Қозоғистон Президенти Самарқандга борган

Назарбоев Каримов Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Нурсултон Назарбоев дўстининг ўлимидан қайғуга тушганини билдирган.

Қозоғистон президентининг расмий сайти хабар беришича, Президент Нурсултон Назарбоев 12 сентябр, душанба куни Самарқанд шаҳрига ишчи ташрифи билан борган.

Қозоғистон президенти ташриф доирасида Ислом Каримов қабрини зиёрат этиши ва марҳумнинг оиласи билан учрашишни режалаштиргани айтилган.

Бундан ташқари Назарбоев Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан учрашади, деб хабар беради Қозоғистон президенти расмий сайти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Дафн маросимида фақат уч давлат президентлари иштирок этишди.

Ислом Каримовнинг дафн маросимига жами 17 давлат ҳайъати аъзолари қатнашишди. Минтақа давлатларидан фақат Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон Президентлари иштирок этишди. Бошқа давлатлар Бош вазир ёки элчиларини юборганлар.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия раҳбарининг нима учун Каримовнинг дафн маросимида иштирок этолмаганига изоҳ берган ва буни Путиннинг "кун тартиби тиғиз"лиги билан тушунтирганди.

Самарқандда ўтган дафн маросимида Россия ҳайъатига Бош вазир Дмитрий Медведев бошчилик қилганди.

Image caption Путин Каримов "Ўзбекистон учун кўп иш қилгани"ни таъкидлаган.

Россия Президенти Владимир Путин Хитойда ўтган Йирик йигирмалик саммитидан қайтаётиб, Самарқандга кириб ўтган, Ислом Каримов қабрига гул қўйиб, марҳум президент хотирасига ҳурмат бажо қилган.

Аксар МДҲ раҳбарлари Ислом Каримовни сўнгги йўлга кузатиш маросимига шахсан қатнашмагани турли мулоҳазаларни пайдо қилган, Каримов ўлимидан сўнг мамлакатнинг халқаро, хусусан Марказий Осиёдаги ўрнига боғлиқ фикрлар билдирилган эди.

Ислом Каримов расман 2 сентябр куни 78 ёшида оламдан ўтгани эълон қилинганди.

3 сентябрдаги Самарқанддаги Ислом Каримовнинг дафн маросимига Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов раҳбарлигидаги ҳайъат қатнашди.

Орадан бир неча кун ўтиб Президент Назарбоев Карим Масимовни бош вазирлик лавозимидан озод этиб Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг раиси лавозимига ўтказди.

Бақитжан Сагинтаев Қозоғистон Бош вазири этиб тайинланди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.