'Халққа иш ўринлари яратадиган раҳбар келсин'

Image caption Меҳнат муҳожирлари

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар Ислом Каримов касалхонага ётқизилгани хабарлар тарқалган кундан то президентнинг вафот этгани маълум қилингунга қадар ўтган вақтни жиддий хавотир ичида ўтказдилар.

Ўзбекистонликлар ҳар куни бир неча марталаб уйларига қўнғироқ қилганлари, мамлакатда рўй бераётган воқеалар билан қизиққанлари ҳақида айтадилар.

"Шу охирги кунлар оғир бўлди, қўлимиз ишга бормади, ҳар куни ҳар хил хабар, биров "ўлди", бошқаси "тирик" дейди. Уйга телефон қилиб сўрасак, уйдагилар ҳам ҳеч нарсани аниқ билишмайди. Интернетда ҳам ҳамма ҳар хил тахмин қилади холос. Ўзбекистондан аниқ хабар келмагани учун жуда хавотир олдик",-деб ёзади Москва шаҳрида меҳнат қилаётган Фарҳод.

Унинг айтишича, 29 август куни "Фарғона.РУ" ахборот агентлиги томонидан президент Ислом Каримовнинг вафот этгани тўғрисида хабар қилиниши кўплаб меҳнат муҳожирларини саросимага солиб қўйган.

Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар орасида ҳам Ўзбекистоннинг тинчлиги президент Ислом Каримовга боғлиқлигига ишонадиганлар кўпчиликни ташкил қилади.

Жумладан, Ростов шаҳрида мардикорлик қилаётган Ёдгор шундай фикр билдиради:

"Энди Ўзбекистон нотинч бўлмаса деб хавотир оляпмиз. Афғонистонга қўшни бўлсак, у ерда ҳозир ҳар хил исломий гуруҳлар фаол. Президентимиз қаттиққўллик билан давлатни тинч ушлаб турар эдилар. Энди то улардай бир ақлли одам давлатни қўлга олгунча хавотиримиз тарқамайди".

Ўз машинасида Волгоград шаҳридан Тошкентга қатнайдиган ўзбекистонлик киракашларга кўра эса, мамлакатдаги сўнгги воқеалар сабабли хавотирланиб уйларига қайтаётган муҳожирлар ҳам бор.

3 сентябр куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг дафн маросимини телевидение ва интернет тармоқлари орқали томоша қилган муҳожирларнинг кўплари унинг ўлимидан қайғуда эканликларини билдиришмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи TAYANCH
Image caption Меҳнат муҳожирлари Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси эшиги тагига марҳум президент хотираси учун гуллар қўйишган

"Нима бўлса ҳам, шу одам Ватанимиз учун кўп яхши ишлар қилди. Орамизда унинг ўлимидан хурсанд бўлаётганлар, энди қандай бўлса ҳам ўзгаришлар бўлади деяётганлар ҳам йўқ эмас, лекин кўпчилик юртдошларимиз қайғуда. Бир-бирларига телефон қилиб кўнгил сўрашди. Москвада кўзимизда ёш билан элчихона олдига гуллар қўйиб келдик",-дейди ўзбекистонлик Сожидахон.

Президентнинг ўлимига лоқайдлик билан қараётган Ўзбекистон фуқоролари эса, Ислом Каримов Россиядаги муҳожирларни "дангасалар" дея ҳақоратлаганини тилга оладилар.

"Унинг ўлимидан нега қайғуришимиз керак? 80 ёшга кириб қўйган одам ўлади-да. Неча-неча ёш йигит-қизлар ўлиб кетишмоқда-ку. Россияда ўлиб, Ватанига тобутда қайтаётганлар қанча? Қолаверса, мен шу одам биздан "дангасалар" деб жирканганини унутганим йўқ",-дейди Баҳодир исмли меҳнат муҳожири.

Президент Ислом Каримовнинг вафот этиши ортидан унинг ўрнини ким эгаллайди, янги раҳбарнинг сиёсати Каримовнинг сиёсатидан фарқ қиладими, аҳвол яхши томонга ўзгарадими, ёки ёмонлашадими каби саволлар кўплар қатори меҳнат муҳожирларини ҳам қизиқтиради.

Биз суҳбатда бўлган муҳожирларнинг кўплари мамлакат бошқарувини ўз қўлига олиши тахмин қилинаётган сиёсий арбобларни, жумладан Бош вазир Шавкат Мирзиёевни ҳам яхши танимасликларини айтишди.

"Биз Мирзиёевни ҳам, бошқа раҳбарларни яхши билмаймиз. Телевизорда кўриб турардик, лекин қандай одам, давлатни қандай бошқариши мумкин, буларни вақт кўрсатади",-дейди Фарғона вилоятидан мардикорликка келган Азимжон. Юртбошимиз шунча йил тўғри сиёсат юргизиб келдилар. Энди уларнинг ўрнига ўтирган раҳбар ҳам шу йўлдан борса, тинчлик-хотижамлик давом этаверади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, оилангиздан ҳеч хавотир олмай хоҳлаган ерингизга ишлашга бораверасиз. Тинчлик бўлмаса, масалан, шу Россияда хотиржам ишлай оласизми? Пулингиз кўп бўлса ҳам, тинчлик бўлмаса, татийдими?"-дейди у.

Ўзбекистонда ишсизлик ва етишмовчиликлар сабабли мамлакатдан ташқарига иш излаб кетишга мажбур бўлган инсонлар орасида янги раҳбар иқтисодий - ижтимоий аҳволни яхши томонга ўзгартиришига умид боғлаётганлари ҳам бор.

"Зора бир яхши ўзгаришлар бўлса энди, қачонгача ўрисларнинг меҳнатини қиламиз. Ўзбекистонда иш бўлса, шу ерларда тентираб юрмасмидик. Ўз оиланг бағрида яшашга нима етсин. Ўзбекистонда давлат бой бўлса ҳам, халқ камбағал эди. Халққа иш ўринлари яратиб берадиган, иш ҳақини, пенсияни ошириб, яхши яшашга шароит қилиб берадиган бир одам раҳбар бўлишига умид қиляпмиз. Энг муҳими эса, юртимиз тинч бўлсин", - дейди самарқандлик Алишер.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - http://bbc.in/2c00djI ёки BBCUZBEK
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook- BBC UZBEK
  • ◾Google+ BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (http://bbc.in/2bHZ9nr)
  • ◾Skype - bbcuzbekradio
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринган.