Ўзбекистон ОХҲТга сайловга таклифнома юборди

Фото муаллифлик ҳуқуқи KUN.UZ

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва Инсон ҳуқуқлари бюросига таклифнома юбориб 4 декабрга мўлжалланган президентлик сайловини халқаро кузатувчи сифатида кузатишга чақирган.

Ўзбекистонни 27 йил мобайнида бошқариб келган Ислом Каримовнинг 2 сентябр куни мияга қон қуйилиш оқибатида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинди.

Мамлакат конституциясига биноан, президент ўз вазифа ва ваколатларини адо этолмай қолганда, унинг вазифа ва ваколатлари Ўзбекистон парламенти юқори палатаси - Сенат раисига ўтиши лозим ва уч ой ичида президентлик сайлови ўтказилиши талаб этилади.

Аммо 8 сентябр куни бўлиб ўтган Олий Мажлис қўшма мажлисида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев вақтинча президент вазифасини зиммасига олишдан ўз ихтиёри билан воз кечгани хабар қилинди.

"Қўшма мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошевнинг мазкур таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан маъқулланганлиги маълумот учун қабул қилинди", дейилади расмий хабарда.

2016 йилнинг 4 декабри куни Ўзбекистон президентлиги сайловини ўтказишга қарор қилинди.

16 сентябр кунидан мамлакатда рўйхатдан ўтган партияларга ўз номзодларини илгари суриш бошлангани хабар қилинди.

Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси президент вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг номзодини президентликка илгари сурган.

Миллий Тикланиш" партияси Сарвар Отамуродов номзодини, Халқ демократик партияси Ҳотамжон Кетмонов, "Адолат" социал-демократик партияси Наримон Умаров номзодини илгари суришганини маълум қилдилар.

2015 йил 29 март куни Ўзбекистонда президентлик сайлови бўлиб ўтган, ўша сайловда Ҳотамжон Кетмонов ва Наримон Умаров марҳум президент Ислом Каримовга муқобил номзодлар сифатида даврага чиққан эдилар.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги бирор парламент ва президентлик сайловини эркин сайло деб тан олмаган, 2015 йилдаги президентлик сайловини ҳам ҳақиқий мухолифатга иштирок этиши учун изн берилмаган шаффоф бўлмаган сайлов деб таърифлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.