Президент Путин Ислом Каримов қабрига гул қўйди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

6 сентябр куни эрталаб Россия Президенти Владимир Путин Самарқанд шаҳрига борган.

Аэропортда учоқдан тушибоқ Президент Путин Ислом Каримов дафн этилган қабристонга йўл олган.

Россия раҳбари тиз чўкиб Ислом Каримовнинг қабрига қизил атиргуллар гулдастасини қўйган.

Президент Путин Самарқандда Хитойдан Россияга қайтгунча тўхтаб ўтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Бу Россия президентининг шахсий ташрифи бўлган.

Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Йирик 20 лик давлатлари раҳбарларининг саммити бўлиб ўтди.

Хитойда журналистларнинг саволларига жавоб қайтараркан, Россия президенти Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов руҳига ҳурмат бажо келтириш ниятида эканини маълум қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

У Каримов "Ўзбекистон учун кўп иш қилгани"ни таъкидлаган.

Бундан олдин матбуот котиби Дмитрий Песков Президент Путиннинг 3 сентябрдаги Самарқанддаги Ислом Каримовнинг дафн маросимида қатнашмаганини Россия раҳбарининг "тиғиз кун тартиби" билан изоҳлаган.

Самарқандда Президент Владимир Путинга Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлик қилган.

Россиянинг "Спутник" агентлиги хабар қилишича, Президент Путин Самарқанддаги Форумлар саройида Ислом Каримовнинг беваси Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримова-Тиллаева билан кўришган ва уларга ўз ҳамдардлигини изҳор этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Спутник" Президент Путиннинг Ислом Каримовнинг оиласи аъзолари билан мулоқоти оммавий ахборот воситалари вакилларисиз бўлиб ўтганини хабар қилган.

Россия матбуоти хабарларига кўра, Президент Путин Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан мулоқотда Ўзбекистон Россияга "энг ишончли шерик"дек ишониши мумкинлигини айтган.

Россия билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги давом этади, деб айтган Президент Путин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Албатта, биз Ислом Каримов қўйиб кетган ҳамма нарса давом этишига умид қиламиз. Биз, ўз томонимиздан Ўзбекистон халқи ва Ўзбекистон раҳбариятини қўллаб-қувватлаш йўлида имкони бор ҳамма нарсани қиламиз. Сиз бизга энг ишончли дўстдек тўла таянишингиз мумкин", дея Президент Путиндан иқтибос келтирган Россия оммавий ахборот воситалари.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳам Москва билан ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга интилишини айтгани ҳақида ёзмоқда матбуот.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Сизнинг бугунги ташрифингиз ҳам муносабатлар даражаси ҳақида айтиб турибди ва бунинг учун биз миннатдормиз. Биз Россия Федерацияси билан ташқи алоқаларда тўлақонли стратегик шерикликка эгамиз. Ва биз сиз ва Ислом Каримов узоқ йиллар давомида бунёд этиб келган кўприкни ривожлантиришда давом этамиз", дея Ўзбекистон бош вазиридан иқтибос келтирган оммавий ахборот воситалари.

Ислом Каримовнинг расман 2 сентябр куни 78 ёшида оламдан ўтгани эълон қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ислом Каримовнинг жасади ота-онаси кўмилган Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Ҳизр қабристонида 3 сентябр куни дафн этилди.

Каримов вафоти муносабати билан Ўзбекистонда уч кунлик мотам эълон қилинди.

6 сентябрдан Ўзбекистон телеканаллари одатий иш тартибига қайтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ