‘Ўзбекистон Каримов концепциясига содиқ қолади’

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев қўшилмаслик сиёсатини давом этдиришга ваъда берган.

Расмий Тошкент ташқи сиёсатда марҳум президент Ислом Каримов даврида қабул қилинган концепцияга содиқ қолишини айтган.

Хабарларга кўра, муваққат президентнинг бу сўзлари Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг кеча пайшанба куни бўлиб ўтган қўшма мажлиси чоғида янграган.

"Худди аввалгидек, бирор бир ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмаслик, хорижий давлатларнинг базалари ва объектларининг Ўзбекистон ҳудудига жойлаштирилишига, шунингдек, ўз ҳарбийларимизнинг ҳам четдаги ҳозирликларига изн бермаслик - мамлакатимизнинг қатъий позицияси бўлиб қолаверади", - дея баён қилган жаноб Мирзиёев.

Ўзбекистон муваққат президентининг бу сўзлари акс этган нутқи маҳаллий оммавий-ахборот воситаларининг жума кунги чиқишларида ўз аксини топган.

Жаноб Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг энг устивор йўналишларидан бири - ўзаро миллий манфаатлари боғлиқ бўлган Марказий Осиё минтақаси бўлиб қолаверади.

"Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз: Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз", - деб айтган у.

Ўзбекистон муваққат президентининг баён қилишича, шунинг баробарида, қолган МДҲ давлатлари билан муносабатларини ривожлантириш, биринчи навбатда, Россия билан ҳар икки мамлакат манфаатларига жавоб берувчи ва минтақа хавфсизлигига хизмат қилувчи икки томонлама шартнома ва келишувлар асосида ўзаро алоқаларини изчиллик билан тараққий топтириш ва мустаҳкамлаш ҳам ташқи сиёсатларидаги муҳим қирралардан бири бўлиб қолаверади.

Аммо

Лекин, худди шу ўринда Шавкат Мирзиёев чиқишидан аён бўлишича, АҚШ билан ҳар томонлама манфаатли ва конструктив ҳамкорлик масаласи ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим аҳамият касб этиб қолаверади.

"Ўзбекистон бундан буёғига ҳам яқин минтақавий қўшниси, минтақавий ва глобал муаммоларнинг ечимида муҳим роль ўйновчи Хитой Халқ Республикаси билан ҳар томонлама стратегик ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдордир", - дейилади унинг чиқишида.

Шавкат Мирзиёев Осиё-Тинч Уммони ҳавзаси давлатлари назарда тутилганда, энг аввало Япония ва Корея Республикасини номма-ном тилга олган.

Расмий Тошкент ҳавзадаги қолган давлатлар билан ҳам иқтисод, сармоя, илм-фан ва технология, маориф, соғлиқни сақлаш ва сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик муносабатларини тараққий топтиришга катта эътибор қаратишини айтган.

Энг аввало Германия, Франция ва Буюк Британиянинг номини бирма-бир тилга олиб, Ўзбекистон Оврўпонинг етакчи давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида урғу беришини билдирган.

Ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли алоқаларни тараққий топтиришни давом этдириш масаласида сўз кетганда, Шавкат Мирзиёев умумиятла Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларини ҳам назардан қочирмаган.

Ўзбекистон муваққат президенти, ўз ўрнида, БМТ, ШХТ, МДҲ, Исломий Ҳамкорлик Ташкилоти ва қолган халқаро ташкилотлар билан алоқада бўлиш ва ҳамкорлик қилиш ўз мамлакати миллий манфаатларига жавоб беришини айтган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда Жаҳон Банки, Осиё Тараққиёт Банки, Исломий Тараққиёт Банки ва Халқаро Валюта жамғармаси каби турли халқаро молиявий ва иқтисодий ташкилотлар билан иқтисоддаги структуравий ислоҳотларни дастаклашга қаратилган ҳамкорликни тараққий топтириб бораверишини таъкидлаган.

Ташқи сиёсат

Эслатиб ўтиш жоиз, унинг бу чиқиши Ўзбекистон дохил аксарият Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув, чегараларидаги зиддиятли баҳсли ҳудудлар, энергия таъминоти ва транзит масалалари юзасидан муаммолар ҳануз ўзининг муқобил ечимини топмаган бир вазиятда янграган.

Марҳум Ислом Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистон ҳукумати юритган ташқи сиёсат эса, аксарият халқаро сиёсий таҳлилчилар томонидан "беқарор", эканликда баҳо топиб келган.

Расмий Тошкент шу пайтгача Россия етакчилиги остидаги сиёсий-иқтисодий ташкилот ва блокларга қўшилишга ҳам рўйхушлик бермаган.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ўз чиқишида "давлатимиз хавфсизлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашимиз, ҳар бир фуқаронинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашимиз лозим", деркан, -" Вазиятни издан чиқариш, нифоқ солиш, душманлик уруғини сепиш, турли можароларни келтириб чиқариш ва ҳатто қон тўкилишини истаётган кучлар ҳам мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас"лигини баён қилган.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва ҳуқуқ-тартибот органларини бундан кейин ҳам ҳар томонлама мустаҳкамлаб боришларини таъкидлаган.

"Мамлакат суверенитети ва мустақиллигига хавф туғдирадиган ички ва ташқи кучларнинг ҳар қандай ҳаракатлари, ҳар қандай уринишларига қатъий ва муносиб зарба берилиши"ни айтган.

Президент Ислом Каримов 25 йиллик бошқаруви ортидан, шу йилнинг 2 сентябр куни 78 ёшида вафот этганди.

Унинг вафотидан 6 кун ўтиб, кеча пайшанба куни Ўзбекистон Сенати Бош вазир Шавкат Мирзиёевни мамлакат президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган ва Марказий Сайлов комиссиясига президент сайлови ўтказишни тавсия этганди.

Расмий хабарда айтилишича, Мирзиёев номзодини Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев таклиф қилган.

Ўзбекистон конституциясининг 96-моддасига биноан, марҳум президентнинг ваколатлари вақтинча Сенат раисига ўтиши керак эди.

Хабарларга кўра, Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев вақтинча президент вазифасини зиммасига олишдан ўз ихтиёри билан воз кечган.

Тошкентдан ҳозиргина олинган расмий хабарлардан Ўзбекистон резиденти сайловларининг шу йилнинг 4 декабр куни бўлиб ўтиши маълум бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.