Ўзбекистон: президентликка номзодларни рўйхатга олиш 30 сентябрда бошланади

Ўзбекистон президентлигига номзодлар қўйиш 30 сентябрдан бошланиб, 20 октябрда ниҳоясига етади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси раиси Улуғбек Абдусаломов маълум қилган журналистларга.

"30 сентябрдан 20 октябргача сайловлар тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ номзодларни рўйхатга олиш жараёни бошланади", деб айтган жаноб Абдусаломов.

Олдинроқ, Ўзбекистонда президентлик сайловлари 4 декабрда бўлиб ўтиши билдирилганди Сайлов комиссияси томонидан.

Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий Сайлов ҳайъати 9 сентябр куни расман эълон қилди.

Шунингдек, Марказий Сайлов комиссияси маждисида президентлик сайловларига тайёргарлик ва уни ўтказиш бўйича дастурни тасдиқлаган.

Сайловларга тайёргарлик ва ўтказишга боғлиқ барча маросимлар Марказий Сайлов Комиссияси зиммасига юклатилиши таъкидланади.

Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон президенти сайловини ёритиш бўйича маҳаллий ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказилади.

Журналистлар аккредитациядан ўтиш учун 1 декабрга қадар Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказига ўз ҳужжатларини тақдим этишлари лозимлиги айтилган.

Муваққат президент ҳам ўз номзодини қўядими?

Бу савол ҳозир ҳаммани қизиқтиради. Бироқ Шавкат Мирзиёевнинг президентликка номзодини қўйиши ҳали очиқлангани йўқ.

8 сентябрда Ўзбекистон Сенати томонидан Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон муваққат президенти этиб тайинланган эди.

Сенат ўзининг худди шу қарори манзарасида Марказий Сайлов комиссиясига президент сайлови ўтказишни тавсия қилган, аммо бунинг аниқ қанча муддатда амалга оширилиши хусусида тўхталиб ўтмаганди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси президент Ислом Каримов вафотидан олти кун ўтиб, ўтган пайшанба куни бўлиб ўтган.

Мажлис билан боғлиқ расмий хабарда айтилишича, Шавкат Мирзиёев номзодини Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг ўзи таклиф қилган.

Ўзбекистон конституциясининг 96-моддасида эса, марҳум президентнинг ваколатлари вақтинча Сенат раисига ўтиши ва шундан сўнг, келаси уч ой ичида президент сайловлари чақирилиши кўзда тутилган.

Аммо, хабарларга кўра, Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев вақтинча президент вазифасини зиммасига олишдан ўз ихтиёри билан воз кечган.

Шавкат Мирзиёевнинг муваққат президентлик баробарида Ўзбекистон Бош вазирлиги фаолиятини ҳам давом этдириши-этдирмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Шавкат Мирзиёевнинг вақтинчалик президент этиб тайинланиши ижтимоий тармоқларда кенг баҳсу-мунозараларга сабаб бўлди. Бош вазирнинг муваққат президентликни эгаллаши қонунга зид эканлиги айтилди.

Айни вақтда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари айрим ҳуқуқшуносларнинг бу мавзудаги фикрларини бера бошлаган.

Жумладан, баҳслар манзарасида ҳуқуқшунос Акмал Саидов Шавкат Мирзиёевнинг вақтинчалик президент бўлиши қонунга ҳеч ҳам зид эмаслигини айтиб чиқди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.