Мирзиёев боғбонларга ғамхўрликни бошладими?

2016 йил 20 сентябридан четга мева-сабзавот экспорт қилувчиларнинг мажбурий валюта тўлови икки баробар камайтирилган.

Бу ҳақдаги муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори матнини Ўзбекистон телевидениеси ўқиб эшиттирган.

Мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон президентининг қарори билан танишинг

Қарорда айтилишича, Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари экспорти билан шуғулланадиган ҳар қандай турдаги хўжалик ўз маҳсулотини сотишдан тушган валютанинг 25 фоизини давлатга топшириши шарт.

Бундан олдин улардан валюта тушумининг 50 фоизини топшириш талаб қилинган.

Агар Ўзбекистон боғ ва полизларида янги узилган, қуритилган ёки қайта ишланган мева-сабзавот хорижга чиқарилаётган бўлса, ушбу мева-сабзавотнинг камида 30 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш талаби қўйилган.

Ўзбекистоннинг мева-сабзавоти ва полиз маҳсулотларини хорижга олиб чиқиш билан, четда сотиш билан "Ўзагроэкспорт" ширкати шуғулланади, бу ширкат шу йил апрелида ташкил этилган эди.

Ёзда Тошкентда бўлиб ўтган мева-сабзавот ярмаркасида Ўзбекистон бу борадаги ўз экспортини икки баробар кўпайтириш мақсадини кўзлагани эълон қилинди.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев 2020 йилга бориб Ўзбекистон мева-сабзавот ишлаб чиқаришни йилига 32 миллион тоннага етказишни режалаштираётганини айтганди.

Ўзбекистондаги зироатчиликни яхши биладиган экспертлар Ўзбекистон пахтачиликни кескин камайтириб, ўрнига мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириши республика иқтисодиёти ва ўзбекистонликларнинг фаровонлигига фойдалироқ бўлишини анчадан буён айтиб келадилар.

Сиз қандай фикрдасиз, ушбу қадамлар ўзбекистонлик деҳқон ва боғбонларнинг фаровонлигини оширишга нақадар ёрдам беради?

Ёки бундан яна фақат экспортчи ширкатлар манфаатдор бўладиларми?

Ўз фикр-мулоҳазаларингизни uzbek@bbc.co.ukэлектрон почтасига йўлланг ёки BBC UZBEKнинг социал тармоқлардаги саҳифаларида қолдиришингиз мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.