мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида вафот этди", — дейилади хабарда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

Дафн маросимини ташкил қилиш комиссиясига Бош вазир Шавкат Мирзиёев раис этиб тайинланган.

Таҳлилчилар Мирзиёевни энг эҳтимолий ворис деб қарашмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC UZBEK

Дафн маросимларида давлат раҳбарлари ва ҳукумат аъзолари қатнашганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Самарқандга Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов, Афғонистон Президенти Ашраф Ғанилар борганлар. Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Тожик халқи қардош Ўзбек халқи билан ҳамдард эканини айтган.

Россия делегациясига Бош вазир Дмитрий Медведев, Қозоғистон ҳайъатига Бош вазир Карим Масимов бошчилик қилган. Президент Путин унинг таъбирича, "муваққат президент Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошевга" Ислом Каримов вафоти билан таъзия билдирган.

Бироқ Афғонистон вице-президенти, генерал Абдурашид Дўстум ўзининг таъзиясини Бош вазир Шавкат Мирзиёевга йўллаган.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Белорус Президенти Алексей Лукашенко, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний ҳам Ислом Каримов вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига ҳамдардлик йўллаганлар.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун Президент Ислом Каримов вафотидан қайғуга ботганини маълум қилган.

АҚШ президенти Барак Обама Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан қилган баёнотида Қўшма Штатлар Ўзбекистон халқининг қайғусига шериклигини айтди ва "АҚШ Ўзбекистон билан ҳамкорликка, унинг мустақиллиги, хавфсизлиги ва унинг барча фуқаролари ҳуқуқларига асосланган келажагига содиқ қолиши"ни қайд этди.

Собиқ Иттифоқнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачёв ҳам Ўзбек халқига таъзиясини билдирган.

Тошкент масжидларида Ислом Каримов ҳаққига дуо қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Самарқандда президент Ислом Каримов билан видолашув маросими бошланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Самарқандга 17 мамлакат делегациялари ташриф буюришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев марҳумнинг рафиқаси Татяна Каримова ва қизи Лола Каримова-Тиллаевага таъзия билдирмоқда.

Видолашув ҳукуматнинг Самарқанддаги қароргоҳида бўлиб ўтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Дафн маросимини Бош вазир Шавкат Мирзиёев очиб берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ислом Каримов тобутини энг аввал Шавкат Мирзиёев ва Рустам Азимов кўтариб боришган.

Жаноза намози Регистон майдонида муфтий Усмонхон Алимов томонидан ўқилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Ислом Каримов жасади Ҳазрати Ҳизр қабристонида тупроққа топширилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ