2005: Қонга ботган Андижон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Human Rights Watch
Image caption Андижон, 2005 йил

Бундан роппа-роса чорак аср муқаддам Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган эди.

74 йил давом этган шўролар асорати сўнггида қонсиз эришилган мустақиллик Ўзбекистонда "Оллоҳнинг инъоми", "энг улуғ ва энг азиз неъмат" сифатида эъзозланади.

Мамлакатнинг шўролар даврида Москва тайинлаган раҳбари, марҳум президент Ислом Каримов эса мустақилликнинг расмий меъмори деб кўрилади.

Аммо ўзбек халқи мустақилликка эришгани ҳолда, озод ва фаровон ҳаётга эришмагани ҳақида афсус билан гапираётганлар ҳам оз эмас.

Мустақиллик эълон қилинган 1991 йилнинг августидан буён дунё XXI асрга, ахборот ва технология асрига қадам қўйди, Ўзбекистон эса ўз тарихини қайтадан ёзиб чиқишга улгурди.

Би-би-си солномаси мустақил Ўзбекистон тарихининг ёзилмаган саҳифаларини ҳам ўз ичига олган.

2005 йил кўпда Андижон ҳодисалари билан эсланади.

Майи ойи ҳибсдаги 23 ишбилармонни озод этиш талаби билан тинч намойиш бошланади.

Аммо 13 майга ўтар кечаси қуролли гуруҳ Андижон қамоқхонасига ҳужум қилади.

Улар ҳокимият биносини эгаллаб, расмийларни гаровга олишади.

Бобур майдонига аёллар ва болалар дохил андижонликлар тўпланишади. Одамлар иқтисодий қийинчиликлар ва ишсизликдан нолийдилар.

Ҳукумат одамлар устига аскар ва танкларни йўллайди.

Инсон ҳақлари ташкилотлари ва журналистлар Андижонда 13 май, жума куни юз берган қонли воқеаларда юзлаб инсонлар ҳалок бўлганини айтишади.

Расмий рақамларга кўра эса 187 нафар террорчи ўлдирилган.

Раҳбарият ҳодисаларда диний гуруҳларни айблади.

Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга жазо чоралари киритди.

Лекин расмий Тошкент танқидларни рад этиб Ғарб билан алоқаларни узди.

2005 йилга оид видеолавҳамизни BBCUZBEK нинг YouTube каналида томоша қилинг