Ҳокимиятни ким бошқаради: Йўлдошев ёки Мирзиёев?

Image caption Ўзбекистон Конституцияси бўйича, Сенат раииси Ниғматулла Йўлдошев айни вазиятда президентлик вазифаларини бажариб туриши лозим.

Ислом Каримовнинг вафотидан бир неча кун ўтиб ҳам унинг ўрнидаги муваққат раҳбардан бирор бир хабар ёки баёнот эълон қилинганича йўқ.

Давлат оммавий ахборот воситалари хорижий давлат раҳбарларидан келаётган таъзияномалар айнан кимнинг номига юборилаётганини айтишдан тийилиб турибдилар.

Каримов тириклигида матбуот ва телевидениеда чет эл раҳбарларидан юборилган ҳар қандай табрик ёки ҳамдардлик хатлари ўқиб берилган аввалги одатга амал қилинмаяпти.

2 сентябрда Россия ва Қозоғистон раҳбарлари Владимир Путин ва Нурсултон Назарбоев ўз таъзияларини Ўзбекистон Сенати раиси, Каримов вафотидан сўнг қонунчиликка биноан президентлик ваколатлари ўтиши керак бўлган Ниғматилла Йўлдошев номига юборган эдилар.

Image caption Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Самарқандда.

Айни пайтда, Владимир Путиннинг Самарқандга ташрифи пайти Россия Президентининг Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашгани давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилди. Кўпчилик рўзномалар Путиннинг Каримов қабрига тиз чўкиб тургани суратини ва марҳум президентнинг оиласи билан учрашгани лавҳаларини босишди.

Конституция бўйича президент ваколатлари ўтадиган Сенат раиси, Ниғматулла Йўлдошев эса бу ҳодисада кўринмади.

Ислом Каримовнинг вафотидан кейин ўтган вақт ичида Ўзбекистон Сенати ҳали фавқулодда йиғин ўтказгани йўқ ва президент ваколатлари кимнинг зиммасига юкланганини эълон қилгани йўқ. Ҳукумат на ички ва на ташқи сиёсат борасида ҳозирга қадар бирон бир жўяли баёнот билан чиқмади.

Бишкекда сентябр ўртасида ўтадиган МДҲ давлатлари саммитида ҳам Ўзбекистон келажагига боғлиқ масалалар муҳокама қилиниши кутиляпти.

16 сентябрда ўтиши режалаштирилган саммит бу борада бир қанча муҳим хулосалар қилишга имкон беради.

Таҳлилчиларга кўра, МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида Ўзбекистон номидан Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев эмас, Бош вазир Шавкат Мирзиёев иштирок этиши эҳтимолга яқинроқ.

МДҲ давлатлари институти директор ўринбосари Владимир Евсеевнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳокимиятнинг бошқа қўлга ўтиши аллақачон юз берган.

Конституция бўйича, Сенат раиси президентлик вазифаларини бажариб туриши лозим. Бироқ бўлажак президентлик сайловларида ундаги имконият катта савол остида.

"Ҳозирги пайтда Йўлдошев расман ҳокимият қўлида ҳисобланиши керак бўлса ҳам, амалда у ҳеч қандай кучга эга эмас", деб айтади Владимир Евсеев Спутник сайтига. Айнан Бош вазир Шавкат Мирзиёев халқаро саҳнада Ўзбекистон номидан гапириши мумкин".

Таҳлилчининг фикрича, саммит Ўзбекистон келажаги ҳақида бир қанча хулосалар қилишга имкон беради. "Ҳокимият иплари ҳозир бош вазир қўлида ва уни мустаҳкамлашга ҳаракат қилиши табиий".

Биринчидан, Ўзбекистон вакилларининг иштироки янги ҳукумат МДҲ доирасида ҳамкорлик қилишни мўлжалламоқдами? Бундай ҳамкорлик республика учун қанчалик муҳим?- деган саволга маълум маънода жавоб беради.

Тошкентда ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний иштирок этмади, зеро кўпчилик уни кутган эди. Бу шуни англатадики, Эрон учун ШҲТ жуда ҳам муҳим эмас. Бундай хулосани МДҲ саммитидан кейин Ўзбекистонга нисбатан ҳам бериш мумкин бўлади.

Иккинчидан бош вазир ҳақиқатдан ҳам ҳақиқий ҳокимиятга эга ёки йўқлигини кўрсатади, деб ҳисоблайди таҳлилчилар.

Image caption Россия Президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёев иштирокида марҳум президент Ислом Каримов беваси Татьяна Акбаровна ва кичик қизи Лола Каримова билан учрашди.

Ислом Каримов инсулт туфайли ҳаётдан кўз юмганидан буён ҳокимиятнинг ўтиш жараёни тўлиқ якунлангани йўқ. Кўпчилик экспертлар бошқарув ипларини МХХ дастагига эга бош вазир эгаллади, деган фикрда. Бироқ Мирзиёев ўзига қанчалик ишониши ҳали тушунарсиз.

Ўзбекистоннинг эҳтимолий янги раҳбари Туркия билан муносабатлар яхшиланишига мужда берди. Бир томондан Мирзиёев ўзини халқаро саҳнада кўрсатиши, танитиши керак. Бунинг учун ҳамма халқаро тадбирларга бош вазир қатнашиши, ҳокимиятда ҳақиқий раҳбар пайдо бўлгунига қадар кўпчиликни ўзига кўниктириши керак бўлади, деб ҳисоблайди Евсеев.

Бундан ташқари, таҳлилчининг фикрича, "ортиқча гап-сўзларни қўзғатмаслик учун" саммитга Йўлдошевни юборишлари ҳам мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.