Мирзиёев ҳукумат таркибида ўзгаришлар қилди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси

Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси таркибини ўзгартирган, бундан олдин вазир лавозимидан бўшатилган кишиларни яна ҳукуматга олиб кирган.

Ҳукуматда Рустам Азимов назорати остида бўлган мажмуага таълим ва фан масалалари ҳам қўшилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг Gov.uz портали хабар қилишича, Ўзбекистон президентининг вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев олтита президент фармонини имзолаган.

Бу фармонлардан бирига кўра, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов Молия вазири - Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, таълим ва фан масалалари мажмуаси раҳбари этиб тайинланган.

Бундан олдин бу мажмуа таркибида таълим ва фан йўқ эди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида 2002 йилдан 2012 йилгача ахборот-телекоммуникация билан боғлиқ соҳаларни бошқариб келган Абдулла Орипов яна ҳукуматга қайтган.

Бундан кейин Абдулла Ориповнинг "Ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялари масалалари" деб номланган мажмуага раҳбарлик қилиши айтилмоқда.

2004 йилдан 2008 йилгача Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигини бошқарган ва Бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллаган Рустам Қосимов яна Олий ва ўрта махсус таълим вазири этиб тайинланган.

Адҳам Икромов Бош вазирнинг ўринбосари этиб тайинланган, у бошқарадиган Вазирлар Маҳкамаси мажмуасининг номи Соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси этиб номланган, бундан олдин бу комплекс таркибида жисмоний тарбия ва спорт йўқ эди.

Бу муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг кадрлар сиёсатига оид илк қарорларидир.

Ўзбекистонни 27 йил давомида бошқариб келган 78 ёшли Ислом Каримовнинг 2 сентябр куни мияга қон қуйилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинди.

59 ёшли Шавкат Мирзиёев 8 сентябр куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида президент вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.