Президент сайлови: Ҳар тўрт номзоднинг ҳужжати тайёр

Ўзбекистон Сенати

Тошкентдан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, Ўзбекистонда фаолиятда бўлган тўрт сиёсий партия барчасининг вакиллари ўтган икки кун ичида Марказий Сайлов комиссиясига мурожаат қилишган, президент сайловида қатнашишлари учун лозим бўлган ҳужжатларни тақдим этишган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2 сентябр кунги кутилмаган вафоти ортидан, мамлакат конституциясига мувофиқ чақирилаётган сайловлар шу йилнинг 4 декабр кунига белгиланган.

Марказий Сайлов комиссияси вакилининг маҳаллий матбуотга айтган сўзларидан маълум бўлишича, бу сиёсий партияларнинг президент сайловида изтирок этишларига изн берилиши-берилмаслиги юзасидан якуний қарор беш кунлик муддат ичида берилади.

Мавжуд қонунчиликка мувофиқ, ариза берган муҳлатларига қараб, сайловларда қатнашажак сиёсий партияларнинг рўйхати марказий матбуотда ҳам эълон қилиб борилади.

Ўзбекистонда расман тўртта: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - ЎзЛиДеП, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон "Миллий Тикланиш" демократик партияси ва Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси фаолият юритади.

Аммо бу партияларнинг барчаси орада кечган вақт давомида марҳум президент Ислом Каримов сиёсатини дастаклаб келганликда танқид қилиб келинишган.

Номзодлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг президент сайловига ўз номзодларини илгари суриш жараёни расман 16 сентябр куни, президент Каримов дафн маросимидан 13 кун ўтиб бошланган.

8 сентябр куни Сенат қарорига мувофиқ, мамлакат муваққат президенти этиб тайинланган Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда фаолиятда бўлган сиёсий партия томонидан номзоди президент сайловига расман илгари сурилган биринчи сиёсатчи бўлганди.

Аммо, худди шу манзарада, 4 декабрга белгиланган сайловга қадар Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон муваққат президенти бўлиб қолавериши айтилганди.

Бунинг ортидан, Ўзбекистонда фаолиятда бўлган қолган сиёсий партиялар ҳам ўз танловларини эълон қилишган, уларнинг баёнотлари ортидан, Сарвар Отамуродов ("Миллий Тикланиш"), Наримон Умаров ("Адолат" социал-демократик партияси) ва Ҳотамжон Кетмонов (Ўзбекистон халқ демократик партияси)ларнинг Ўзбекистон президентлигига даъвогарлар экани маълум бўлганди.

Ўзбекистонда амалда бўлган "Сайлов тўғрисида"ги қонунчиликка мувофиқ, президент сайловига номзодларни расман рўйхатга олиш жараёни 30 сентябрда бошланади ва 20 октябргача давом этади.

Ҳозирча Ўзбекистондан бирор бир мустақил номзоднинг бўлажак сайловларда иштирок этиш ниятини расман изҳор этганига оид хабар олинмаган.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг бу хусусда маълумот олиш учун Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси билан боғланиш уринишлари ҳам самара берганича йўқ.

Сиёсий меросхўр?

Президент Каримовнинг бошқаруви билан кечган вақт давомида ва вафотидан кейин ҳам, Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари, мамлакат Молия вазири Рустам Азимов ҳам унинг иккита эҳтимолий сиёсий меросхўридан биттаси сифатида кўриб келинган.

Аммо Ўзбекистонда фаолиятда бўлган тўрт сиёсий партия томонидан номзодлари президент сайловига илгари сурилган даъвогарлар орасида Рустам Азимовнинг исм-шарифи кўзга ташланмайди.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Бош вазир Шавкат Мирзиёев Сенат томонидан Ўзбекистон муваққат президенти, деб эълон қилинишидан бир ҳафтача ўтиб, Рустам Азимовни Молия вазири - Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, таълим ва фан масалалари мажмуаси раҳбари этиб тайинлаганди.

Бундан олдин бу мажмуа таркибида таълим ва фан йўқ эди.

Марҳум президент Ислом Каримовнинг ўзи ҳаётлигида эҳтимолий сиёсий меросхўрига очиқ ишора қилмаган.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев эса, муваққат президент сифатида ўз фаолиятини бошлаган бор-йўғи бир неча ҳафтанинг ўзида аллақачон кадрлар сиёсатидаги фаоллиги билан кўзга ташланиб улгурган.

Вазирлар Маҳкамаси таркибини ўзгартириш, Жиззах ва Ангренга сафар қилиш, Жиззах вилоят прокурори, шаҳар, қатор туманлар ҳокимлари ва Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғини ҳам вазифаларидан четлатишга улгурган.

Тошкентнинг Юнусобод туманида янги метро станцияларини қуриб битказиш ва янги кўприклар барпо этиш масаласини ҳам муҳокама қилган.

Ўзбекистон ҳукумати Тошкент вилоятини тараққий топтириш учун келаси икки йилга мўлжаллаб, қиймати қарийб 1 миллиард долларлик дастурни маъқуллаганлигини ҳам билдирган.

Маҳаллий кузатувчилар орасида, муваққат президентнинг бу каби саъй-ҳаракатларини ўзига хос сайловолди амалиёти сифатида баҳолаётганлари ҳам оз эмас.

Президент сайлови

Расмий хабарлардан аён бўлишича, Ўзбекистон президенти сайловларига ҳозирлик ва уни ўтказиш ишлари билан Марказий Сайлов ҳайъати шуғулланади.

"Ўзбекистон Республикаси президенти сайловлари тўғрисидаги" қонунга мувофиқ, барча тадбирлар "очиқ ва ошкора" амалга оширилади.

Ўзбекистондаги илк муқобил президент сайловлари 1991 йилда бўлиб ўтган, унда 1990 йил Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан президент этиб тайинланган марҳум Ислом Каримов ғалаба қозонганди.

Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, бир шахс фақат икки муддатга президент этиб сайланиши мумкин.

Аммо орада кечган сайловлар, турли референдумлар ва президентлик муддатини узайтиришга оид амаллар ортидан, ўтган 25 йил давомида Ўзбекистонни фақат ягона президент - Ислом Каримов бошқариб келган.

Шу пайтгача бўлиб ўтган сайлов ва референдумларнинг бирортаси халқаро ҳамжамият томонидан адолатли ва эркин, деб эътироф этилмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradioБи-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.