"Фикрлаш ҳам қонун бузилишига кирмасмикан?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Конституциясига зид тарзда муваққат президент вазифасини эгаллаши ортидан бошланган баҳсу мунозаралар ижтимоий тармоқларда давом этмоқда.

Айни вақтда Ўзбекистонда давлатга қарашли сайтлар Бош вазирнинг вақтинча президентликка тайинланиши қонуний деб таъкидланган мақолаларни эълон қилиш бошланган.

Жумладан, Миллий Ахборот агентлиги расмий сайти "Мутахассис фикри рукни остида Акмал Саидовнинг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклашнинг ҳуқуқий жиҳатлари" мақоласини берган.

Жаноб Саидов унда "Конституция ва қонунларда Сенат Раиси Президент мажбуриятларини бажаришни рад этган тақдирда, бу мажбуриятлар кимнинг зиммасига юклатилиши лозимлиги ҳақида нормалар кўзда тутилмаган"ини қайд этар экан, "Юзага келган бундай вазиятда Конституциянинг 76-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг олий давлат вакиллик органи бўлган Олий Мажлис мамлакатимиз учун ҳаётий муҳим бўлган ушбу масала юзасидан қарор қабул қилишга мажбур" эканлигини айтади.

Шунингдек, академик Рустамжон Абдуллаев ҳам ўз мақоласида Шавкат Мирзиёев зиммасига муваққат президентликни юклашни ноқонуний деганларни ахборот урушини бошлаганликда айблайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Раҳимжон Ҳакимовнинг ЎзА сайтида 11 сентябр куни босилган "Қўшма мажлис қарори тўла қонунийдир" деб номланган мақоласида "Қўшма мажлис қарори қонунийлигидан шубҳаланиш Конституциямизнинг 16-моддасини бузишдир" деб таъкидлайди.

"Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан қабул қилинган қарор Конституция ва қонунларимизга тўла мос келади. Айни пайтда шуни қайд этиш керакки, Конституциямизнинг 16-моддасига мувофиқ мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. Айрим қўштирноқ ичидаги экспертларнинг турли Интернет саҳифаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг жорий йил 8 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисидаги қарори қонунийлигини шубҳа остига олишга қаратилган уринишларни Бош Қомусимизнинг 16-моддасини қўпол равишда бузиш, дея баҳолашимиз мумкин", дейди депутат.

Ўзбекистон Конституциясининг 16-моддасида шундай ёзиб қўйилган: Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.

Фейсбук ижтимоий тармоғида депутат Раҳимжон Ҳакимовнинг мақоласи орқасидан пайдо бўлган фикрлар билан танишинг. (Изоҳларнинг аксарияти таҳрирсиз берилмоқда)

Safar Kattaboyev: Конституциянинг 16-моддасида аксинча биронта хам қонун ёки ҳуқуқий хужжат Конституцияга нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас деб таъкидланган. Депутат нима деяётганини ўзи хам билмаса керак. Афсус бизнинг сиёсий фаол эмаслигимиз Олий мажлисни ана шундай депутатлар билан тўлдирди.

Shukurjon Islomov: дааа. келажаги бор бола экан. Эртага балки Саидовнинг ўрнини олар. Бугунча эркинмиз, тўйиб ёзиб олайлик, бугун шубҳаланиш қонунбузарликка тенглаштирилса, эртага умуман фикрлаш қонунбузарликка тенглаштирилиши мумкин.

Davronbek Tojialiyev: 16-моддани ўша депутатларнинг ўзларига қарши қўллаш керак. ЎзРКни Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этишга нима ҳақи бор уларнинг? Ва майли, хўп дейлик, улар айтганча, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонун бўйича Конституцияга ўзгартириш ёки қўшимча киритилди дейлик, лекин ўша ўзгартириш киритилгани ҳақидаги ҳужжат қани? 128-модда: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси тегишли таклиф киритилгандан кейин олти ой мобайнида Конституцияга ўзгартиришлар ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин. Агар Олий Мажлис Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги таклифни рад этса, таклиф бир йил ўтгандан кейингина қайта киритилиши мумкин.

Абдумавлон Рашидов: Депутат кимнинг қулоғига лағмон осяпти? Агар Мирзиёевдан бошқаси муносиб бўлмаган тақдирда ҳам, тўғридан-тўғри бош вазирни сайлаб қўйилмас эди, процедурага кўра умуман бошқа бўлиши керак: Йўлдошев ҳам, Мирзиёев ҳам жорий лавозимидан истеъфо этиши, мажлис Мирзиёевни янги сенат раиси этиб сайлаши, Мирзиёев янги сенат раиси ўлароқ вақтинчалик президентлик лавозимига тайинланиши керак эди... Шубҳаланиш 16 моддани бузишмиш! Ҳеч ким шубҳаланаётгани йўқ, очиқ-ойдин кўриб турибди! Бир эркак билан бир аёл шаҳарни ўртасида зино қилса, уни кўзи билан кўрганларга шубҳаланяпти дейилмаса керак ҳарҳолда?... десанг ҳам одам бўлмаса керак.

Abdul Ahad Abdurahmon: Бекорга давлат 3та ҳокимиятдан иборат бўлиб, суд ҳокимиятининг даҳлсизлиги сақланмаган. Қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият мана шундай ўзаро келишиб қонунни ҳатлаб ўтишга уринган вақтда катта саҳнага конституcион суд чиқиши керак ва бош қонунларни ҳимоя қилиши ва мана бундай масхарабозликларнинг олдини олиши керак.

Mekhribon Kadamova: Бу дўқ пўписа халқ жим бўлиб шу каби қонунбузарликлар ва улар томонидан яна бўлажак муттаҳамликларни ютиб ўтиришимиз учун. Бу чала савод, кўр лаганбардор муттаҳамлар тўғридан- тўғри ўз манфаати учун ватанни ҳам яқинда сотиб юборишади.

Abu Umar: Шу вазиятда қирғизистонлик машхур шайх Чубак ҳожини бир гаплари эсимга тушяпти: «мусулмонларни ўз аро суҳбатлари учун қамаб, уларга конститутcияга қарши чиқиш, давлат тўнтарилишига урунишда айблаб узоқ вақтларга қамаб юбориш қанчалар осон. Лекин мана 2005 йилдан бери 3 марта давалат тўнтарилиши қилганларлар, конститутcияга бир неча марта қарши чиққанларга негадир ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Ҳалигача бемалол креслоларида семириб ўтирибдилар», деганди.

Абу Умар: Уларга бўлаверади. Бўйига ҳам, энига ҳам улага тўғри келаверади. Бизга тўғри келмайди.

Axmadjon Raximov: вуахахахахахахаха)))) одам бўмаймиз)))) бу сааалл бошқача фикрласанг мухолифатга чиқарадиганларданам ўтиб тушдику))))

Sherzod Turdiev: Фикрлаш, каллани ишлатиш хали конун бузилишига кирмасмикин ишкилиб

Bakhrom Yavidov: Энди шубҳаланиб ҳам бўлмайдими?

Otajonov Shuxrat: Ол-ааа.

Bakhtiyor Sheraliev: Индамадим...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.