Нуқтаи назар: "Ўзбекистоннинг бош муаммоси терроризм эмас, ўз сиёсати"

Сара Кензиор,

Марказий Осиё тадқиқотчиси

Тошкент

Аҳолисининг аксари мусулмон бўлган ва Афғонистон билан чегарадош Ўзбекистон келажаги билан боғлиқ асосий саволлардан бири жангари Ислом мамлакатдаги вазиятдан фойдаланиб, не қадар хавф сола бошлаши ҳақидадир.

Бу хавотир ва савол янгилик эмас. Ғарб айни савол устида 25 йилдан бери бош қотириб келади. Жавоб эса ҳамиша, "йўқ, бундай хатар мавжуд эмас" қабилида эди.

Ўзбекистон "жангари исломчилар ўчоғи" деган "обрў"сига қарамай у ерда террорчи ҳужумлар камдан-кам рўй беради.

Исломчи гуруҳлар кенг тарқалмаган ва аксар мусулмонларнинг уларга қўшилиш истаклари йўқ.

Аксинча, мамлакат ва унинг аҳолисига асосий хавф Хавфсизлик Хизматидан келиши эҳтимоли кўпроқ.

Ислом Каримовнинг вафоти ҳудди унинг ҳаёти каби бўлди. Яъни сир-асрорларга тўла ва асосан миш-мишлар орқали муҳокама қилинди. Миш-мишлар айни авторитар ва ёпиқ мамлакатда маълумотнинг асосий манбасига айланган.

Ўзининг 27 йиллик бошқаруви даврида Ислом Каримов халқ эркинликларини топтади ва тазйиқлар ҳақидаги далилларни беркитди.

Лекин маълумот тизимининг назорати унданда барҳаётроқ бўлиб чиқди.

Ўзбекистон исломий жангарилар хавфи остида, деган қараш Ислом Каримов тарғиботи ва назоратни қаттиқ ушлаш ҳаракатларининг ҳосиласидир.

Марҳум Каримов ўзбекларни ўз эътиқодларига риоя қилишларини қўллади, лекин жуда тор ва ҳукумат кўрсатмаларига мос тушувчи, шунингдек, давлат томонидан маъқулланган масжид ва имомлар ёрдамидагина бўлишини талаб қилди.

1990-йиллар мобайнида ҳукумат мамлакатнинг демократик Конституциясини ёзишга кўмак берган сиёсатчиларни қамоққа ташлади, ёки мамлакатдан чиқариб юборди. 90-йиллар охирларида эса кўплаб масжидларни ёпди. Шу билан бирга, "Оллоҳ бизнинг қалбимиз ва юрагимизда" деган китобни нашр этди.

1990- йилларда ҳукуматнинг асосий "балогардон"и "Ҳезбу Таҳрир" эди. Ташкилотнинг варақа ва китоблари ўзгача фикрловчиларнинг машина ва уйларига ташланиб, ҳибсга олиш учун "баҳона" сифатида ишлатилди.

1999 йили Тошкентда, тахмин қилинишича, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати томонидан уюштирилган портлашлар рўй берган вақти ҳукумат бу амалларга алоқаси бўлмаган минглаб кишиларни қамоққа ташлади.

2005 йили таниқли ишбилармонларнинг ҳибсга олиниб, маҳкамага тортилишлари Андижонда кенг миқёсли норозиликларни келтириб чиқарди. Ҳукумат намойишчиларни ўққа тутиш билан жавоб берди, юзлаб инсонлар ҳалок бўлди.

Ҳукумат намойишларни ташкиллаштиришда "Акромийлар" гуруҳини айблади ва куч ишлатиш лозим бўлганлигини таъкидлади. Лекин "Акромийлар" ўзбек давлат тарғибот машинасининг ҳосилидир.

Ҳозирда Ислом Каримовнинг вафоти билан мамлакат беқарорлик босқичига кириб бормоқда. Лекин Ўзбекистон бош кўтараётган терроризмга юзма-юз келади, деб айтиб бўлмайди.

Террорчи ташкилотлар сафларига қўшилган ўзбекистонликлар сони бир неча юздан бир-икки мингга қадар дейилади. Ўзбекистонга хавф солиш даражасида ташкиллашган бирон ўзбек жангари гуруҳи йўқ. Аксинча, улар кўпда бир-бирига рақиб гуруҳлар бўлиб, одатда бошқа мамлакатларда кечаётган ҳодисалар билан қизиқадилар.

ИШИД каби террорчи ташкилотлар ўзбеклар томонидан бошқарилмайди ва асосини ҳам ўзбек жангарилари ташкил этмайди. "Ўзбек террорчилар" дегани булар айнан Ўзбекистондан эканликларини ва мамлакатдаги вазият билан қизиқишларини ҳам англатмайди.

Кўплаб ўзбекистонликлар Россияда меҳнат муҳожирлигида ва айримлар ўша ерда террорчи гуруҳлар сафларига тарғиб этилганлар.

Ўзбекистонни ўзининг асосий эътибор марказига қўйган гуруҳлар эса кам. Масалан, "Ислом Жиҳоди Бирлашмаси" ёки анчайин заифлашган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатини айтиш мумкин.

Албатта, Ўзбекистон қудратнинг бир қўлдан иккинчи қўлга ўтишини бошдан кечирар экан ҳар нарса рўй бериши мумкин.

Лекин минтақанинг энг кўп сонли ва муҳим мамлакати бўлмиш Ўзбекистонда Хавфсизлик Хизмати ишидаги кескинликнинг сусайиш эҳтимоли кам.

Ўзбекистон ҳукумати террорчиликка қарши кураш баҳонасида давом эттираётган тазйиқларини тўхтатади, дея умидвор бўлиш ҳам қийин.

Мазкур жараёнлар давом этади ва улар ўзбек халқига террорчилардан кўра кўпроқ хавф солиши эҳтимоли ҳам каттароқ.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.