“Бизга қаттиққўл раҳбар керак”

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Шавкат Мирзиёевнинг муваққат президент этиб сайланиши ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларни иккига ажратиб қўйган.

Бир томон муваққат президентликка сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев эмас, амалдаги Бош вазирнинг сайланишини конституциянинг қўпол равишда бузилиши, дея баҳолаган.

Иккинчи тараф эса, Ўзбекистонда тинчликни таъминлаш учун конституциянинг поймол этилишига кўз юмиш мумкинлигини билдирмоқда.

"Ҳожатхона қоғозига айланган конституция"

Эътиборли томони шундаки, конституция мезонлари қўпол равишда бузилди, деган тоифа сони анча кўп ва улар бу фикрларини очиқдан-очиқ ошкор қилмоқдалар.

Маҳмуд Йўлдошев исмли "Facebook" фойдаланувчиси ўз саҳифасида Олий мажлис қўшма йиғилишидаги сўнгги қарор конституциянинг поймол қилиниши билан тенг, дейди.

"Бу қонун юридик кучга эга эмас. Агарда Н. Йўлдошев ўз хоҳиши билан Вақтинчалик Президент лавозимидан воз кечганда ҳам, Сенат ўз сафидан вақтинчалик Сенат Раисини сайлаши керак эди ва ЎША шахс Вақтинчалик Президент лавозимини ижро этиши керак. Бу ҳолатда Н.Йўлдошев автомат равишда Сенат раислигидан ҳам кетади", - дейди у.

Ушбу баҳсга мутахассислиги ҳуқуқшунос бўлган ватандошлар ҳам қўшилган.

"Бош вазир Мирзиёев конституцияни ҳожатхона қоғозига айлантирди. У Ўзбекистон Республикаси Конституцион тузумига тажовуз қилди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиши керак", - дейди ҳуқуқшунос Озодбек Каримов.

Озодбек Каримовнинг ёзишича, Ўзбекистон қонунчилиги бўйича Сенат раиси муваққат президент вазифасини бажаролмаган тақдирда, уни қайтадан сайлаш керак. Бу ҳолатда Конституцион Маҳкама ҳам иштирок этиши лозим бўлади.

"Давлат тўнтариши содир бўлди. Бизнинг биринчи президентимиз Ислом Каримов бу хиёнатдан сўнг гўрида тик турди", - дейди Озодбек Каримов.

Ушалмаган орзулар

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари янги президент сайланиши арафасида ширин орзуларга берилганини ва Бош вазирнинг муваққат президент этиб сайланиши ортидан ушбу орзулари чиппакка чиққанини ёзишган.

"Ҳеч бўлмаса конституцияга амал қилиши керак эди. Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлиб туриб ҳам номзодини қўйганида сайловни ютиб чиқиши мумкин эди. Алал-оқибат ҳокимият тепасига келарди. Лекин конституцияни бузиб нотўғри қилди", - дейди фойдаланувчилардан бири.

Олий мажлиснинг 2011 йил 18 кунги йиғилишида Ислом Каримов Конституциянинг 96-чи моддасига ўзгартириш киритишга қандай эҳтиёж борлигини айтган эди.

"Мамлакат президенти турли сабабларга кўра ўз вазифасини бажара олмайдиган вазият юзага келганда, ушбу моддани турлича талқин қилишга йўл қўймаслик мақсадида, унинг янги таҳрири қуйидаги мазмунда баён этиш таклиф қилинади", - деган эди Ислом Каримов.

Марҳум президент ушбу ўзгариштиришни тўғри қабул қилишни айтганди.

Унга кўра, президентга бир кор-ҳол бўлганида тушунмовчиликлар пайдо бўлмаслиги, қабилалар ўртасида тортишувлар келиб чиқмаслиги учун шундай ўзгартириш киритилган.

Бироқ 8 сентябр куни бўлган Олий Мажлис йиғилишида ушбу ўзгартириш осонлик билан айланиб ўтилди.

Сенат раисининг ўз истаги билан муваққат президентлик лавозимидан бош тортиши ва ўрнига Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг тайинланишини тўғри қабул қилган томон ҳам бор.

Улар томонидан билдирилган фикрлардан шундай маъно келиб чиқадики, Ниғматилла Йўлдошев ўз истаги билан бу лавозимдан воз кечди ва Бош вазирни муваққат президент лавозимига ўтириши учун барча сенаторлар якдиллик билан овоз беришди.

"Улар қандай бўлиши керак бўлса, шундай йўл тутишди. Улар ким раҳбар бўлиши ва мамлакатимизда тинчликни сақлашини яхшироқ билса керак. Бизга қаттиққўл раҳбар керак", - дейди Евгения Сейтхалилова.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.