Мирзиёевни танқид қилгани учун маҳалласидан бадарға қилишмоқчи
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мирзиёевни танқид қилгани учун маҳалласидан бадарға қилишмоқчи

Буни Навоий вилояти Кармана туман ҳокимлиги уюштираяпти, дейди ногирон журналист ва инсон ҳақлари фаоли Дилдора Боймуродова.

Дилдора Боймуродованинг айтишича, Ислом Каримов вафоти муносабати билан Ўзбекистонда эълон қилинган мотам Навоий вилоятида қандай ўтаётгани ҳақида "Озодлик" радиосига интервью берган.

"Каримовдан норози халқ энди ёмғирдан қутулиб дўлга тутиладими, деган саросимада, деб айтдим", дейди Дилдора Боймуродова Би-би-сига.

Кейинги куни Кармана туманидаги "Катта масжид" маҳалласидаги Боймуродованинг хонадонига 20 тача аёл бостириб кирганлар.

"Нега "халқимиз ёмғирдан қутилиб..." дейсан? Нима учун муҳтарам президентимизни ёмғирга ўхшатасан? "Нега бош вазирни дўлга ўхшатасан?!", "Нега вилоятимиз, туманимиз номига доғ туширасан?!" дея хўп тергов қилишди, дейди Дилдора Боймуродова.

Охири мени касал қилиб кетишди, дейди у.

Дилдора Боймуродованинг айтишича, ўзининг уйига ноқонуний бостириб кирган ва аксари нотаниш аёлларга "Катта масжид" маҳалла фуқаролар йиғини посбони Ҳаким Худойбердиев ҳамроҳлик қилган.

Кейинги куни эса "Катта масжид" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилмурод Қаюмов Дилдора Боймуродовани маҳалладан ҳайдаш кераклигини айтган.

Би-би-си Дилмурод Қаюмов билан боғланди ва ўз фикрини айтган инсонни маҳалладан кўчириш қанчалар қонун доирасидаги амал, деган саволни берди.

Мобил телефонида жавоб беришни бошлаган маҳалла раҳбари, халқ тили билан айтганда, оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан Дилдора Боймуродовани ҳақоратлай кетди.

Сўнг эса мобил телефонини ўчириб қўйиб қўнғироқларга жавоб бермади.

Дилдора Боймуродованинг хонадонига бостириб кирган аёллар бу топшириқ Кармана туманининг ҳокими Шарофиддин Исматовники эканини айтганлар.

Би-би-си Кармана туман ҳокими Шарофиддин Исматовдан муносабатини билишга ҳаракат қилди.

Туман ҳокимлигида телефон гўшагини кўтарган котиба нима мақсадда қўнғироқ қилаётганимизни сўраб, ҳокимликнинг бир масъулини чақирди.

Туман ҳокимлигида қандай вазифада ишлашини айтмаган масъул 10 дақиқадан кейин қўнғироқ қилишимизни сўради.

10 дақиқадан кейин ҳам ўзини таништиришни истамади.

Нима мақсадда мурожаат қилаётганимизни сўради ва муддао интервью эканини билгач, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Сўнг гўшакни яна котиба қиз кўтарди ва кимнингдир буйруғига кўра ҳеч нарса демасдан гўшакни қўйиб қўйди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.