OCCRP: 'Ислом Каримовдан кейин улоқни ким олади?'

Фото муаллифлик ҳуқуқи OCCRP

2 сентябрда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатни 25 йил бошқариб келган президент Ислом Каримовнинг ўлимини тасдиқлади.

"Ушбу мурожаат Марказий Осиёдаги мамлакатларнинг ёпиқлигини яна бир карра намоён этган ҳолда, баъзи оммавий ахборот воситаларининг Ислом Каримов вафот этгани ҳақида хабар берганидан қарийб бир ҳафта ўтиб эълон қилинди", деб ёзади Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш ташкилоти- OCCRP юқоридаги сарлавҳа билан чоп этган мақоласида.

Мақоланинг қисқача баёнини келтирамиз.

"Кузатувчилар фикрича, ҳозирда мамлакат ичкарисидаги доираларда, ёпиқ эшиклар ортида, Каримовнинг вориси ким бўлиши ҳақида шубҳасиз шаффоф бўлмаган жараёнлар кетмоқда.

Гап нафақат ҳокимиятни қўлга олиш, балки Каримов томонидан бунёд этилган коррупция ва шафқатсиз репрессияларга асосланган тузум устидан назорат ўрнатиш ҳақида ҳам бормоқда.

Мамлакат мустақил бўлган 1991 йилдан бери мамлакатдаги кланлар ўртасидаги қарама-қаршилик ҳокимиятга даъвогарларни сотиб олиш эвазига мувозанатда ушлаб турилди. Каримов фикри билан келишмаганлар қувғинга учради ёки панжара ортига ташланди.

Каримовдан кейин кимнинг ҳокимиятни эгаллаши Миллий Хавфсизлик Хизматининг раҳбари Рустам Иноятовнинг хоҳиш-истагига боғлиқ. 72 ёшли Иноятов мамлакат ичида катта таъсир кучига эга деб қаралади, бироқ унинг шахсан ўзи энг юқори лавозимга даъвогарлик қилмайди.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, энг эҳтимолий номзодлар сифатида 58 ёшар Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва унинг ўринбосари, Молия вазири 57 ёшли Рустам Азимов тилга олинади.

Мустақил Ўзбекистонни фақат Ислом Каримов бошқариб келганини ҳисобга олинса, бу эҳтимолий томоша қизиқишни янада оширади , дейди Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Брюс Паньер.

"Ўзбекистонда 1991 йилдан бери ҳокимиятнинг алмашинуви юз бермагани боис, биз айни пайтда очилмаган қўриқда турибмиз", дейди у.

"Ўзбекистондаги энг шов-шувли коррупцион ишларга Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам аралашган. Каримова хоним ўзининг хизмат вазифасидан фойдаланиб, Ўзбекистонда бизнес билан шуғулланиб келган хорижий телекоммуникация ширкатларидан 1 миллиард АҚШ долларидан кўп маблағ тўплаган, деб келтиради Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш ташкилоти (OCCRP).

Каримова қачонлардир отасининг вориси сифатида кўрилган эди. Ҳозир у уй қамоғида деб ишонилади.

Лекин таҳлилчиларга кўра, Гулнора Каримованинг ҳаракатлари ҳокимиятни суистеъмол қилиш тизимининг бир қисмигина холос.

Каримов ўзининг бошқаруви даврида кам сонли нуфузли ва бадавлат бизнесменларга имкон берди, уларнинг қувватлови эса иқтисодий имкониятлар билан тақдирланди.

"Иқтисод ёпиқ ва олигарх гуруҳлар назоратида. Шунинг учун мамлакатга янги инвестицияларни жалб қилиш бошқарувдаги оила билан алоқаларсиз ёки яхши муносабатли маҳаллий ширкатлар билан ҳамкорликсиз мушкул ҳисобланади, дейдиди Халқаро " Transparency International" ташкилоти 2015 йилдаги ҳисоботида.

Каримов раҳбарлигидаги Ўзбек ҳукумати судлардан коррупцияга қарши кураш ниқоби остида бадавлат одамларни таъқиб қилишда фойдаланиб келдилар.

"Ўтмишда коррупцияга қарши кампаниялар бизнес рақобатчиларни нишонга олиш, уларни таъқиб қилиш билан олиб борилди", дейди Британиянинг Экзетер университети доктори Дэвид Льюис.

2010 йилда йирик бизнесменларни солиқдан бўйин товлаш ва порахўрлик айбловлари билан айблаб ҳисбга олишлар бошланди, баъзилари мамлакатдан қочиб кетишга мажбур бўлди.

Ўзбекистоннинг марказлаштирилган иқтисодий тизими коррупцияга кенг имкониятлар очиб беради.

Пахтадан йилига 1 миллиард доллар даромад оладиган Ўзбекистон уни ишлаб чиқариш бўйича дунёда бешинчи ўринда.

Миллиондан ортиқ ўзбек фуқаролари кам иш ҳақи эвазига ёки умуман бепул ҳосилни йиғиб олишга мажбурлар.

Қишлоқ хўжалик фондидан сиздирилган маълумотларга кўра, бюджетдан ташқари фонд фақат энг юқори мулозимлар учун имконли.

Халқаро Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти Жаҳон банкига Selkhozfondга қарши очиқ хат билан мурожаат қилган.

Ўзбекистоннинг иккинчи президенти ким бўлишидан қатъий назар ҳудудий, ишлаб чиқариш ва сиёсий баҳсларни мувозанатда ушлаб туришга ҳаракат қилиши кутилади.

Каримов президентлигининг энг бошиданоқ мамлакатда етакчи кланлар бўлган Самарқанд, Тошкент ва Фарғона кланлари масъулиятни тақсимлаб олганлар. Каримовнинг ўзи мансуб Самарқанд клани мамлакат ички ишлар вазирлиги устидан тарихий назоратини давом эттирди.

Ўзбекистоннинг ёпиқ давлатлигини эътиборга олган ҳолда, ҳокимиятга ким келиши, улоқни ким олиши номаълум. Лекин шуниси аниқки, мамлакат Каримов вафоти билан шаффофлик ва демократия томон қадам ташламайди, дейди Фергана.ру сайтининг муҳаррири Д.Кислов.

Унинг айтишича, "Либерализация юз бермайди". "Каримов ўлимидан сўнг ҳокимият яна ўша гуруҳлар чегарасида қолади. Иккинчи Каримов ҳокимиятга келади",

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.