Тошкентнинг "Абу Сахий" бозорида 'текширувлар бошланган'

"Абу Саҳий"

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, солиқ идоралари пойтахтнинг йирик улгуржи бозори "Абу Сахий"нинг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни бошлаган.

Sputnik агентлигининг Ўзбекистон куч тизимларидаги манбадан иқтибос келтиришича, текширувлар бозорда валюта қонунчилигининг бузилаётгани, маҳсулотлар Ўзбекистонга божхона қонунчилигини четлаган ҳолда олиб келинаётгани ва уларнинг савдосидан солиқ тўланмаётгани ҳақидаги маълумотлар ортидан бошланган.

Агентлик манбасининг қайд этишича, бу каби маълумотлар "сўнгги бир неча йил мобайнида "жосуслик тармоқлари" орқали етиб келган.

Аммо Би-би-сининг "Абу Сахий"га яқин манбаси текширувлар бошланганини рад этди.

Унинг айтишича, бозор бугун очиқ ва одатдагидек фаолият кўрсатмоқда.

"Абу Сахий" марҳум президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаевга тегишли деб ишонилади.

2013 йилда Лола Каримова-Тиллаева билан опаси Гулнора Каримова ўртасидаги келишмовчилик матбуотга сизган пайт ҳам "Абу Сахий" да текширувлар бошлангани ҳақида хабарлар олинган, аммо бозор ўз фаолиятини давом эттирганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lola Karimova-Tillyayeva
Image caption Темур Тиллаев қайнотасининг жанозасида кўринмаган

2013 йилда Би-би-сига гапирган Каримова-Тиллаева хоним турмуш ўртоғининг ўз бизнес манфаатларига эга эканини эътироф этган, аммо унинг давлат тендерлари ва солиқ имтиёзларига алоқаси йўқлигини таъкидлаганда.

"Унинг бизнеси солиқлар ёки қандайдир божхона тўловларидан соқит қилинувчи давлат имтиёзларига эга эмас, ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган бошқа ширкатлардан фарқли ўлароқ, монополия эмасдир. Менинг турмуш ўртоғимнинг бизнеси тўлалигича хусусий маблағ ва сармояларга қурилган, ва бошиданоқ унинг ўзи шу ширкатга асос солган. Унинг бизнесининг ҳеч қачон менинг қариндошларим билан боғлиғлик жойи бўлмаган", деб айтган Лола Каримова-Тиллаева хоним.

У 29 август куни Instagram даги саҳифасида отасининг касаллиги ҳақидаги хабарига турмуш ўртоғи Темур Тиллаев ҳам бўлган оилавий суратни илова қилган.

Аммо жаноб Тиллаев қайнотасининг Самарқанддаги дафн маросимида кўринмаган.

Шунингдек, маросимда марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳамда набиралари ҳам иштирок этмаган.

Би-би-си манбасининг айтишича, Темур Тиллаев Тошкентни Ислом Каримовнинг вафоти расман эълон қилинишидан аввал тарк этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.