Каримовнинг вафоти: жавобсиз саволлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистонни 27 йил бошқариб келган раҳбар Ислом Каримовнинг вафоти баъзи нарсаларга ойдинлик киритгандек бўлди.

Давлат миқёсида қараладиган бўлса, Ислом Каримовнинг ўлими Ўзбекистоннинг мамлакатлар ичидаги мавқеъига назар ташлашга имкон берди.

Дафн маросимида президентнинг оила аъзолари тўлиқ иштирок этмагани ноаниқликни кучайтирди.

Давлат раҳбарининг дафн маросимига бошқа мамлакат мулозимларининг келиши қанчалик муҳим?

Каримовнинг ҳаётдан кетиши унинг оиласи қудратини пасайтирдими? Ўзбекистонни яқин келажакда нималар кутади?

Ушбу саволларга Лондондан таҳлилчи Алишер Илҳомов жавоб берди.

Алишер Илҳомов: Албатта собиқ иттифоқ республикалари ва бошқа қатор давлатлар ўзларининг таъзияларини билдирдилар. Лекин фақат уч мамлакат президентлари Самарқандга келишди. Бошқа постсовет республикаларини Бош вазирлар тақдим этишди. Бу бир томондан президентнинг обрўйи ҳақида гапиради. Бошқа ҳолатларда буни инкор қила олмасдан президентларнинг ўзлари келишлари мумкин эди. Иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг давлат сифатида қанчалик муҳимлигини ҳам кўрсатади. Мисол учун Тожикистон ички ва ташқи сиёсати учун бу жуда муҳим фактор ҳисобланади. Шунинг учун Раҳмонннинг шахсан ўзи маросимда қатнашди. Фикримча, у муносабатларни яхшилаш ёки имкони борича манфаатли алоқаларни ўрнатиш ниятида эканини англатади. Охирги йилларда Ўзбек-Тожик муносабатларидаги таранглик жуда юқори даражада бўлганини инобатга олган ҳолда Раҳмон ҳамдардлигини шахсан билдириш учун келмасликни ўзига эп кўрмаган бўлар эди. Туркманистон ҳам Ўзбекистон билан жуда узвий боғланган. Кўп масалаларда ҳисоблашишга тўғри келади, хусусан ўзининг газ қувурларини Хитойга етказиш, уларнинг хавфсизлиги бўйича. Шунинг учун бу мамлакатлар инкор қила олмасдилар, бошқалар эса иккинчи даражали мулозимларини юборишни маъқул кўрганлари ҳам шундан. Мисол учун Қозоғистон учун Ўзбекистондан кўра Россия билан муносабатлар муҳимроқ албатта.

Худо кўрсатмасин, мисол учун Путин вафот этиб қолса, Назарбоев ўзи қатнашаётган ёки режалаштираётган ҳамма ишларини ташлаб ҳамдардлик билдириш учун шахсан ўзи келган бўлар эди. Бу ҳолатда эса у ўзининг бош вазирини юбориб, Ўзбекистон давлат сифатида ва Ислом Каримов Назарбоев ва Қозоғистон учун қандай аҳамиятга эга эканлигини билдирди. Қозоғистон учун Россия, Хитой кўпроқ муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам муҳим, лекин энг муҳимлар қаторида турмайди. Балки буни Ўзбекистон Россия илгари сурган ҳар қандай минтақавий ташаббуслардан ўзини масофада тутгани билан изоҳлаш мумкиндир. Агар Қозоғистон Россия билан доим бир йўлда борган бўлса, Ўзбекистон тўғрисида бундай деб бўлмайди. Буни бир жиҳатдан, Путиннинг G20 саммитида қатнашиши кераклиги, экономик форумда бандлиги, Назарбоевнинг ҳам гўёки муҳим иши чиққани билан изоҳлаш мумкиндир. Лекин бошқа муҳимроқ фигура, уларнинг нуқтаи назарида, муҳимроқ давлат бўлганида ҳамма ишларини ташлаб барибир келган бўлардилар.

Каримов оиласи қудратдан узоқлашдими?

Алишер Илҳомов: Мен ҳозир Гулнора Каримова қаердалиги тўғрисида билмайман. Унинг уй қамоғида эканлиги тўғрисида миш мишлар анчадан бери бор. Унга пул ювишга алоқадор бир неча киши қаторида жиноий иш очилган. У бу босқичдан ҳам ўтди. Билмайман унга қандай муносабат, қандай ҳукм бўлди. Лекин фикримча, унга мамлакатдан ташқарига чиқиб кетишга рухсат бермаган бўлсалар керак. Унинг Ўзбекистонда эканлиги аниқроқ. Унга омма олдида кўринишга рухсат беришмаган. Баъзилар айтаётганидек, у Ўзбекистондан ташқарига чиқиб, Исроилга ёки Лондонга келган бўлса, у бу имкониятни бой бермаган бўлар, аллақачон ўзини ҳимоя қилиб чиқар эди. Биз буни кузатяпмиз. Унга албатта омма олдига чиқишга рухсат бўлмаган бўлса ҳам, отаси билан хайрлашишга имкон берган бўлсалар керак. Лекин буни кадр ортида, тор доирада амалга оширганлари эҳтимоли мавжуд. Ҳозир тарқалган, дафн маросими пайтида олинган суратларга келсак, у ерда Каримов оиласини намоён этадиган фақат икки фигура- хотини ва қизини кўрамиз. Бу оддий инсонийлик нуқтаи назаридан қараганда албатта анча ғалати. Яъни, бу ерда бутун оила кўриниши, ўз ҳиссиётларини намоён этиши, оталари билан хайрлашишлари кутилганди. Бу ерда неваралар ҳам, куёв ҳам кўринмайди, мен бошқа узоқроқ қариндошлар ҳақида гапирмаяпман. Фақат икки фигурани кўряпмиз, бу етарлича рамзий ҳисобланади. Балки уларнинг ўзи қатнашишни хоҳлашмагандир. Лекин уларга рухсат беришмагани ёки Ўзбекистонга келишни хавфсиз деб ҳисобламаганлари учун қатнашмаганлари кўпроқ эҳтимолга яқин. Ҳар қандай ҳолат бўлиб қолиши мумкин. Уларга қарши қандайдир жиноий иш очилиши ёки мамлакатдан чиқармай қўйишлари мумкин. Ҳатто Лоланинг келишида ҳам маълум маънода таваккалчилик бор. Албатта мен айтолмайман, Лолани ушлаб қоладилар деб. Лекин оила аъзоларида хавотир бўлиши табиий. Бу хавотир ҳозир Ўзбекистонда мавжуд ноаниқликни ҳам акс эттиради.

Бу шунинг белгисики, оила таъсир доираси, юки жиҳатидан орқа планга ўтади, ўзининг мавқеъини йўқотади. Рафиқаси дохил унинг бутун оиласи Каримовнинг ўзи бор пайтида катта таъсирга эга бўлган. Энди у йўқ экан, кўринишича, ўз аҳамиятини тезлик билан йўқотмоқда. Улар Ўзбекистондаги вазиятга қанчалик таъсир қилишларидан олдин, уларнинг мамлакатга келишларининг қай даражада хавфсиз, шахс дахлсизлигини , Каримов бошқаруви даврида тўплаган бойликларини сақлаб қолишлари қанчалик ишончли эканлиги ҳақида масала юзага чиқади.

Нега Тошкент эмас, Самарқанд танланди?

Алишер Илҳомов: Каримовнинг ўзи асли Самарқанддан. У ерда унинг қариндошлари дафн этилган. Бундан ташқари у ерда машҳур саркарда Амир Темур қабри бор. Каримов дафн этилган жой ҳам у ердан унча узоқ эмас. Бу айтиш мумкин, маълум бир салобат бағишлайди. Каримовнинг хотирасини абадийлаштиришга ҳам ёрдам беради.

Ўзбекистонда яқин келажакда воқеалар ривожи қай тарзда давом этиши мумкин?

Алишер Илҳомов: Ҳозир ҳокимият кимнинг қўлига ўтиши асосий савол ҳисобланади. Кузатувчилар бу борада Бош вазир Мирзиёевнинг имкониятлари катта эканини айтаётган бўлсалар ҳам. Гўёки унинг президент бўлиши учун кафолат ҳисобланадиган Миллий Хавфсизлик Хизматининг дастакловига эга. Ҳозир тартиб бўйича ҳокимият уч ой муддатга Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошевга ўтиши керак. Бу Мирзиёевни президент бўлишини истаганлар учун маълум даражада таҳдид пайдо қилади. Яъни хоҳлаган вақтда Йўлдошевда белгиланган сценарийга тўсқинлик қилиш имкони пайдо бўлиши мумкин. Чунки расман олганда ҳокмимият унинг қўлида бўлади. Лекин ҳозирча Мирзиёевни ҳокимиятга олиб келмоқчи бўлганлар ўз режаларини қандай қилиб амалга ошишини таъминлашлари номаълум. Бу ерда турли вариантлар пайдо бўлади. Яъни, жараённи тезлаштиришга имкон берадиган қонунчиликка ўзгартириш киритишдан тортиб, турли сабаблар билан Йўлдошевнинг ўзини лавозимидан четлатилишигача , худди Туркманистондагига ўхшаб. Ёки оддийгина, вазиятни назоратга олиб, жараённи тўлиқ бошқариш.

Демак, ҳозир вазият бутунлай ноаниқ. Бу мавҳумлик яна қанча давом этиши ҳам аниқ эмас. Балки уч ой, балки ундан камроқ. Лекин шу тариқа иш тутиш у ёки бу даражада қонуний кўринади, яъни аҳоли орасида ҳам, энг муҳими дунё жамоатчилиги, матбуоти олдида. Охирги кунлардаги воқеалар бу нуқтаи назардан уларнинг "яхши" ҳаракат қилганлари ва "вазифа"ларини яхши уддалаганларини намоён қилди. Матбуот турли қарама-қаршиликларни пайқади, ёритилди. Мисол учун, ўлим ҳақида расмий хабар тарқалмасдан, қабр тайёрлана бошлагани ёки дипломатик каналлар орқали дафн маросимига таклиф қилингани айтилган бўлсада, расмийлар нуқтаи назарида Каримов ҳали вафот этмаган эди. Менимча, бундай ҳолатлар яқин ойларда ҳали давом этса керак.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • ◾ Instagram - BBC UZBEK
  • ◾ Twitter - BBC UZBEK
  • ◾ Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾ Facebook- BBC UZBEK
  • ◾ Google+ BBC UZBEK
  • ◾ YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • ◾ Skype - bbcuzbekradio
  • ◾ bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.