Қирғизистон: Ўзбекистонсиз ҳарбий машқлар

Ҳарбий машқлар Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг йирик қўшма аксилтеррор машқлари Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокида бошланди.

"Тинчлик миссияси-2016"га икки мингга яқин ҳарбий хизматчи, юзлаб жанговар техника ва ўнлаб қирувчи учоқлар жалб этилган.

Қирғизистоннинг Иссиқ-Кўл минтақасидаги "Эделвейс" ҳарбий полигонида бошланган ҳарбий-ўқув машғулотлари 15-21 сентябр кунлари оралиғида бўлиб ўтади.

Таъкидлаш жоиз, бу - Қирғизистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг "Тинчлик миссияси" қўшма аксилтеррор машқларига илк бор мезбонлик қилиши бўлади.

Ташкилотнинг бу йилги ҳарбий-ўқув машғулотлари ҳам қўшни Афғонистондаги вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Қўшни Афғонистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Айниқса, сўнгги ойларда Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатлари ва Хитойга бевосита чегарадош вилоятлари толиблар ва бошқа хорижий жангариларнинг устма-уст ҳужумларига саҳна бўлаётгани кузатилади.

Бундан ташқари, охирги пайтларда бу ерларда ИШИД жангарилари ҳам фаоллашишга муваффақ бўлишган.

Яқинда Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятидан ИШИД нинг вилоят учун тайин этган ҳокими қўлга олингани ва унинг гуруҳ фаолиятини ёйиш истагида бўлганига оид хабарлар ҳам олинганди.

Таъкидлаш жоиз, Толибон билан ҳамкорликда Тожикистонга бевосита қўшни Қундуз ва Бадахшон вилоятларида амалга оширган йирик ҳужумлари манзарасида ҳам ўтган бир ярим йил ичида ИШИДнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳокимларини тайин этганига оид бирор бир ҳолат кузатилмаганди.

Мавжуд вазият минтақада шахсан Афғонистон биринчи вице-президенти генерал Абдулрашид Дўстум бошчилиги остида кетма-кет йирик ҳарбий амалиётлар ўтказилишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Сўнгги йилларда шундоққина биқинида вужудга келган бу каби вазиятдан Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо барча давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам жиддий хавотир билдириб келади.

Минтақа ва хавотирлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Худди ана шу устма-уст ва ошкора хавотирлари манзарасида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг бу йилги "Тинчлик миссияси-2016"га қадар ҳам минтақа давлатлари якка ҳолда ва биргаликда қатор йирик ҳарбий ўқув-машғулотлар ўтказишга тушиб қолишган.

Айниқса, Тожикистон охирги пайтларда Афғонистон билан бевосита чегарадош минтақаларида Россия ҳарбийлари билан ҳамкорликда бу каби машқларга зўр берган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, каттаю кичик минбарлардан изҳор этиб келаётган жиддий хавотирларига қарамай, Ўзбекистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг сўнгги йилларда Қозоғистон ва Тожикистон мезбонлик қилган қўшма аксилтеррор ҳарбий машқларида ҳам иштирок этмаган.

Аксарият минтақа давлатлариники билан қиёсланганда, Ўзбекистоннинг ўз ҳарбийлари ва жанговар техникаси иштирокида ўтказаётган ҳарбий ўқув-машғулотлари сони ва кўламида ҳам у қадар фавқулоддалик кузатилмайди.

Бошқа томондан, Иссиқ-Кўлдаги "Тинчлик миссияси-2016", айниқса, зиддиятли чегара ҳудудлари юзасидан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги алоқалар анчайин танг бир вазиятга тўғри келган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов вафотидан икки ҳафта ўтиб бошланган.

Аммо, Россиянинг Афғонистондаги махсус вакили Замир Кабуловнинг куни-кеча баён қилишича, президент Каримовнинг ўлими Ўзбекистон ва унинг атрофидаги ҳарбий-сиёсий вазиятга салбий таъсир қилмайди.

Унинг айтишича, президент Каримов вафоти ортидан, экстремистлар Ўзбекистондаги вазиятни издан чиқаришга уриниб кўришларига оид айрим хавотирлар ҳам бўлган.

Лекин, жаноб Кабуловга кўра, "Улар бунинг уддасидан чиқа олишмайди" ва "Вазият Ўзбекистон раҳбарияти назорати остидадир".

"Тинчлик миссияси"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти тарихидаги энг йирик қўшма аксилтеррор машқлари Хитой мезбонлик қилган 2014 йилдагисига тўғри келади.

Бу ҳарбий-ўқув машғулотларида Хитой, Россия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан 7000 ҳарбий ва йирик сондаги ҳарбий техника жалб қилинган.

Бу - НАТО га муқобили сифатида қўрилувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Ғарбга ўз куч-қудратини кўз-кўз қилиш ҳаракати сифатида ҳам талқин этилганди.

Аммо бу машқларда ҳам Ўзбекистон ҳарбийларининг иштирок этмаганликлари айтилади.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг уч аъзоси: Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой, йилларки, қуролли низолар ичида бўлган Афғонистонга бевосита чегарадош.

Ташкилот Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг кескин ёмонлашиши ва гиёҳванд моддалар контрабандасининг кучайишидан жиддий ташвишда.

Ўз хавотирлари манзарасида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ўзининг яқинда Тошкентда бўлиб ўтган сўнгги олиймақом йиғинида ҳам Афғонистон масаласида фаолроқ роль ўйнаш истагини қайта баён қилган.

Аммо бу ишни қайта тариқа амалга ошириш режасида экани тафсилотлари борасида кўп нарса маълум эмас.

Расмий Пекин ва Кремль аллақачон Афғонистонга қўшин юборишлари эҳтимолини назардан соқит этиб чиқишган.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Афғонистондаги қайта тиклаш ишларига кўпроқ бош қўшиш масаласига кўпроқ эътибор қаратишини билдирган.

Аммо Россия билан бир қаторда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида йирик ўрин тутувчи қудратли Хитой ўтган йили афғон можаросига янги дипломатик воситачи бўлиш истаги билан чиққан, бу борада миллиардлаб долларлик минтақавий лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини ҳам изҳор этган.

Ҳозирча бирор бир самарасиз якунланган эса-да, орада афғон можаросида муҳим ўрин тутувчи Афғонистон Толибон ҳаракати билан тинчлик музокараларини жонлантиришга уриниб кўрган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.