Мирзиёев "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонунни имзолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Фаолларга кўра, ички ишлар органлари ҳақидаги қонуннинг йўқлиги хизмат ваколатларини суистеъмол қилган ва қийноқ қўллаган ходимларни маҳкамага тортишни қийинлаштириб келган.

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев 16 сентябрда "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонунни имзолаган.

Қонун лойиҳаси 12 августда Олий Мажлис қонунчилик палатасида, 24 августда Сенат томонидан маъқулланган эди.

"Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун Президент томонидан тасдиқланганидан 6 ой ўтиб, кучга кириши айтилган.

Қонун лойиҳаси 2016 бошида президент Каримов ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини қаттиқ танқид қилиши ортидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланган ва парламентнинг қуйи палатаси-Олий Мажлисга тақдим этилганди.

Қонун ички ишлар органларининг тизим ва тузилмаси, уларнинг ваколат ҳамда мажбуриятлари, ходимларга талаблар, шунингдек, ички ишлар ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини аниқ белгилаб бериши билдирилган.

"Ички ишлар идоралари ходимлари ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Конституцияси, «Ички ишлар органлари тўғрисида» қонун ва бошқа қонунчилик актларига риоя этишлари шарт. Ички ишлар органлари ходимлари хизмат мажбуриятларини бажаришда ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини оқлаш учун хизмат манфаатларини рўкач қилиши, иқтисодий манфаат кўриши, ноқонуний талаб қўйиши, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф буйруқ ва кўрсатмаларини бажаришлари мумкин эмас", дейилади унда.

Қонун шунингдек, инсон шаъни ва ғурурини поймол қилувчи ҳар қандай зўравонлик, тажовуз ва бошқа турли ҳаракат ва усулларни қўллашни ички ишлар ходимига тақиқлайди. Кўрсатилишича, Ички ишлар вазирлиги бевосита Президентга, айрим масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади. Ички ишлар вазири бош вазир тавсиясига биноан Президент томонидан тасдиқланади ва Президент томонидан вазифасидан озод этилади.

Қонунда милиция номи ўзгаришсиз қолдирилган. Илгари милицияни полицияга ўзгартириш борасида фаразлар билдирилганди.

Шу тариқа Ўзбекистон собиқ шўро давлатлари орасида милиция ҳақидаги қонунни қабул қилган энг сўнгги давлат бўлган.

Бунга қадар Ўзбекистон милицияси 1990 йилда қабул қилинган Низом асосида ишлаб келаётганди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатда инсон ҳақлари энг кўп милиция томонидан поймол этилишини айтиб, йиллар давомида уларнинг ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилаб берувчи махсус қонунни қабул қилишга чақириб келганлар.

Фаолларга кўра, ички ишлар органлари ҳақидаги қонуннинг йўқлиги хизмат ваколатларини суистеъмол қилган ва қийноқ қўллаган ходимларни маҳкамага тортишни қийинлаштириб келган.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов бундай қонун аллақачонлар керак эди, дейди Би-би-сига. Унинг сўзларига кўра, милиция ходимларининг ўзлари ҳам ҳатто кўп маротаба тизимдаги қонунсизликдан азият чекканликларини айтишган.

2013 йилнинг 25 декабрида Ўзбекистонда қийноқларни тақиқловчи "Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида"ги қонун кучга кирган, аммо кузатувчиларга кўра, ўтган вақт мобайнида қийноқлар камайгани кузатилмайди.

Маҳаллий инсон ҳақлари фаолларининг айтишларича, ички ишлар органлари тўғрисидаги қонуннинг кучга кириши ҳам амалиётда қонун устиворлигини қанчалик таъминлаши савол остида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.