БМТ сессиясига Абдулазиз Комилов боради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

БМТнинг 21-25 сентябр кунлари бўлиб ўтадиган 71-сессиясида Ўзбекистон ҳайъатига Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилик қилади.

Ташқи Ишлар вазирлиги матбуот хизмати бу ҳақда хабар берган.

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев халқаро йиғилишда иштирок этмайди.

Абдулазиз Комилов сессия доирасида Исломий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашувида сўзга чиқиб, бир қатор мамлакат вакиллари билан музокаралар ўтказиши айтилган.

Абдулазиз Комилов 16-18 сентябр кунлари Бишкекда бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлат раҳбарлари саммитида ҳам муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг ўрнида иштирок этган эди.

Таҳлилчилар Мирзиёевнинг учрашувга бормаганига сабаб қилиб, унинг халқаро саҳнада ҳали у қадар тажрибага эга эмаслиги, шунингдек, бўлажак президентлик сайловларига тайёргарликлар бўлиши мумкинлигини келтиришганди.

Иқтисодий таҳлилчи Фарҳод Толиповнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳали тўлақонли раҳбар сайланмаган ҳозирги вазиятда бундай учрашувларга Ташқи Ишлар вазирининг қатнашиши мақсадга мувофиқдир.

Бишкек саммитида МДҲ вакиллари Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтиришган.

БМТ Бош Ассамблеясининг 17 сентбрдаги йиғилишида ҳам 2 сентябрда вафот этгани айтилган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ёдга олиниб, бир дақиқа сукут сақланган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ўз нутқида Ислом Каримов вафоти муносабати билан унинг оиласи ва ўзбекистонликларга таъзия изҳор этган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.