UzWebiston: Икки шоир машмашаси

Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK NAZOKAT AZIM

Фейсбук ижтимоий тармоғида яна бир мавзуда баҳс бошланган.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан шоир Муҳаммад Исмоил шу кунларда хотираларни чоп эта бошлаган.

Уларнинг орасида қатор ўзбек ижодкорлари, жумладан Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азимнинг Ислом Каримов ҳақида айтганлари ҳақида ҳам сўз боради.

Хотиралар остига изоҳ қолдирган фойдаланувчилар Муҳаммад Исмоилни хайрли иш бошлагани билан табриклашган.

Айни пайтда шоир Усмон Азимнинг қизи Назокат Азим ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Муҳаммад Исмоилнинг хотираларига қарши отасининг раддиясини эълон қилди.

"5 сентябрь куни Муҳаммад Исмоил Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг хотиралари асосида ёзилган «Зилзила» ҳикоясини Фейсбукка чиқарди ва у бошқа ижтимоий тармоқларга ҳам тарқалиб кетгани маълум бўлди. Бу ҳикояда анча-мунча ноаниқликлар, хато ва камчиликлар бўлгани боис Усмон Азим у ерда келтирилган фактларни рад этади.

Бу воқеа аслида қандай бўлганини Усмон Азимнинг ЎЗИ ёзган "Зилзила" хотира лавҳасини ўқиб билиб олишингиз мумкин", дейилади раддияда.

"Усмон Азимнинг "Зилзила" ҳикояси "Даракчи" газетаси буюртмасига асосан, Муҳаммад Исмоилдан аввал ёзилган бўлиб, у 2016 йилнинг 4 сентябрь куни газета таҳририятига топширилган ва нашрнинг эртанги 36-сонида ўқишингиз мумкин.

Бундан бу ёғига эса, Усмон Азим ўзи ҳақидаги ҳар қандай воқеаларни ёзишдан аввал ундан рухсат сўралишини қатъий талаб қилади. Бундан ташқари, Усмон Азим ўзи иштирок этган воқелар ҳақида ўзи қалам тебратишга қодир эканини ҳам маълум қилади", дейилади шунингдек.

Усмон Азимнинг ушбу раддияси ҳам тез орада ўқувчиларнинг эътиборини тортиб, қўйилган пост "лайк"лар қилиниб, ўнлаб изоҳлар қолдирилган.

Muzaffar Mirzaev: «Зилзила» Усмон Азимнинг қаламида қандай ёзилган-рости, ўқимадим. Лекин, Мухаммад Исмоилнинг «варианти»да ҳам - айни маъно ва мақсад кўзда тутилган деб ўйлайман. Нотўғри фикр берган бўлсам-олдиндан узр. Бу менинг-шахсий фикрим, деган фикрига жавоб қайтарган

Nazokat Azimга кўра, "Усмон Азимнинг варианти газетанинг эртанги сонида чоп этилади. Хали таҳририят ходимларидан бошқа ҳеч ким ўқимаган".

Muzaffar Mirzaev: Усмон акамизнинг қалами, қарашлари ва зехни ўткирлигига-шубхам йўқ! Мақола-хикояни албатта ўқиш ниятидаман.

Maqsud Jonixonov: Усмон Азимни мард ва меҳрибон инсон, улкан шоир сифатида ҳурмат қиламан. Бу раддиядан кейин Усмон акага бўлган ҳурматим юз чандон ошди.

Feruz Ziyodullayev: Ёзувчининг уй-хаёллари ва хотираларини унинг узидан бошқа хеч ким яхши ёза олмайди. Мен Мухаммад Исмоил ёзган "Зилзила"ни уқимадим. Лекин эртага насиб қилса Усмон Азимнинг "Зилзила"сини уқиш ниятидаман.

Бу изоҳлар орасида Муҳаммад Исмоилнинг ўзини ҳам муносабат билдирганини кўриш мумкин:

"ҲАҚИҚАТДАН ҲАМ УСМОН АКА ТЎҒРИ АЙТИБДИЛАР. БУ ВОҚЕАНИ МЕНГА АЙТИБ БЕРГАНЛАРИГА БИР НЕЧА ЙИЛ БЎЛГАН ЭДИ. АНИҚ ВА ТЎҒРИРОҒИНИ УЛУҒ УСТОЗИМИЗ УСМОН АЗИМНИНГ ЎЗЛАРИ ЁЗГАН ҲОЛАТИДА "ДАРАКЧИ" ГАЗЕТАСИНИНГ ЭРТАНГГИ СОНИДА ЎҚИШИНГИЗ МУМКИН. БИРОЗ НОАНИҚЛИКЛАР ЎТГАН БЎЛСА АЗИЗ ЎҚУВЧИЛАРИМИЗДАН ВА УСТОЗ УСМОН АЗИМДАН КЕЧИРИМ СЎРАЙМАН. АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ МУҲТАРАМ ЮРТБОШИМИЗНИ ЯХШИ ИШЛАРИНИ ЯХШИ ХОТИРАЛАР БИЛАН ЭСЛАШ ЭДИ ХАЛОС. УЛУҒ ЮРТБОШИМИЗНИ ЖОЙЛАРИ ЖАННАТДАН БЎЛСИН, БАРЧА ХАЙРЛИ ИШЛАРИНИНГ АЖРУ МУКОФОТИНИ ОЛЛОҲИМДАН ОЛСИНЛАР", деб ёзади у.

Ўз навбатида Муҳаммад Исмоил Фейсбукдаги саҳифасида ҳаммага мурожаат қилиб, кимки, унинг "Зилзила" номи остида хотиралар китобини бўлишган, ўз саҳифасида чоп қилган бўлса, ўчириб ташлашни сўраган:

"МУҲТАРАМ ФБДОШ ДЎСТЛАР ! КИМКИ МЕНИ САҲИФАМДАН "ЗИЛЗИЛА" НОМЛИ ХОТИРА ЁЗУВЛАРИМНИ ЎЗ САҲИФАСИГА КЎЧИРИБ БОСГАН БЎЛСА, ЯЪНИ "ПОДЕЛИТЬСЯ" ҚИЛГАН БЎЛСА, ЎЗ САЙТЛАРИГА ҚЎЙГАН БЎЛСА, ҚОҒОЗГА КЎЧИРИБ ОЛГАН БЎЛСА, ИЛТИМОС ЎЧИРИБ ТАШЛАШИНГИЗНИ СЎРАЙМАН. КИМКИ МЕНИ ҲУРМАТ ҚИЛСА УШБУ ИЛТИМОСИМНИ РАД ЭТМАЙДИ ДЕГАН УМИДДАМАН. ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ҲАҚИДАГИ ЯНГИ ЯНГИ ҲИКОЯЛАРНИ ЭСА ЁЗИШДА ДАВОМ ЭТАМИЗ ! РАҲМАТ ДЎСТЛАР !" дейди Муҳаммад Исмоил.

Фойдаланувчилар Назокат Азимдан Усмон Азимнинг ўзининг ёзганларини жойлашини сўраганлар.

Gulnora Rahmon Назокатхон, саҳифангизга қўйинг, ўқиймиз, дейди.

Nazokat Azim: Кейинги ҳафтанинг ўрталарида қўёламан:)))) Мақола нашрга берилгач, у чоп этилиб, одамларнинг қўлига етиб бормагунга қадар уни интернетга чикармаслик ёзилмаган қоида бўлиб қолди.

Изоҳлар орасида шоир Муҳаммад Исмоилни танқид қилганлари ҳам бор.

Бундай салбий изоҳларга фикр билдираркан Усмон Азимнинг қизи Nazokat Azim: Дўстлар, мазкур пост билан Муҳаммад Исмоилни асло хафа қилиш ниятимиз йўқ эди. Аммо бу раддия бўлмаса, бир воқеанинг икки хил ёзилиши одамларда турли саволлар туғдириши мумкин эди. Айниқса, Президентимиз билан боғлиқ бўлгани учун инжиқлик қилдик. Муҳаммад ака, ишларингизга ривож, ижодингиз гуркирайверсин!", дея тилак билдиради.

Би-би-си икки шоирга шарҳ учун қўнғироқ қилди. Бироқ улар билан уланишнинг имкони бўлмади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - http://bbc.in/2c00djI ёки BBCUZBEK
  • ◾Instagram - BBC UZBEK
  • ◾Twitter - BBC UZBEK
  • ◾Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • ◾Facebook- BBC UZBEK
  • ◾Google+ BBC UZBEK
  • ◾YouTube - BBCUZBEK (http://bbc.in/2bHZ9nr)
  • ◾Skype - bbcuzbekradio
  • ◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.