Россияда Ravon автомашиналари нархи ошади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон автосаноатининг экспорт учун мўлжалланган Ravon маркали машиналари нархи ошиши кутилмоқда.

Sputnik агентлигига кўра, Ravon автомашиналари нархи яқин вақтда 20 минг рублга кўтарилади.

Илгари 390 минг рубл бўлган Ravon 409 минг рубл, кўпроқ қулайликларга эга модели 509 минг рублгача қимматлайди.

Нархлардаги ўзгаришлар, Ravon машиналарининг Россияда тобора оммалашиб бораётгани билан изоҳланган.

Айтилишича, кейинги пайтда ўзбек машиналарига талаб юқори, ҳатто уни етказиб беришга улгуриш ҳам қийин кечмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, машиналар нархи ошгани унга талабни туширмайди. Аксинча, россиялик ишқибозларни ўзбек машиналарининг нисбатан арзонлиги, табиий шароитга мослиги, асосийси хавфсизлик талабларига жавоб бериши қониқтирмоқда.

Ўзбекистонда Daewoo маркаси остида ишлаб чиқарилган машиналар 2016 йилда Россияда Ravon номи остида сотила бошланган.

Компания Ravon маркаси фақат Россия бозори доирасида ривожлантирилишини маълум қилган.

Nexia, Gentra ва қатор бошқа моделлар янги бренд остида ишлаб чиқарилиши айтилган.

Дастлаб мутахассислар ҳам Россия бозори учун лейблнинг ўзгартирилиши ўзбек автомобилларининг Россияда шундоқ ҳам қисқараётган бозорига катта зарба бўлишини башорат қилишган, 20 йил давомида яратилган брендни сақлаб қолиш кераклигини айтганлар.

Кўринишича, ўзбек машиналари ўтган вақт ичида Россия бозоридаги рақобатга бардош берган.

2015 йил бошида Россиядаги иқтисодий инқироз Ўзбек автомобиллари нархига ҳам таъсир қилган, минглаб машиналар сотилмаган, нархи тушиб кетган.

GM ширкати ҳам Россия бозорига Chevrolet Cobalt ва Chevrolet Spark автомобилларини етказишни тўхтатишини, буни Россия бозорининг мавҳумлиши билан тушунтирганди.

Бироқ бу Ўзбекистоннинг ичида машиналар нархига ҳеч ҳам таъсир қилмаган.

2014 йилда Қозоғистон ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи "Нексия" автомобилларини техник регламентга тўғри келмаслиги важидан импорт қилишни тўхтатган эди. Бироқ, шу йил ўртасида қозоқ бизнесменлари яна ўзбек машиналарига қизиқиш билдиришган. Аниқроғи, Қозоғистон Ўзбекистон билан қўшма корхона очиш борасида таклифлар ўртага чиққан.

Қозоғистон билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокамаси ўзбек автомобил саноатидаги коррупция иддаолари юзасидан жиноий текширувлар давом этаётган пайтга тўғри келган.

Апрел ойида "Ўзавтосаноат" бошқарув раисининг ўринбосари ва 'GM-Uzbekistan' қўшма корхонаси бош директори Тохиржон Жалиловнинг лавозимидан четлатилгани хабар қилинганди.

Давлат ширкати 'GM-Uzbekistan' автомобилларини сотиш бўйича йирик коррупцион схема амал қилиши ҳақидаги даъволарни рад этиб чиққан.

"GM -Uzbekistan"

В 2008 йилда "Ўзавтосаноат" ва Daewoo ширкати 2002 йилда банкрот бўлиши ортидан Ўзбек бозорига кирган Американинг General Motors ширкати ҳамкорлигида UzDaewooAutoнинг вориси GM-Uzbekistan тузилган.

Собиқ Чкалов заводи ҳудудида ширкатнинг Тошкент филиали очилиб, Chevrolet Captiva, Tacuma ва Epica, 2012 филда Chevrolet Malibu автомобиллари ишлаб чиқарила бошланган.

Ўзбекистоннинг ички бозорида сотиладиган атомобилларнинг 90 фоиздан кўпроғи "GM -Uzbekistan" ҳиссасига тўғри келади.

"General Motors" дунёнинг бошқа биронта бозорида бу каби йирик ҳиссага эга эмас.

'GM-Uzbekistan' ҳиссаларининг 75 фоизи Ўзбекистон ҳукуматига тегишли.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio