Нега Мирзиёев нутқи тахтдаги одам нутқига ўхшайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Лондонлик сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов ёзишича, Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сенат ва Қонунчилик палаталари қўшма мажлисидаги нутқи 3 ой муддатга мамлакат бошқарувини ўз қўлига олган, президентлик сайловида сайланиш-сайланмаслиги номаълум сиёсатчи эмас, унинг ўзининг таъбирича, аллақачон "тахтга ўтирган" кишининг нутқидир. Ислом Каримов вафотидан кейин ўтказилган парламент қўш палаталари мажлисида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Каримовдан кейинги ички ва ташқи сиёсати қандай бўлиши масалаларига тўхталган. Нега сиз бу нутқни эрта ёки ўз муддатидан вақтли нутқ, деб ҳисоблайсиз, деган савол билан Би-би-си таҳлилчи Алишер Илҳомовга мурожаат қилди.

Алишер Илҳомов: Чунки бу нутқ бошиданоқ атиги уч ой муддатга президент лавозимини вақтинча бошқаришга киришаётган инсоннинг нутқи таассуротини уйғотмайди. Уч ой муддатга қўйилаётган инсоннинг зиммасига шу давр мобайнида барқарорликни сақлаб мамлакатни бошқариб туриш, шу пайтгача маъқулланиб бўлинган сиёсатни давом эттириш ва президентлик сайлови ўтиши учун шароит яратиш вазифалари қўйилиши керак эди. Ундан узоқ муддатга мўлжалланган ваъдалар кутилгани йўқ ёки қандайдир мажбуриятларни ўз зиммасига олиши шарт эмас эди. Лекин биз ҳукуматнинг узоқ вақтга мўлжалланган дастуриламалига ўхшаб кўринган нутқни эшитдик. Бу нутқда эътибор кўпроқ ташқи сиёсатга қаратилган. Ички сиёсатда эса биз бундан олдин кўп эшитганимиз - реал ҳаётга алоқаси йўқ "навбатчи жумлалардан иборат баёнот"ни эшитдик. У ерда гап демократия, адолат, иқтисодни тараққий эттириш ҳақида боради. Бу гаплар ҳаммаси декларация бўлиб, ҳаёт бошқа, айтилаётган гаплар бошқа бўлган бундай баёнотларни биз олдин марҳум Ислом Каримовдан ҳам кўп эшитганмиз. Бу баёнотлар қуруқ гаплигича қолиб кетиб, ҳаётга татбиқ этилмаган ёки аллақачон рўёбга чиққан орзудек тақдим қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ислом Каримов вафотидан кейин буёғи қандай бўлади, деган ноаниқлик сақланиб турган эди, Шавкат Мирзиёев нутқининг ташқи сиёсатга тааллуқли бўлими ана шу мавҳумликка ойдинлик киритгандай бўлди. Ўзбекистон бундан кейин дунёнинг етакчи давлатлари билан, ўзининг қўшнилари билан қандай муносабат қуриши очиқлаб берилди.

Лекин бу ҳам мамлакатни уч ой бошқаришга қўйиб қўйилган инсондан кутилган баёнот эмас эди. Бу президентликка номзодини илгари сурган, ўз дастурида Ўзбекистонни Россия ёки АҚШ билан яқинлаштиришни истаётган сиёсатчидан кутилган нутқ. Биламизки, шу пайтгача Ўзбекистоннинг сиёсати Ғарб билан яқинлашишига изн бермаган. Бунинг асосий сабаби, мамлакатдаги инсон ҳақлари вазияти ва коррупция даражасининг юқори эканидир. Коррупция сармоядорларни Ўзбекистондан узоқлаштириб турибди.

Би-би-си: Сизнингча, нега бундай бўлди? Уч ойлик муваққат президентнинг маърузаси аллақачон сайловда ғалаба қозонган сиёсатчининг маърузасидек янгради?

Алишер Илҳомов: Шунинг учун ҳам бу ерда бир неча савол туғилди: Ёки унинг ўзи англаб етмаган қандай мазмундаги нутқ билан чиқиши лозимлигини. Ёки унга нутқ ёзиб берган одамлар эски қолип бўйича иш кўришганми? Ёки маъруза ёзиб бераётганларда юзага келган вазиятни ҳуқуқ ва конституцион меёърлар нуқтаи назаридан таҳлил қилиб кўришга фурсатлари бўлмаганми? Балки бу нутқ билан Шавкат Мирзиёев уч ойга эмас, президентлик лавозимига доимий ўтирганини англатиб қўйишни истагандир.

Би-би-си: Ўзбекистондаги вазият ҳақида берилаётган таҳлилларда Каримовдан кейин турли гуруҳлар ҳокимият учун курашни бошлаб юборишлари мумкинлиги айтилганини кўрдик. Қудрат талашиш бошланиб кетмаслиги учун Ўзбекистоннинг бошқаруви кимнинг қўлида эканини тезроқ кўрсатиб қўйишга ҳаракат қилинган бўлиши мумкинми?

Алишер Илҳомов: Мен бундай деб ўйламайман. Балки улар мен юқорида айтганимдек, конституцион маъёрлар борасида бир қарорга келмагандирлар. Ёки бу мамлакатда эркин сайловларга умид қилаётганларга "бу ерда мен хўжайинман, турли хил фикрлар илгари сурилишига йўл қўйилмайди" деган муждани беришдир. Бу нутқ чиндан ҳам Ўзбекистонни энди ким бошқаради, вазиятни ким назорат қилаяпти, мамлакат қайси йўналишда ҳаракатланади, деган ноаниқликка очиқлик киритган нутқ бўлди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.