"Ўзбекнефтегаз" раҳбари "Газпром" идорасига борган

Москвадаги "Газпром" ширкати идораси Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Ўзбекнефтегаз" миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси Алишер Султонов Москвада Россиянинг давлат назоратидаги "Газпром" ширкатининг раҳбари Алексей Миллер билан учрашган.

"Томонлар икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама этдилар. Хусусан, сўз Ўзбекистондан табиий газ сотиб олиш, шунингдек, республика ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳақида борди", дейилади "Газпром" номидан тарқатилган хабарда.

Ушбу учрашув Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов вафот этганидан кейин қудрат бир қўлдан иккинчи қўлга ўтаётган кунларда бўлиб ўтгани кўпчиликнинг эътиборини тортган.

2 сентябр куни Ўзбекистонни 27 йил мобайнида бошқариб келган 78 ёшли Ислом Каримовнинг мияга қон қуйилиши оқибатида оламдан ўтгани хабар қилинди.

8 сентябр куни Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча ижро этувчи этиб тасдиқланди.

13 сентябр куни муваққат президент Мирзиёев Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг таркибига ўзгартиришлар киритган фармонлари эълон қилинди.

"Ўзбекнефтегаз" раҳбари Алишер Султоновнинг "Газпром" раҳбари Алексей Миллер билан учрашуви ҳам ўша куни бўлиб ўтган.

Шўролар замонида Ўзбекистон газини Россияга етказадиган кўп километрлик йирик газ қувурлари барпо этилган, мустақилликдан кейин бу қувурларнинг эксплуатацияси "Ўзбекнефтегаз" ва "Газпром" тасарруфларида қолган.

"Газпром" ширкатидан хабар қилишларича, 2015 йили Ўзбекистондан 6,38 миллиард кубометр табиий газ сотиб олган.

Ўзбекистоннинг Россияга сотаётган табиий гази йилдан-йилга камайиб келаётгани кузатилади.

Бундан олдинги йилларда 8 миллиард, 7 миллиард кубометр газ Россияга кетган.

Шимолий қўшнисига газ экспортини камайтириш баробарида Ўзбекистон Хитойга узатиладиган табиий газ миқдорини оширган.

Ўтган йили Ўзбекистон Хитойга 10 миллиард кубометр газ етказиб беришга ваъда бергани хабарлари тарқалган.

Ўзбекистоннинг газ захиралари яна 20-30 йилга етади, деб тахмин қилинади.

Хорижга газ сотиш кўпайтирилиши Ўзбекистоннинг ичкарисида аҳолининг газ тақчиллиги билан юзма-юз келишига олиб келган.

Айниқса, қиш ойларида аксар ҳудудларда оддий одамлар ҳам газ йўқлиги ва ҳам электр қуввати камайганига дуч келишади.

Расмийлар эса фойдаланган гази ҳақини тўламаганлар оқибатида шундай вазият юзага келяпти, дейдилар, аммо маҳаллий фаоллар газ таъминоти идораларининг йўқ газ учун аҳолини қарздор қилиш ҳоллари кўп учраганини қайд этганлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.