Россия Думасига сайловлар: Артур Таймазов олдинда

Артур Таймазов Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Агар, Шимолий Осетия республикаси Марказий Сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган дастлабки ҳисоб-китобларга таянилса, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобига учта олтин ва битта кумуш медали келтирган бу номдор эркин курашчи қўлга киритган овозларининг сони бўйича аллақачон барча рақибларини катта ҳисобдаги фарқ билан ортда қолдириб кетган.

Россия бўйлаб VII чақириқ Давлат Думасига сайловлар 18 сентябр куни бўлиб ўтган, Артур Таймазов унда бир мандатли Шимолий Осетия сайлов округидан, "Единая Россия" партияси номидан иштирок этганди.

Куни-кеча расман эълон қилинган дастлабки ҳисоб-китоблар эркин курашчининг аллақачон 281 186 та овоз тўплашга муваффақ бўлганини кўрсатган.

Худди шу сайлов округидан Артур Таймазовдан кейин энг яхши натижа қайд этиб турган "Справедливая Россия" партияси вакили Гарий Кучиевнинг эса, бор-йўғи 19 623 та овоз олгани маълум бўлган.

"Коммунисты России" партияси номзоди Нугзар Мусульбес учун 7 122 нафар сайловчи овоз берган, холос.

Расмий хабарларга кўра, Россия Давлат Думасига сайловларнинг якуний натижалари 23 сентябр куни эълон қилинади.

Сайловлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сайловларда жаъми 14 та сиёсий партия иштирок этган, улар парламентдаги 450 та ўрин учун кураш олиб боришганди.

Аммо аввалги икки сайловдан фарқли тарзда, депутатларнинг фақат ярми партия рўйхати бўйича сайланиши, қолган 225 та ўрин учун номзодларнинг якка тартибда кураш олиб боришлари хабар берилганди.

Дастлабки ҳисоб-китоблардан эса, Артур Таймазов ҳам намоён этаётган "Единая Россия" партиясининг Шимолий Осетияда жуда яхши натижа қайд этаётгани, аллақачон 70 фоиз сайловчининг дастагини қўлга киритишга муваффақ бўлгани аён бўлган.

Ўзбекистондан мурожаат

Шу йил июл ойи охирларида Ўзбекистон Спорт курашлари ассоцияцияси Россия Давлат Думасига сайловларда Артур Таймазовни қўллаб-қувватлашини сўраб, Шимолий Осетия-Алания республикаси раҳбари вазифасини бажарувчи Вячеслав Битаровга махсус хат билан чиққан.

Кўрсатилган санасидан 26 июл куни ёзилгани маълум бўлган, президенти Салим Абдувалиев ва унинг ўринбосари томонидан имзоланиб, муҳрланган хат ассоцияция расмий веб саҳифасида ҳам чоп этилганди.

Унда Артур Таймазовнинг Ўзбекистон ва Россия спортига, спорт ва маданият соҳасида бу икки давлат орасидаги ҳамкорликка қўшган ҳиссаси юқори баҳоланган, Россия Давлат Думасига сайловларда унинг номзоди қўллаб-қувватлангудек бўлса, бу - мазкур алоқаларнинг янада ривожланишига олиб келиши айтилганди.

Расман эълон қилинган мазкур хат, ўз навбатида, Ўзбекистон Спорт курашлари ассоцияциясининг Россия Давлат Думасига сайловларга аралашаётганига оид баҳоларга ҳам сабаб бўлмай қолмаганди.

Артур Таймазов ва Ўзбекистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Артур Таймазов катта спортдаги фаолияти давомида Ўзбекистон ва жаҳоннинг энг кўп медал олган спортчиларидан бири саналади.

Асли осетиялик эркин курашчи бўлган Артур Таймазов Риодагисига қадар бўлиб ўтган тўртта Ёзги Олимпиада Ўйинларида Ўзбекистонни намоён этган.

Ўзбекистон Ёзги Олимпиада Ўйинларида қўлга киритган энг кўп медаллар ҳам бокс билан бир қаторда айнан кураш спорт тури ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги энг кўп(4 та) олтин медалларни ҳам ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида айнан курашчилари қўлга киритишганди.

Шундан учтасини афсонавий курашчиси Артур Таймазов жамоа ҳисобига келтирганди.

Артур Таймазов эркин кураш бўйича 120 кг вазн тоифасида кетма-кет уч - Афина, Пекин ва Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медаллари соҳибига айланиб, кураш афсонаси сифатида тарихга ҳам кирган.

У ўзининг Лондон Олимпиадасидаги сўнгги ғалабаси билан 33 ёшида юнон-рум кураши бўйича собиқ Шўро курашчиси Александр Карелин ва эркин курашчиси Александр Медведлар билан тарихдаги учта буюк курашчидан бирига айланганди.

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов Лондонда Олимпиада Ўйинларида эришган ютуғи учун Артур Таймазовни "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлашга ҳам қарор қилганди.

Допинг

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Давлат Думасига сайловлар арафасида "FloWrestling" "икки забардаст курашчидан бири қаторида Артур Таймазов ҳам 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиадасида қўлга киритган олтин медалидан мосуво этилиши мумкин"ги хабари билан чиққан.

Уларнинг бу хусусдаги баёнотида бунга 2008 йилги Пекин Ёзги Олимпиада Ўйинларида допинг учун олинган намуналарнинг қайта текширув жараёнида ижобий чиққани сабаб бўлгани айтилганди.

Аммо бу хабарда сўз айнан қандай допинг препарати ҳақида бораётгани тафсилотлари келтирилмаган.

Худди шунинг баробарида сўнгги янгиликни тасдиқлашга муваффақ бўлганини айтаркан, 'FloWrestling' ўз манбасини ҳам очиқламаганди.

Сўнгги янгиликка ҳозирча бу номдор эркин курашчининг ўз муносабати маълум эмас.

Ўзбекистон Спорт курашлари ассоциацияси вакили эса, мазкур хабар ортидан, 30 август куни Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида жорий пайтда бу хусусда расман изоҳ беролмасликларини билдирганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.