Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва мухолифат

Давра суҳбатини BBC O'zbekнинг YouTubeдаги каналида томоша қилинг

6 сентябр куни Ўзбекистонда мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан эълон қилинган уч кунлик расмий мотам ниҳоясига етди.

Мотамдан кейинги биринчи куннинг асосий сиёсий янгилиги Россия Президенти Владимир Путиннинг Самарқандга шахсий ташрифи бўлди.

Жаноб Путин Ислом Каримов қабрини зиёрат қилган ва унинг яқинларига ўз ҳамдардлигини изҳор қилган.

Бир кун олдин Хитойдаги "Йирик 20 лик" саммити якунларига бағишланган матбуот анжуманида Президент Путин Ислом Каримов Ўзбекистон учун кўп иш қилганини айтган ва Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти ҳам мамлакатдаги барқарорликни сақлаб қолади, деб умид қилишини таъкидлаган.

Жаноб Путин ташрифининг яна бир аҳамиятли жиҳати уни Самарқандда Бош вазир Шавкат Мирзиёев кутиб олган ва бутун ташриф давомида унга ҳамроҳлик қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг амалдаги конституцияси бўйича марҳум президентнинг ваколатлари бош вазирга эмас, балки Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевга ўтиши керак эди.

Жаноб Путиннинг ўзи Ислом Каримов вафот этган 2 сентябр оқшомида расмий таъзияномасини Мирзиёев номига эмас, балки Ниғматилла Йўлдошев номига йўллаган.

Ислом Каримовнинг вафотидан уч кун ўтган эса-да, Ўзбекистон Сенати ҳали фавқулодда йиғин ўтказгани йўқ ва президент ваколатлари кимнинг зиммасига юкланганини эълон қилгани йўқ.

Ҳукумат на ички ва на ташқи сиёсат борасида ҳозирга қадар бирон бир жўяли баёнот билан чиқмади.

Аммо жўяли баёнот қилмаган фақат ҳукуматгина эмас.

Чорак аср давомида Президент Каримов бошқарувини танқид қилиб келган ва Ўзбекистондаги сиёсий ҳокимиятга даъвогарлик қилиб келган Ўзбек мухолифати ҳам ҳозиргача мамлакатнинг келажаги борасида бирон-бир дастурий баёнот билан чиқмади.

Мухолифат деркан, биз бунинг яхлит эмас, балки турли гуруҳлардан ташкил топган, тарқоқ ва асосан мамлакат ташқарисида фаолият юритиб келган бир мухолифат эканини айтиб ўтишимиз керак.

Чунки Каримов Ўзбекистонида мухолифат сиёсий саҳнадан буткул четлатилган, Каримовдан бошқа биронта сиёсатчига минбар берилмаган эди.

Бундай сиёсатчи ҳозир ҳам пайдо бўлгани йўқ мамлакат ичкарисида.

Би-би-си Ўзбек Хизмати ўзининг Фейсбукдаги жонли мулоқотига марҳум Ислом Каримовга мухолиф гуруҳлар вакиллари, Швециядан таниқли мухолифат фаоли, ўтмишда "Бирлик" Халқ ҳаракати раҳбарларидан, собиқ СССР Халқ депутати Пўлат Охунов ва Туркиядан мухолифатчи, ўтмишда "Эрк" Демократик партияси фаоли ва бугунда "Туркистон жамияти" раҳбарларидан Намоз Нормўминни таклиф қилди.

Давра суҳбатини BBC O'zbekнинг YouTubeдаги каналида томоша қилинг

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.