"Ўзбекистон АҚШ билан барқарор муносабатларни истайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи U.S EMBASSY TASHKENT
Image caption АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниэл Розенблюм Тошкентда ўзбекистонлик журналистлар билан.

АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниэл Розенблюм Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган.

Америка Қўшма Штатларининг Тошкентдаги элчилиги тарқатган хабарда айтилишича, "жаноб Розенблюм Президент Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига Қўшма Штатлар номидан ҳамдардлик билдириш ҳамда АҚШнинг Ўзбекистон суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлиги тарафдори эканини тасдиқлаш мақсадида Ўзбекистонга ташриф" буюрган.

Бу Президент Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Ўзбекистонга юқори лавозимли АҚШ расмийсининг биринчи ташриф бўлган.

Хабарларга кўра, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Дэниэл Розенблюм билан учрашувда Президент Каримов вафотидан кейин ҳам АҚШ Ўзбекистон билан олдинги алоқаларни сақлаб қолиш тарафдори эканини айтган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейинги юз бераётган илк раҳбарият ўзгариши пайтида АҚШ билан барқарор муносабатларни сақлаб қолишни истайди, дея ёзмоқда оммавий ахборот воситалари.

"Учрашувимиз пайти Комилов икки томонлама муносабатларда барқарорликни сақлаб қолишнинг кучли истагини билдирди. Шунинг учун унинг бу изҳоротини мен муҳим хабар сифатида қабул қилдим", деб айтган билан Дэниэл Розенблюм Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги музокаралардан кейин Тошкентдаги АҚШ элчилигида ўтказган матбуот анжуманида.

АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Дэниэл Розенблюмнинг Тошкентдаги учрашуви Россия Президенти Владимир Путиннинг Самарқандга шахсий ташрифи кунига тўғри келган.

Президент Путин Президент Ислом Каримов руҳига ҳурмат бажо келтириш учун борган.

У Самарқанддаги Ҳазрати Ҳизр қабристонидаги Ислом Каримов қабрига гул қўйган ва марҳумнинг оиласи аъзоларига ҳамдардлик билдирган.

Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан мулоқот олиб борганлар.

Президент Путин Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Россияга "энг ишончли шерик"дек ишониши мумкинлигини айтган.

Россия билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги давом этади, деб айтган Президент Путин.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев Тошкент ҳам Москва билан ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришга интилишини айтгани ҳақида ёзмоқда матбуот.

Ислом Каримовнинг расман 2 сентябр куни 78 ёшида оламдан ўтгани эълон қилинган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.