Шавкат Мирзиёевнинг нутқи "сўз булутида"

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг нутқи булути

Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг қўшма кенгашида сўзлаган нутқини "сўз булутига" солганда нималарни кўриш мумкин?

Энг кўп қайтарилган "ва", "билан", "ҳар" каби иккиламчи сўзларни инобатга олмаганда, энг кўп қайтарилган сўз "Ўзбекистон" билан бир қаторда "Ислом Абдуғаниевич" оти бўлган.

Сўнг "амалга", "давом", "сиёсий" сўзларига алоҳида урғу берилган.

Бундан илк мантиқий хулоса - муваққат президентнинг Ўзбекистонга нисбатан муносабати ва сиёсати марҳум президентнинг сиёсати билан узвийлик ва давомийлигига ишорасидир.

Бу ерда Президент Каримовнинг "Президент Каримов" шаклида эмас, балки норасмий ва қардошона шакли "Ислом Абдуғаниевич"нинг ишлатилиши эътиборга молик.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Шавкат Мирзиёев ўз нутқида марҳум президент Ислом Каримовни "Ислом Абдуғаниевич" деб эслаган.

Бу шакл расмиятчилик доирасидан чиқиб, муносабатларнинг яқинлигини кўрсатишга интилиш инъикосидир.

Кейинги сўзлар қаторига "ривожлантириш", "янада", "ошириш", "устувор", "муҳим", "зарур", "керак" деган сўзлар киради.

Булар даъват, чорлов сўзларидир.

Бунда ҳозирги вазиятдан қониқмаслик ётадими, ё бу "бўш" чорловларми - "сўз булутидан" буни англаш қийин.

Учинчи қатор сўзлар сирасига "давлат", "республика", "ташқи", "халқаро", "иқтисодий", "ижтимоий", "мамлакатимизнинг" каби сўзлар киради.

Бу сўзларнинг урғуланиши "тепадан пастга" қараб тузилган тузумнинг аломатларидир.

Бу "булутда" "қонун", "демократия" ё халқпарварлик қаторида оддий инсон, ё халқнинг кўзга ташланмаслиги ҳам анча рамзийдир.

Бу "сўз булутидан" умумий хулоса - у ҳокимиятнинг ҳокимият ичида ҳокимият учун ҳокимият амалининг ифодасидир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.