Президент сайлови: Шавкат Мирзиёев биринчи номзод

Ўзбекистон Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзбекистон муваққат президентининг номзодини ЎзЛиДеП партияси сиёсий кенгаши аъзолари илгари суришган.

Таъкидлаш жоиз, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда фаолиятда бўлган сиёсий партия томонидан номзоди президент сайловига расман илгари сурилган биринчи номзод бўлган.

Мавжуд қонунчиликка мувофиқ, Шавкат Мирзиёевнинг номзоди энди партия съездида тасдиқдан ўтиши лозим бўлади.

Шундан сўнг, унинг президент сайловига расман номзод эканига оид лозим ҳужжатлар Ўзбекистон Марказий Сайлов ҳайъатига топширилади.

Хабарларга кўра, 4 декабрга белгиланган сайловга қадар Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон муваққат президенти бўлиб қолаверади.

Жаноб Мирзиёевнинг биринчи ўринбосари, Молия вазири Рустам Азимов ҳам президент Ислом Каримовнинг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида кўриб келинган.

Каримов ҳаётдалигида ўзининг эҳтимолий меросхўрига очиқ ишора қилмаган.

Иккинчи номзод

"Миллий Тикланиш" партияси эса, президент сайловига ўз номзодини илгари сурган Ўзбекистондаги иккинчи сиёсий партия бўлган.

Партия пленар йиғини якунида лидери Сарвар Отамуродовни ўз номзоди ўлароқ эълон қилган.

Сарвар Отамуродов Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари ҳам саналади.

Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг президент сайловига ўз номзодларини илгари суриш жараёни расман бугун - 16 сентябрдан бошланган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий Сайлов Ҳайъати ўзининг Facebook даги саҳифасида маълум қилган.

Аён бўлишича, бунга Ўзбекистондаги тўртта сиёсий партиягина ҳақли бўлишади.

Ўзбекистонда расман тўртта: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - ЎзЛиДеП, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси ва Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси фаолият юритади.

Бу партиялар орада кечган вақт давомида аксарият кузатувчилар томонидан марҳум президент Ислом Каримовнинг сиёсатини дастаклаганликда танқид қилиб келинишган.

Ислом Каримов сўнгги 25 йил ичида Ўзбекистонни бошқариб келган ягона давлат раҳбари бўлган.

Ўзбекистон муваққат президенти

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев 2004 йилда асос солинган ЎзЛиДеП партияси сиёсий кенгаши таркибига кириб, 2005 йил 28 январ ва 2010 йил 27 январда худди шу партия томонидан ҳукумат раҳбарлигига тавсия қилинган ва номзоди тасдиқланган.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта унинг номзоди давлат раҳбари эмас, парламент сайловида ғалаба қозонган сиёсий ҳаракат - ЎзЛиДеП партияси томонидан илгари сурилган.

8 сентябрда Ўзбекистон Сенати томонидан Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон муваққат президенти этиб тайинланган эди.

Сенат ўзининг худди шу қарори манзарасида Марказий Сайлов комиссиясига президент сайлови ўтказишни тавсия қилган, аммо бунинг аниқ қанча муддатда амалга оширилиши хусусида тўхталиб ўтмаганди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси президент Ислом Каримов вафотидан олти кун ўтиб бўлиб ўтган.

Мажлис билан боғлиқ расмий хабарда айтилишича, Шавкат Мирзиёев номзодини Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг ўзи таклиф қилган.

Ўзбекистон конституциясининг 96-моддасида эса, марҳум президентнинг ваколатлари вақтинча Сенат раисига ўтиши ва шундан сўнг, келаси уч ой ичида президент сайловлари чақирилиши кўзда тутилган.

Аммо, хабарларга кўра, Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев вақтинча президент вазифасини зиммасига олишдан ўз ихтиёри билан воз кечган.

Шавкат Мирзиёевнинг муваққат президентлик баробарида Ўзбекистон Бош вазирлиги фаолиятини ҳам давом этдириши-этдирмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Шавкат Мирзиёевнинг вақтинчалик президент этиб тайинланиши ижтимоий тармоқларда кенг баҳсу-мунозараларга сабаб бўлди.

Президент сайлови

Сайлов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўсатдан вафоти сабаб, мамлакат конституциясига мувофиқ ўтказилмоқда.

Ислом Каримов 2 сентябр куни 78 ёшида ҳаётдан кўз юмган ва орадан кун ўтиб, она шаҳри Самарқандда дафн этилганди.

Ўзбекистон президент сайлови эса, жорий йилнинг 4 декабр куни бўлиб ўтади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий Сайлов ҳайъати 9 сентябр куни расман эълон қилган.

Шунингдек, Марказий Сайлов комиссияси мажлисида президентлик сайловларига тайёргарлик ва уни ўтказиш бўйича дастурни тасдиқлаган.

"Сайлов тўғрисида"ги қонунчиликка мувофиқ, номзодларни расман рўйхатга олиш жараёни 30 сентябрда бошланади ва 20 октябргача давом этади.

Бу ҳақда 12 сентябр куни Ўзбекистон Марказий Сайлов ҳайъати раиси Улуғбек Абдусаломов расман маълум қилганди.

Агар, ҳайъатнинг сўнгги маъмуотларига таянилса, Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этажак 21 миллиондан ортиқ сайловчи қайд этилган. 14 та сайлов округи ташкил қилинган.

Сайловларга тайёргарлик ва уни ўтказишга боғлиқ барча тадбирлар Марказий Сайлов Комиссияси зиммасига юклатилган.

Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон президенти сайловини ёритиш бўйича маҳаллий ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказилади.

Журналистлар аккредитациядан ўтиш учун 1 декабрга қадар Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказига ўз ҳужжатларини тақдим этишлари лозимлиги айтилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.